Ўзбекистон Қозоғистон ва Хитой билан авиақатновлар сонини оширмоқда
Қозоғистон билан Тошкент — Олмаота ва Тошкент — Остона йўналишларида ҳафталик рейслар 42 тадан 60 тага, Хитой билан авиақатновлар эса 100 тадан 114 тага оширилади.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaЎзбекистон Қозоғистон ва Хитой билан мунтазам авиақатновлар сонини кўпайтиришга келишиб олди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, 3−5-ноябр кунлари Тошкент шаҳрида Марказий Осиё — Хитой (C5+1) фуқаро авиацияси соҳасидаги ҳамкорлик бўйича Ишчи гуруҳининг учинчи йиғилиши бўлиб ўтган.
Унда Ўзбекистон, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон авиация маъмуриятлари ҳамда авиакомпаниялари вакиллари иштирок этган.
Йиғилишда «Ҳаво ипак йўли»ни барпо этиш, ҳаво транспорти бозорини либераллаштириш, қонунчиликни уйғунлаштириш, парвозлар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда соҳага «яшил» ва «ақлли» технологияларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинган.
Авиақатновларни кўпайтириш
Учрашувлар доирасида иштирокчи давлатлар ўртасида авиақатновларни янада кенгайтириш юзасидан икки томонлама музокаралар ҳам ўтказилди. Хусусан, Ўзбекистон ва Қозоғистон авиация маъмуриятлари бир қатор йўналишларда парвозлар частотасини оширишга келишди.
Келишувга мувофиқ, Тошкент — Олмаота ва Тошкент — Остона йўналишларининг ҳар бирида мунтазам парвозлар сони ҳафтасига 42 тадан 60 тагача кўпайтирилади. Қозоғистоннинг бошқа барча йўналишларида эса ҳафталик рейслар сони 14 тадан 20 тагача оширилишига рухсат берилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги мунтазам авиақатновлар сонини ҳафтасига 100 тадан 114 тагача ошириш ҳуқуқи берилди ва эришилган келишувларни мустаҳкамлаш мақсадида тегишли ҳужжатлар имзоланди.
Вазирлик хабарига кўра, бу келишувлар Ўзбекистоннинг халқаро авиация бозоридаги мавқеини мустаҳкамлаб, транспорт-логистика ва савдо-иқтисодий алоқаларни жадаллаштиришга хизмат қилади.
Ишчи гуруҳнинг тўртинчи йиғилишини 2027-йилда Қирғизистонда ўтказиш белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон ва Хитой ўртасида йўловчи ҳамда юк ташиш авиақатновлари кенгайгани хабар қилинганди. Айни пайтда икки давлат ўртасида ҳафтасига 117 та мунтазам рейс амалга оширилмоқда. Бу бир йил аввалги кўрсаткичдан 52 фоизга кўп.





