Logo

«Ўзбекфилм»нинг 1 млрд сўмлик солиқ қарзи тўланди

Bugun 21:351 daqiqa

Кинематография агентлиги директори Жаҳонгир Аҳмедовнинг маълум қилишича, энди асосий эътибор ходимларнинг 3 миллиард сўмдан зиёд ойлик маош қарзини тўлашга қаратилади.

«Ўзбекфилм»нинг 1 млрд сўмлик солиқ қарзи тўланди © Wikimedia

«Ўзбекфилм» киностудиясининг 1 миллиард сўмдан ортиқ солиқ қарзи тўлиқ қопланди. Шу билан бирга, аукционга чиқарилиши арафасида турган 12 та автомобил ҳам киностудия ихтиёрига қайтарилди.

Бу ҳақда Маданият вазирининг биринчи ўринбосари — Кинематография агентлиги директори Жаҳонгир Аҳмедов маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, энди асосий эътибор ходимларнинг 3 миллиард сўмдан ортиқ тўпланиб қолган иш ҳақи қарзини қоплашга қаратилади.

Аҳмедовнинг таъкидлашича, «Ўзбекфилм» зиммасида 22 миллион евро кредит қарзи сақланиб қолмоқда.

«Киностудияни ўзининг 10 гектарлик ер майдони билан бирга гаровдан озод қилиш, кредит мажбуриятини ҳал этиш бўйича Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда жиддий иш олиб боряпмиз», — дейди у.

Қарзлардан чиқиш бошланди

Жаҳонгир Аҳмедов 20 августда «Ўзбекфилм»да 22,9 миллион евро кредит мажбурияти мавжудлигини айтган эди. Кредит таъминоти сифатида студиянинг мол-мулки, жумладан, ер майдонлари ҳам гаровга қўйилган.

Ўша пайтда қарийб 1 миллиард сўмлик солиқ қарзи туфайли 12 та автомобилнинг 12 кун ичида аукционга қўйилиши хавфи борлиги билдирилган. Ҳозирда бу муаммо бартараф этилган.

Аҳмедовнинг қайд этишича, кейинги вазифа ходимлар олдидаги иш ҳақи қарзини узишдир. Кейин эса киностудияни 10 гектарлик ер майдони билан бирга гаровдан озод қилиш ва кредит мажбуриятини ҳал этиш масаласи турибди.

Teglar

Mavzuga oid