Logo

Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида 30 кунлик визасиз режим жорий этилиши мумкин

Икки давлат фуқаролари учун 30 кунлик визасиз тартиб таклиф этилмоқда. Айни пайтда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида ҳафтасига 14 та рейс амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида 30 кунлик визасиз режим жорий этилиши мумкин © president.uz

Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида 30 кунлик визасиз тартиб жорий этилиши мумкин. Бу ҳақда икки давлат раҳбарларининг музокаралари якунлари бўйича маълум қилинди.

30-август куни Кўксарой қароргоҳида Шавкат Мирзиёев ва Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди музокара ўтказди. Кейинчалик давлат раҳбарлари ОАВ вакиллари билан учрашиб, учрашув якунлари ҳақида фикр билдирди.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг таъкидлашича, 30 кунлик визасиз тартибнинг жорий этилиши икки давлат фуқароларининг ўзаро қатновларини янада фаоллаштириши мумкин. Ҳозирда Ўзбекистон фуқаролари Ҳиндистонга кириш учун электрон виза олиши керак.

Туризмда янги босқич

Томонлар туризм соҳасида ҳам алоқаларни кенгайтиришга келишди. Айни пайтда икки мамлакат ўртасида ҳафтасига 14 марта ҳаво қатновлари амалга оширилмоқда. 30 кунлик визасиз режим билан бирга бу йўналиш сайёҳлик алмашинувини ошириши кутилмоқда.

Музокаралар якунида 2026–2028-йилларга мўлжалланган туризм соҳасидаги ҳамкорлик дастури ҳам имзоланди.

Ўзбекистон Туризм қўмитаси ушбу ҳужжат сайёҳлик алмашинувини кенгайтириш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилишини билдирди.

Ўзбекистонда Ҳиндистоннинг 4 та олийгоҳи фаолият юритмоқда. Лал Баҳодур Шастри ва Маҳатма Ганди номидаги марказлар ҳам ишламоқда.

Мирзиёев Ҳиндистонни жаҳон миқёсида катта обрў ва нуфузга эга ишончли стратегик шерик сифатида баҳолади. Ташриф якунида Қўшма баёнот ва қатор ҳукуматлараро битимлар имзоланди, муносабатлар кенг қамровли стратегик шериклик босқичига кўтарилгани қайд этилди.

Teglar

Mavzuga oid