Logo

Халқнинг боши қотди — ҳафта дайжести

07.11.2026 | 22:1910 daqiqa

«Imarat Development»нинг маблағлари «бошқа мақсадларга йўналтирилгани» иддао қилинди. Суюлтирилган газнинг нархи ошадиган бўлди. «Оқ олтин» борасида рекорд ўрнатилди. Шу ва бошқа янгиликлар билан Vaqt.uz дайжестида танишинг.

Бир ҳафтада 18 киши ис газидан ҳалок бўлди. Суюлтирилган газ нархи 2,5 баробар ошиши эълон қилинди. Мобил радарлар бўйича қоидалар ўзгарди, талабаларни эса шубҳали иловаларни ўрнатишга мажбурлашгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Булар — ноябр ойининг илк ҳафтасида Ўзбекистонда муҳокама қилинган воқеаларнинг айримлари. Ҳафтанинг энг муҳим янгиликлари — Vaqt.uz дайжестида.

Ўзбекистонда ноқонуний сотилган иситиш қозонлари 18 кишининг умрига зомин бўлди

Германияда утилизацияга топширилган Vaillant русумли иситиш қозонлари Ўзбекистонга ноқонуний олиб кирилиб, таъмирланган ва янги деб сотилган. Фожиа оқибатида 18 киши ис газидан вафот этди. Фарғона вилояти ФВБ маълумотига кўра, эски қозонлар асл дудбуронсиз олиб кирилиб, уларнинг ўрнига юқори ҳароратга чидамсиз канализация қувурлари ўрнатилган. Оқибатда газ чала ёниб, хавфли ис гази ажралиб чиққан.

25-октябр куни Фарғона туманининг Чимён қишлоғида бир оиланинг 7 аъзоси, шу куни Тошкентда 6 киши, 1-ноябр куни эса Қўқонда 5 киши ҳалок бўлган. ФВБ бундай қозонларни ўрнатган фуқароларни улардан фойдаланишни дарҳол тўхтатишга ва мутахассисларга мурожаат қилишга чақирди.

Бошқа иситиш қурилмаларининг ҳам хавфсизлиги ва фойдаланишга яроқлилигини текширтириш тавсия этилди.

Қиш мавсумида қўлбола иситиш анжомларидан фойдаланманг, ўзингиз ва оилангизни эҳтиёт қилинг.

«Imarat Development» асосчиси Марат Ҳамдамов қамоққа олинди

Ўтган ҳафта ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинган «Imarat Development» атрофидаги можаро янги босқичга чиқди. Компания асосчиси Марат Ҳамдамовга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ҳамда 192-11-моддаси (нодавлат ташкилот мансабдор шахсининг ваколатларини суиистеъмол қилиши) бўйича жиноят иши қўзғатилган. 2-ноябр куни суд унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чорасини қўллади. 5-ноябр куни Ҳамдамовнинг турмуш ўртоғи, дизайнер ва актриса Шаҳзода Муҳаммедова видеомурожаат билан чиқди. У турмуш ўртоғини ҳимоя қилиб, компаниядаги келишмовчиликлар ҳақида гапирди ва унинг шериги Жасур Азизовга нисбатан жиддий айбловларни илгари сурди.

Шунингдек, Марат Ҳамдамов, Жасур Азизов ва бошқа иштирокчилар ўртасидаги суҳбатлардан аудиоёзувларни эълон қилди.

Муҳаммедованинг даъво қилишича, Жасур Азизов ва компания молиячиси сифатида тилга олинган Ҳилола исмли шахс компания маблағларини бошқа мақсадларга йўналтирган. У пулларнинг бир қисми Азизовнинг қариндошлари ҳисоб рақамларига ўтказилганини ҳам айтди.

Муҳаммедова бу ҳолатларга оид далиллар, жумладан, аудиоёзувлар Тошкент шаҳар ИИББга топширилганини билдирди. Компания атрофидаги можаронинг бошқа тафсилотларини Vaqt.uz тайёрлаган таҳлилий видеода томоша қилишингиз мумкин.

100 минг доллар пора

Ҳаётингиз бино бўлиб, 10 минг долларни қўлингизда ушлаб кўрганмисиз, йўқми, билмадим-у, лекин Фарғонада Бош прокуратура департаменти терговчиси 100 минг доллар пора олишда гумонланиб ушланди. Фарғонада Бош прокуратуранинг Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти шаҳар бўлими терговчиси ушланди. У жиноят иши бўйича зарар миқдорини камайтириш ва қидирувни бекор қилиш эвазига 100 минг доллар олганликда гумонланмоқда.

У Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш) билан қўзғатилган жиноят иши доирасида олиб борилаётган тергов ҳаракатларини айбланувчи фойдасига ҳал қилиш ва етказилган зарар миқдорини камайтиришни ваъда қилган.

Суюлтирилган газ нархи 2,5 баробар ошади

Суюлтирилган газ ишлатадиганлар, чўнтагингизни бақувват қилинг! 15-ноябрдан Ўзбекистонда аҳоли учун суюлтирилган газ нархи бир килограмм учун 2 минг сўмдан 5 минг сўмгача ошади. Стандарт 20 килограммлик газ баллонининг нархи 40 минг сўмдан 100 минг сўмга кўтарилади. Бу ҳукуматнинг 31-октябрдаги қарорида белгиланди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга эса газ харажатининг бир қисмини қоплаш учун ойига 60 минг сўмгача компенсация берилади. Ҳар бир килограмм газ учун 3 минг сўм ҳисобида, ойига кўпи билан 20 килограмм газ хариди қопланади. Маблағлар ижтимоий картага ўтказилади.

Компенсация Ижтимоий реестрга киритилган оилалар, даромади белгиланган мезонлардан ошмайдиган эҳтиёжманд оилалар, шунингдек, етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар яшайдиган оилаларга берилади. Аризани Давлат хизматлари маркази, «Инсон» маркази, маҳалладаги ижтимоий ходим, my.gov.uz ёки «Ижтимоий карта» иловаси орқали топшириш мумкин. Хизмат бепул.

Ҳукумат нарх ошишини аҳолини газ билан ўз вақтида таъминлашдаги муаммолар билан изоҳлаган. Маълумотларга кўра, газ баллонларини етказиб бериш оралиғи айрим ҳудудларда 50–70 кундан ошиб кетган. Шу сабабли айрим оилалар газни бозордан килограммини 11 минг–13,5 минг сўмдан сотиб олишга мажбур бўлган.

Мобил радарлар учун огоҳлантирувчи белгилар талаби бекор қилинди

Ҳайдовчилар диққатига! Бу хабар сизни хурсанд қилмаслиги мумкин, лекин Ўзбекистонда мобил радарлар борлигини махсус йўл белгиси орқали олдиндан кўрсатиш талаби бекор қилинди. Энди «Радар» белгиси фақат тезликни назорат қилувчи стационар радарлар олдига ўрнатилади. Белги радардан 250–500 метр масофада бўлиши керак. Мазкур қарор билан, шунингдек, 1-ноябрдан бошлаб чорраҳагача 50 метр ҳамда қайрилиб олиш жойларигача 20 метр масофада 1.1 (бир яхлит) ва 1.3 (иккита яхлит) йўл ётиқ чизиқларини босиб ҳаракатланган ҳайдовчиларга йўл-патрул хизмати инспекторлари томонидан маъмурий баённома расмийлаштирилиши бекор қилинди.

Бироқ қарама-қарши йўналишдаги транспорт оқимларини ажратиб турувчи 1.1 ва 1.3 чизиқларини босиб ўтиш ҳолатлари бундан мустасно. Бундай қоидабузарликлар кузатилганда, инспекторлар баённома расмийлаштиришга ҳақлидир. Бундан ташқари, ҳукумат қарорига асосан, хусусий радарлар хавфсизлик камарини тақмаган ҳайдовчиларнинг қоидабузарлигини ҳам қайд этишига рухсат берилди. Бунинг учун хусусий радарлар томонидан олинган фотосуратлар юқори сифатли бўлиши, уларда ҳайдовчининг юзи ва хавфсизлик камарини таққан ёки тақмагани аниқ акс этиши шарт қилиб белгиланди.

Тошкентдаги турнирга келган қозоғистонлик футболчилар заҳарланди

Тошкентдаги «Do‘stlik Cup 2026» халқаро футбол фестивалига келган Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятидан 11 бола ва 6 нафар катта ёшли киши овқатдан заҳарланиш аломатлари билан шифохонага ётқизилди. Жами 19 киши тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Спортчилардан бирининг онаси Гулнурнинг айтишича, аломатлар 30-октябр куни нонуштадан кейин бошланган. Болаларда иситма, ич кетиши ва қайт қилиш кузатилган. Ота-оналар заҳарланишга меҳмонхонадаги таомлар сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Бироқ аниқ сабаб ҳозирча маълум эмас.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги фуқароларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилаётгани, дипломатлар уларнинг яқинлари билан алоқада эканини билдирди. Беморларнинг аҳволи барқарор. Соғлиғи имкон берган иштирокчиларни самолётда Қозоғистонга қайтариш ташкил этилмоқда. Мусобақа ташкилотчилари ҳодиса юзасидан узр сўраб, ҳолатга ойдинлик киритиш учун чоралар кўрилаётганини маълум қилган. Турнирнинг биринчи босқичи тақдирлаш маросими бекор қилинган, иккинчи босқич тақдири эса кўриб чиқилмоқда. Кўча-кўйда овқат еганда ҳушёр бўлинг.

Йўл бор, «тротуар» йўқ: пиёдалар қаердан юрсин?

Янги йўллар қуриляпти, асфалт ётқизиляпти, аммо пиёдалар учун «тротуар»лар унутилмоқда. Бу масала Сенатда кескин танқид қилинди. Сенатор Рустам Калонов айрим ҳудудларда йўл қуриб битказилган бўлса-да, унинг икки четида пиёдалар йўлаги йўқлигини айтди. Одамлар эса тупроқдан юришга мажбур. Бу, айниқса, болали оналар, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун жиддий муаммо туғдирмоқда.

Муҳокамада йўл қурилишидаги коррупция ҳолатлари ҳам танқид қилинди. Сенатор асфалт ётқизиш ортидан ноқонуний бойиш ҳолатларига эътибор қаратди. Сиз яшайдиган ҳудудда пиёдалар йўлаклари талабга жавоб берадими?

Ноябр ойининг илк ҳафтасида президент нималар билан банд бўлди?

Ҳафтaнинг биринчи куни — 2-ноябрда президент Шавкат Мирзиёев меҳнат миграцияси ҳамда хорижда ишлаш истагидаги аҳолини тил ва касбларга мақсадли ўқитиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. Бу йиғилишда хорижда ишлаётган фуқароларнинг даромадини ошириш, касб ва тил ўргатиш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда қайтган мигрантларни иш билан таъминлаш масалалари кўтарилди.

Йиғилишдаги биринчи масала — мигрантларнинг даромади бўлди. Президентнинг маълум қилишича, сўнгги 10 йилда хорижда ишлаётган ўзбекистонликлар сони икки баробар камайган, аммо уларнинг оилаларига юбораётган маблағлари тўрт карра ошган. Ҳозирда пул ўтказмалари 20 миллиард доллардан ортиқ. Давлат раҳбари бу кўрсаткични 50 миллиард долларга етказиш вазифасини қўйди. Шунингдек, ўзбекистонликлар хорижда камида 2 минг доллар даромад топиши кераклигини таъкидлади.

Ҳудудлар ўртасидаги фарқ ҳам катта экани таъкидланди. Фарғонада хорижда ишлаётган бир кишига тўғри келадиган ўртача ойлик пул ўтказмаси 1850 долларни ташкил этса, Қорақалпоғистон ва Тошкент вилоятида бу кўрсаткич 400 долларга ҳам етмайди. Президент фуқароларни юқори даромадли ишларга тайёрлаш зарурлигини таъкидлади.

Шунингдек, хорижда талаб юқори, аммо малакали кадрлар етишмаслиги, мигрантларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди. 2026-йилда Германиядан 45 минг мутахассисга талаб тушган бўлса-да, амалда атиги 2 минг киши ишга жойлаштирилган. Бунга асосий тўсиқлардан бири немис тилини биладиган кадрлар етишмаслиги экани айтилди. Шу сабабли 2027-йилда барча ҳудудларда миграция марказлари ташкил этилиши, ҳар бирига 8 миллиард сўмдан ажратилиши режалаштирилмоқда. Германияда ишлаш учун талаб юқори бўлган касблар ва немис тили бўйича 10 минг мутахассис тайёрлаш вазифаси ҳам қўйилди.

Президент элчилар ва ҳокимлар фаолиятини танқид қилиб, фуқароларни хорижга ишга жойлаштириш бўйича ишларни кучайтиришни талаб қилди. Унинг таъкидлашича, элчихоналар фақат иш топишга ёрдам бериш билан чекланмаслиги, балки фуқаролар хорижга етиб борганидан бошлаб ишга жойлашиши ва янги мамлакатга мослашгунига қадар уларга кўмаклашиши керак. Шунингдек, мигрантлар оилаларининг фаровонлиги, ота-оналарининг яшаш шароити ва фарзандларининг таълимига эътибор қаратиш топширилди.

Йил бошидан буён Ўзбекистонга хориждан 1 миллион 116 минг фуқаро қайтиб келган. Уларнинг орасида саноат, қурилиш, логистика ва бошқа соҳаларда тажриба орттирган мутахассислар бор. Уларнинг касби, аввалги иш жойи ва хориждаги меҳнат стажи ҳақидаги маълумотларни жамлайдиган ягона платформа яратиш режалаштирилмоқда. Бу орқали қайтган фуқароларни маҳаллий корхоналардаги мос иш ўринларига йўналтириш кўзда тутилган.

Президент Бухорога борди

Президент Шавкат Мирзиёев 3-ноябр куни Бухоро вилоятига борди. Ташриф Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилишдан бошланди. Мақбарада Қуръон тиловат қилиниб, халққа тинчлик ва фаровонлик тилаб дуо қилинди. Ҳар куни ўртача 15 мингга яқин киши зиёрат қиладиган Баҳоуддин Нақшбанд меъморий мажмуаси «Ипак йўли: Зарафшон – Қорақум коридори» таркибида UNESCO Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Икки кунлик ташриф давомида президент тарихий меросни асраш, туризм инфратузилмасини ривожлантириш, саноат ва қишлоқ хўжалиги лойиҳалари билан танишди. Шунингдек, янги лойиҳаларни ишга тушириш ва вилоятни комплекс ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Шунингдек, давлат раҳбари Конгресс-холл мажмуаси ва иккита меҳмонхона қурилишини кўздан кечирди. Ташриф давомида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини 328 миллион долларга модернизация қилиш лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.

Энг муҳим янгиликлардан бири — Самарқанд ва Бухоро ўртасида пулли автомобил йўли қурилиши режалаштирилмоқда. Бу йўл икки шаҳар орасидаги сафар вақтини ҳозирги беш соатдан бир ярим соатгача қисқартириши кутилмоқда. Келаси йили М-37 автомобил йўлининг вилоят ҳудудидаги 69 километри янгиланади, Бухоро шаҳри атрофида эса 4,5 километрлик айланма йўл қурилади. Самарқанд–Бухоро йўналишида тезюрар поезд учун янги темирйўл линияси ҳам режалаштирилган.

Йиғилишда вилоятдаги бандлик ва аҳоли даромадлари масаласи ҳам кўтарилди. Бухородан 99 минг фуқаро меҳнат миграциясида, хориждан қайтган 24 минг киши эса ҳали иш топмаган. Яна 270 минг нафар аҳолининг даромади ўртача кўрсаткичдан паст.

«Хавфсиз талаба» можароси: декан ишдан олинди

Ўзбекистондаги бир нечта олий таълим муассасаларида талабалардан «Хавфсиз талаба» иловасини ўрнатиш талаб қилинаётгани, айрим ҳолларда эса иловани ўрнатмаганлар дарсга киритилмаётгани ҳақидаги хабарларга кўзингиз тушдими?

3-ноябр куни журналист Муҳрим Аъзамхўжаев ўзининг Telegram каналида талабалардан келган видеони эълон қилиб, Жаҳон тиллари университетида «Хавфсиз талаба» иловасини ўрнатмагунча талабалар дарсларга киритилмаётганини ёзди.

Кейинроқ ОАВларда талабалар 3-ноябр куни университет эшиги олдида ушлаб қолиниб, ушбу иловани мажбуран ўрнатишгани ҳақида хабарлар тарқалди. Шу сабаб дарсга кеч қолган талабаларга «нб» қўйилган. Дарс ўртасида декан, декан муовини ва тюторлар кириб, иловани ўрнатмаган талабаларни турғизиб, ўрнатишни рад этишса, дакки бергани хабар қилинди.

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабалари эса бир неча ҳафтадан буён қандайдир APK иловасини ўрнатишга мажбурланаётганини маълум қилишди.

Таълим ва илм-фан вазирлиги ҳолатга муносабат билдириб, мазкур масала назоратга олинганини маълум қилди. «Хавфсиз талаба» можароси ортидан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Таржимонлик факултети декани Улуғбек Йўлдошев лавозимидан озод этилди.

Ўзбекистонда илк бор 5 миллион тоннадан ортиқ пахта йиғилди

Талаба бўлган вақтингизда пахта даласига олиб боришганми, пахта териб кўрганмисиз? Агар «ҳа» деб жавоб бераётган бўлсангиз, бу ишнинг машаққатини яхши биласиз. Ўзбекистонда илк бор бу йил 5 миллион тоннадан ортиқ пахта терилди.

Шавкат Мирзиёев пахтакорларни тарихий натижа билан табриклади. Бу йил мамлакатда илк бор 5 миллион тоннадан ортиқ пахта йиғилиб, ўртача ҳосилдорлик гектарига 56 центнерга етганини маълум қилди.

Президент табригида келтирилишича, мавсум давомида қарийб мингта фермер хўжалиги ва кластер 100 центнерлик маррани эгаллаган. Айрим хўжаликларда ҳосилдорлик гектарига 110 центнерга етган. Қорақалпоғистонда эса ҳосилдорлик 10–15 центнерга ошиб, 400 минг тоннадан ортиқ пахта йиғилган. Бу йилги ҳосилнинг 85 фоизи 3 мингдан ортиқ пахта териш машинаси ёрдамида 30–35 кун ичида териб олинган. Жиззах ва Сирдарё вилоятларида терим тўлиқ механизациялаштирилган.

Президент маълумотига кўра, фермерлар бу йил пахтадан 13–14 триллион сўм соф фойда олиши кутилмоқда. Келгуси йилда эса мамлакат бўйича ўртача ҳосилдорликни гектарига 65–70 центнерга етказиш вазифаси белгиланган. Нима деймиз, ҳосилимиз мўл бўлсин.

Олий суд раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилди

2025-йил сентябр ойидан буён Ўзбекистон Олий суди раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Алишер Усмонов бу ҳафтада лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнига Фаррух Абдураимов сайланди.

Сенат Кенгашининг 3-ноябр куни бўлиб ўтган мажлисида Фаррух Сойибжонович Абдураимов Олий суд раисининг биринчи ўринбосари — судлов ҳайъати раиси лавозимига беш йил муддатга сайланган. Алишер Усмонов эса ушбу лавозимдан озод этилган.

Teglar

Feruza Najmiddinova

Feruza NajmiddinovaMaqolalar soni: 20

Barchasi

Mavzuga oid

Халқнинг боши қотди — ҳафта дайжести | Vaqt.uz