9 ойда савдо хизматлари ҳажми 235 трлн сўмдан ошди
Ўзбекистонда 2026-йилнинг январ-сентябр ойларида савдо хизматлари ҳажми 17,4 фоизга ўсди. Ҳудудлар кесимида пойтахт етакчилик қилмоқда.
© Ijtimoiy tarmoqlar2026-йил январ–сентябр ойларида Ўзбекистонда савдо хизматлари ҳажми 235,3 трлн сўмни ташкил этди. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 17,4 фоизга юқори.
Савдо хизматлари ҳажмининг энг катта қисми Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келган. Пойтахтда ушбу кўрсаткич 95,2 трлн сўмга етган.
Бу республика бўйича жами савдо хизматларининг қарийб 40,5 фоизини ташкил қилади. Яъни мамлакатда кўрсатилган ҳар 100 сўмлик савдо хизматининг 40 сўмдан ортиғи Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келган.
Ҳудудлар орасида кейинги ўринларни Тошкент вилояти 20,7 трлн сўм, Самарқанд вилояти 17,8 трлн сўм ва Фарғона вилояти 17 трлн сўм билан эгаллаган.
Ҳудудлар ўртасидаги фарқ
Савдо хизматлари ҳажми бўйича Андижон вилоятида 13 трлн сўмлик кўрсаткич қайд этилган. Бухоро вилоятида бу рақам 12 трлн сўм, Наманган вилоятида 11,8 трлн сўмни ташкил қилган.
Қашқадарё вилоятида савдо хизматлари ҳажми 10,4 трлн сўмга етган. Сурхондарё вилоятида 9,3 трлн сўмлик хизмат кўрсатилган.
Қорақалпоғистон Республикасида ушбу кўрсаткич 6,6 трлн сўм, Хоразм вилоятида 6,4 трлн сўм бўлган. Жиззах вилоятида 6 трлн сўм, Навоий вилоятида эса 5,6 трлн сўм қайд этилган.
Сирдарё вилояти 3,3 трлн сўмлик савдо хизматлари ҳажми билан ҳудудлар орасида охирги ўринни эгаллаган. Бу Тошкент шаҳри кўрсаткичидан қарийб 29 баравар кам.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда хизматлар соҳаси ҳажми квадриллион сўмдан ошгани, энг юқори кўрсаткич эса савдо соҳасига тўғри келгани ҳақида маълумот берилганди.





