Ўзбекистонда сўмдаги омонатлар ставкалари бир йил ичида 2 фоиздан кўпроққа пасайди
Сентябр ойида сўмдаги омонатлар ставкалари июль-август ойларидаги пасайишдан сўнг барқарорлашди. Бироқ валютадаги депозитлар даромадлилиги, айниқса, бизнес сегментида сезиларли пасайди.
© Ijtimoiy tarmoqlarЎзбекистонда миллий валютадаги омонатлар бўйича фоиз ставкалари ўтган йилга нисбатан 2 фоиз пунктдан кўпроққа пасайди. Бу ҳақда Марказий банк маълум қилди.
Сентябр ойи якунларига кўра, сўмдаги омонатларнинг ўртача даромадлилиги 17,2 фоизни ташкил этди. Мазкур кўрсаткич август ойидаги ҳолат билан бир хил бўлса-да, йиллик ҳисобда 2,1 фоиз пунктга, 2026-йил бошидан бери эса 1,7 фоиз пунктга камайган.
Хусусан, бир йилгача бўлган муддатли омонатлар ставкалари 14,2 фоизни ташкил қилиб, ўтган йилга нисбатан 3,4 фоиз пунктга пасайган. Узоқ муддатли омонатлар бўйича ставкалар эса 18,1 фоизга етди.
Аҳоли ва бизнес учун ставкалардаги ўзгаришлар
Аҳоли учун таклиф этилаётган миллий валютадаги омонатларнинг ўртача фоиз ставкаси 18,4 фоизни ташкил этди. Бу ўтган йилги даражадан қарийб 3 фоиз пунктга пастдир. Юридик шахслар учун омонатлар бўйича ўртача фоиз ставкаси эса апрелдан бери илк бор тушиб, 15 фоизни ташкил қилди (йиллик ҳисобда 2,1 фоиз пунктга камайган).
Марказий банк маълумотларига кўра, инфляцион кутилмалар ҳисобга олинган ҳолда, сўмдаги омонатларнинг реал даромадлилиги 8,9 фоизга етиб, янги юқори кўрсаткични қайд этган. Юридик шахслар омонатларининг реал даромадлилиги эса 5,3 фоиз даражасида сақланиб қолди.

Хорижий валютадаги депозитлар даромадлилиги
Валютадаги омонатлар бўйича фоиз ставкалари 5,5 фоизгача кўтарилганидан сўнг яна июл ойидаги 4,4 фоиз даражасига қайтди. Регуляторнинг қайд этишича, бунга асосан қисқа муддатли депозитлар ставкаларининг қарийб икки баравар пасайиб, 2,6 фоизга тушиши сабаб бўлган.
Жисмоний шахсларнинг хорижий валютадаги омонатлари бўйича ставкалар август ойидаги даражада — 5,4 фоизда қолди. Бироқ, бизнес учун валютадаги омонатларнинг даромадлилиги 2,8 фоизгача тушиб кетди. Бу ўтган йилнинг октябрь ойига нисбатан 2,3 фоиз пунктга кам ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистондаги банк кредитларининг 45 фоизи ва депозитларининг 76 фоизи Тошкент шаҳрига тўғри келаётгани ҳақида хабар берилганди.





