Ўзбекистондаги банклар ўртасида нақд пул тақсимоти электрон тизимга ўтказилади
Электрон тизим орқали ортиқча нақд пулга эга банклар маблағларини бошқа банкларга таклиф қилиши, пулга эҳтиёжи бор банклар эса электрон талабнома юбориши мумкин.
© ijtimoiy tarmoqlarЎзбекистонда банклар томонидан нақд пул билан ишлаш, банкнот ва тангаларни муомалага чиқариш ҳамда банклар ўртасида пул маблағларини тақсимлашнинг янги тартиби белгиланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, «Ўзбекистон Республикасида банклар томонидан нақд пул муомаласига доир ишларни ташкил этиш тўғрисидаги йўриқнома» 2026-йил 17-ноябрда 3977-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган.
Ҳужжат банкларни нақд пул билан таъминлаш, аҳоли ва тадбиркорлик субектларига нақд пул бериш, банкнот ва тангаларни муомалага чиқариш, шунингдек, банклар ўртасида нақд пул маблағларини тақсимлаш тартибини белгилайди.
Электрон тақсимот ва ойлик прогнозлар
Янги тартибга мувофиқ, энди банклар ўртасида нақд пул тақсимоти «Нақд пулларнинг электрон майдони» дастурий мажмуаси орқали электрон шаклда ташкил этилади. Ушбу тизим орқали ортиқча нақд пулга эга банклар бошқа банкларга маблағ таклиф қилади, нақд пулга эҳтиёжи бўлган банклар эса электрон талабнома юборади. Нақд пуллар банклар ўртасида инкассатсия хизмати орқали етказиб берилади.
Шунингдек, йўриқномага кўра, банклар ҳар ойда нақд пул кирими ва чиқими бўйича прогноз тайёрлаши шарт. Ушбу прогнозлар тегишли ой бошланишидан камида 3 банк иш куни олдин электрон шаклда тақдим этилади. Қайд этилишича, бу тартиб банк тизимида нақд пулга бўлган эҳтиёжни олдиндан аниқлаш ва маблағларни тақсимлаш жараёнини режалаштиришга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ молиявий муаммога учраган банкларни сақлаб қолиш тартиби белгилани ҳақида маълумот берилганди.





