Logo

Европа Иттифоқи GSP+ қоидаларини ўзгартирмоқда: Ўзбекистон имтиёзларни сақлаб қолиш учун нолегал мигрантларни қайтариши керак бўлади

08.11.2026 | 16:003 daqiqa

Ўзбекистон божхона имтиёзларини сақлаб қолиш учун янгидан ариза топшириши, халқаро конвенциялар ижроси бўйича аниқ режа тақдим этиши ҳамда Европада ноқонуний юрган ўз фуқароларини (мигрантларни) ватанига қайтариш бўйича қатъий ҳамкорлик қилиши шарт бўлади.

Европа Иттифоқи GSP+ қоидаларини ўзгартирмоқда: Ўзбекистон имтиёзларни сақлаб қолиш учун нолегал мигрантларни қайтариши керак бўлади © Sun'iy intelekt

2027 йилдан бошлаб Европа Иттифоқи GSP+ савдо преференциялари тизимининг янги қоидаларини қўллашни бошлайди. Унга кўра, Ўзбекистон имтиёзларни сақлаб қолиш учун қайта ариза топшириши, халқаро келишувларни бажариш режасини тақдим этиши ҳамда нолегал мигрантларни ўз ватанига қайтариш бўйича ҳамкорлик қилиши талаб этилади. Бу ҳақда Тошкентда Европа Иттифоқи делегацияси ва Халқаро савдо маркази (ITC) ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда маълум қилинди.


Қайта ариза топшириш ва мигрантлар масаласи

Жорий GSP+ иштирокчилари, жумладан Ўзбекистон учун 2027–2028 йилларда ўтиш даври белгиланган. Имтиёзлардан 2029 йил 1 январдан кейин ҳам фойдаланишни давом эттириш учун мамлакат 2028 йилнинг 31 декабридан кечиктирмай янги ариза топшириши лозим бўлади.

Янги қоидаларга кўра, савдо имтиёзлари илк бор Европа Иттифоқида ноқонуний юрган фуқароларни (мигрантларни) ўз ватанига қайтариш мажбурияти билан ўзаро боғланмоқда. ЕИ Кенгаши хабарига кўра, ўз фуқароларини қабул қилиш бўйича етарлича ҳамкорлик қилмаган давлатларнинг барча ёки айрим товарлари учун преференциялар вақтинча бекор қилиниши мумкин.

Халқаро конвенциялар ва ҳаракатлар режаси

Европа Иттифоқи бенефициар давлатлар амал қилишини талаб этадиган мажбурий халқаро келишувлар рўйхатини кенгайтирди. Энди уларнинг сони 27 тадан 32 тага етди. Қўшимча қилинган ҳужжатлар орасида ногиронлар ҳуқуқлари, болаларнинг қуролли можароларда иштирок этишига оид протокол, меҳнат инспекцияси ва трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш каби конвенциялар бор (Ўзбекистон бу келишувларнинг барчасига аввалроқ қўшилган).

Энди янги аризага ушбу келишувларни амалга ошириш бўйича устувор чоралар, аниқ муддатлар ва масъул органлар кўрсатилган ҳаракатлар режаси илова қилиниши шарт. GSP+ мақоми берилганидан сўнг, ушбу режа очиқ эълон қилиниши керак.

Экспорт ҳажми ва қатъий назорат механизмлари

ЕИ делегациясининг муваққат ишлари вакили Рената Врубелнинг таъкидлашича, 2024 йилда Ўзбекистоннинг GSP+ доирасидаги экспорти ҳажми 448 миллион еврога етган. Делегация маълумотларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистоннинг имтиёзлардан фойдаланиш даражаси 90 фоизни ташкил этди.

Таққослаш учун, ушбу тизимдан фойдаланувчи бошқа давлатларда бу кўрсаткич ўртача 74 фоизга тенг.

Шунга қарамай, янги регламент доирасида мониторинг ва назорат сезиларли даражада кучайтирилади. Хусусан:

— Мониторинг уч йиллик циклларда олиб борилади ва ҳар бир циклда мамлакатга камида бир марта ташриф буюрилади.
— Атроф-муҳит, иқлим ёки инсон ҳуқуқлари бўйича жиддий ва мунтазам қоидабузарликлар аниқланса, имтиёзлар бекор қилиниши мумкин. Ўта оғир қоидабузарликлар учун тезлаштирилган тартиб жорий этилиб, қарор эълон қилинганидан бир ой ўтибоқ кучга киради.
— Нодавлат ташкилотлар, касаба уюшмалари ва бизнес вакилларидан тушадиган шикоятлар (Single Entry Point механизми) асосида имтиёзларни бекор қилиш масаласи кўриб чиқилиши мумкин.

Бундан ташқари, Европа ишлаб чиқарувчиларини импортнинг кескин ўсишидан ҳимоя қилиш чоралари ҳам кенгайтирилади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импорти устидан кузатув натижаларига кўра имтиёзларни тўхтатиб туриш имкониятлари осонлаштирилади.

Шу билан бирга, преференциялар билан қамраб олинган товарларнинг умумий рўйхати ўзгаришсиз қолади.

Teglar

Mavzuga oid

Европа Иттифоқи GSP+ қоидаларини ўзгартирмоқда: Ўзбекистон имтиёзларни сақлаб қолиш учун нолегал мигрантларни қайтариши керак бўлади | Vaqt.uz