Logo

Ўзбекистонда аҳолиси энг кам ҳудудлар маълум қилинди

Bugun 12:581 daqiqa

Мамлакатда аҳолиси энг кам бўлган ҳудуд ва энг кўп бўлган ҳудуд орасидаги тафовут қарийб 77 бараварни ташкил этади.

Ўзбекистонда аҳолиси энг кам ҳудудлар маълум қилинди © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Миллий Статистика Қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда доимий аҳолиси энг кам бўлган ҳудуд Навоий вилоятининг Ғозғон шаҳри бўлиб, 2026-йил 1-апрел ҳолатига кўра бу ерда 9,5 минг нафар аҳоли истиқомат қилмоқда.

Аҳолиси энг кам бўлган ҳудудлар рўйхатида Навоий вилоятининг Томди тумани иккинчи ўринни эгаллаган. Туманда 15,3 минг нафар аҳоли яшайди. Кейинги ўринларда Сирдарё вилоятидаги Ширин шаҳри (19,4 минг нафар) ва Бухоро вилоятининг Қоровулбозор тумани (20,7 минг нафар) қайд этилган.

Шунингдек, аҳолиси энг кам ҳудудлар қаторидан Қорақалпоғистон Республикасининг Бўзатов тумани (21,8 минг нафар), Жиззах вилоятининг Янгиобод тумани (30,6 минг нафар), Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ тумани (34,1 минг нафар), Навоий вилоятининг Конимех тумани (36,8 минг нафар), Тахтакўпир тумани (38,9 минг нафар) ҳамда Учқудуқ тумани (39,9 минг нафар) ўрин олган.

Аҳолиси энг кўп ҳудудлар

Мамлакатда энг кўп аҳоли Наманган шаҳрида истиқомат қилади — 731,3 минг киши. Кейинги ўринларда эса Самарқанд шаҳри (607,6 минг киши) ва Ургут  тумани (588,6 минг киши) етакчилик қилмоқда. Андижон шаҳри (506 минг киши), Денов (442,7 минг киши) ва Олмазор (419,6 минг киши) туманлари ҳам мамлакатда аҳоли энг кўп яшайдиган ҳудудлар рўйхатидан жой олган.

Маълумот учун, 2026-йил 1-апрел ҳолатига кўра Ўзбекистон доимий аҳолиси қарийб 38,4 миллион кишига етган.

Teglar

Mavzuga oid