Logo

Ўзбекистон Қирғизистонга ойига 20 минг тоннага яқин нефт маҳсулоти бермоқчи

Bugun 14:172 daqiqa

Қўшни давлатда ҳукумат раҳбари бензин нархи яна ошиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Россиядан ёқилғи етказиб бериш аввалгига нисбатан қийинлашган. Шу боис ҳукумат бир нечта давлатлар билан музокаралар олиб бормоқда.

Ўзбекистон Қирғизистонга ойига 20 минг тоннага яқин нефт маҳсулоти бермоқчи © 24.kg

Қирғизистон Ўзбекистондан ойига 20 минг тоннага яқин нефт маҳсулоти олмоқчи. Бу ҳақда мамлакат Вазирлар Маҳкамаси раиси Одилбек Қосималиев «Кабар» агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Қирғизистон ёқилғи-мойлаш материалларининг 90 фоиздан ортиғини импорт қилади. Шу сабабли ички бозордаги нархлар ташқи бозордаги қийматлар, геосиёсий вазият ва ташиш харажатларига бевосита боғлиқ.

«Ҳозирча нархларни ушлаб турибмиз, аммо улар барибир аста-секин ошиб боради», — деди Қосималиев.

Унинг таъкидлашича, Россиядан ёқилғи етказиб бериш аввалгига нисбатан қийинлашган. Шу боис ҳукумат бир нечта давлатлар билан музокаралар олиб бормоқда ва муқобил етказиб бериш йўлларини изламоқда. Ҳозирда Қирғизистонга ёқилғи Беларусдан ҳам келтирилмоқда. Хитойдан эса биринчи партия — бешта автоцистерна ёқилғи етказиб берилган.

Вазирлар Маҳкамаси ёқилғини темирйўл орқали ташиш имкониятини ҳам муҳокама қилмоқда, чунки автомобиль орқали ташиш харажатлари юқори.

Бундан ташқари, Қирғизистон Ўзбекистон билан ҳам музокаралар олиб бормоқда. Одилбек Қосималиевнинг айтишича, Ўзбекистон томони импорт қилинган нефть ўз заводларида қайта ишлангандан кейин ойига тахминан 20 минг тонна нефть маҳсулотларини етказиб беришга тайёр.

Шунингдек, Туркия ва Европа давлатларидан ёқилғи олиб келиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилмоқда. Бироқ бундай йўналишлар Каспий денгизи ва бир нечта давлатлар ҳудуди орқали ташишни талаб қилади, бу эса ёқилғи нархини сезиларли даражада оширади.

Ҳукумат раҳбари давлат дизель ёқилғиси, суюлтирилган газ ва АИ-92 бензини нархларини субсидия қилаётганини маълум қилди. Бунинг ҳисобига ушбу ёқилғи турлари Ўзбекистон ва Тожикистондаги нархлардан тахминан 20–25 сомга арзон сақланмоқда.

Бироқ давлат бюджети ҳисобидан нархларни доимий равишда қоплаб бориш имкони йўқ, чунки бунинг учун миллиардлаб сом маблағ талаб этилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистонда бензин нархи 9 фоизга ошганди. Аммо нархлар Ўзбекистондагига қараганда пастлигича қолмоқда.

Teglar

Mavzuga oid