Қашқадарёда табиатга 480 млн сўмдан ортиқ зарар етказилди
Кўмир конига йўл қуриш давомида 33 туп дарахт ва қарийб 3 минг туп бута илдизи билан қўпорилган. Ҳолат юзасидан корхона раҳбари ва бошқа шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
© uzaҚашқадарё вилояти Яккабоғ туманидаги Зармас кўмир конига йўл қуриш жараёнида дарахт ва буталар ноқонуний равишда илдизи билан қўпориб ташланган. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, йўл қурилиши давомида 24 туп Зарафшон арчаси, 9 туп учқат дарахти ва қарийб 3 минг туп бута йўқ қилинган. Табиатга етказилган зарар 480 млн сўмдан ортиқ деб баҳоланган.
Текширув давомида мазкур ҳудудда ноқонуний кўмир қазиб олиш ҳолати ҳам аниқланган. Хусусан, хусусий корхона мансабдор шахслари фақат геологик ўрганиш учун берилган рухсатнома асосида Зармас конидан кўмир қазиб олиб, уни сотиш билан шуғулланган.
Корхона ходими 500 тонна кўмирни 350 млн сўмга сотишга келишган. У келишилган маблағнинг 50 млн сўмини олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳолат юзасидан корхона раҳбари ва бошқа шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 229-моддаси (ўзбошимчалик) ҳамда 198-моддаси 3-қисми (ўсимликларни қасддан шикастлантириш ёки нобуд қилиш орқали кўп миқдорда зарар етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.





