Logo

Энди фуқаролар иш ҳақини ўзлари танлаган банк картасига олиши мумкин

Марказий банк ходимларга иш ҳақи, мукофот пули ва бошқа тўловларни иш берувчига хизмат кўрсатувчи банкдан қатъи назар, ўзлари танлаган банк картаси ёки электрон ҳамёнига олиш имконини берувчи «Маблағларни тақсимлаш маркази» тизимини жорий этмоқда.

Энди фуқаролар иш ҳақини ўзлари танлаган банк картасига олиши мумкин © vaqt.uz

Ўзбекистонда ходимлар иш ҳақи ва мукофот пулларини иш берувчи хизмат кўрсатаётган банкдан қатъи назар, ўзи танлаган банк картаси ёки электрон ҳамёнига олиш имкониятига эга бўлди. Марказий банк ходимларга иш ҳақи, мукофот пули ва бошқа тўловларни иш берувчига хизмат кўрсатувчи банкдан қатъи назар, ўзлари танлаган банк картаси ёки электрон ҳамёнига олиш имконини берувчи «Маблағларни тақсимлаш маркази» тизимини жорий этмоқда.

Шу вақтгача ходимлар маош олиш учун ташкилотнинг «иш ҳақи лойиҳаси» юритиладиган банкдан алоҳида янги карта очишга мажбур эди. Натижада фуқаро бошқа банк картасига эга бўлса-да, маблағларни бир картадан иккинчисига ўтказиб юришга тўғри келарди. Янги тизим бу мажбуриятни бекор қилиб, фуқарога ўзи учун қулай банкни танлаш ҳуқуқини беради.

Тизимнинг биринчи версияси хусусий сектор ташкилотлари ва уларнинг ходимларига мўлжалланган бўлиб, пул ўтказиладиган карта ёки электрон ҳамён фақат ходимнинг ўз номига расмийлаштирилган бўлиши талаб этилади.

Ягона реестр ва маълумотлар хавфсизлиги

Жараён ходимлар учун қўшимча бюрократиясиз ишлайди. Фуқаро ўз картаси ёки электрон ҳамёни реквизитларини иш берувчининг бухгалтериясига тақдим этиши кифоя, тизимда алоҳида рўйхатдан ўтиш сўралмайди. Ходим исталган вақтда реквизитларини ёки хизмат кўрсатувчи банкини ўзгартириши мумкин.

Ташкилот турли банклардан фойдаланувчи ходимлари учун ягона тўлов реестрини шакллантириб, ўз банкига юборади. Банк ҳужжатни электрон рақамли имзо билан тасдиқлаб, Марказга йўналтиради. Марказ эса қабул қилувчининг реквизитлари ва идентификатсия маълумотларини Марказий банк базаси орқали текшириб, пулларни тегишли банкларга тақсимлайди.

Маълумотлар ёпиқ банк тармоғи орқали узатилади. Агар реквизитларда хатолик аниқланса, реестр тузатиш учун ортга қайтарилади, бу эса пулларнинг нотўғри манзилга кетиши хавфини олдини олади.

Мазкур тизим Президентнинг 2025 йил 27 ноябрдаги ПҚ–359-сон қарори доирасида амалиётга татбиқ этилмоқда. Ушбу ўзгариш банклар учун мижозларни иш берувчига боғланмаган ҳолда жалб қилиш орқали хизмат сифати рақобатини кучайтириш, ташкилотларнинг эса иш ҳақи тарқатишдаги шартномалар юкини қисқартириш мақсадини кўзда тутади.

Teglar

Mavzuga oid