Logo

Прокурор 6 йил сўради, ҳимоячилар ишнинг «сиёсий» экани ҳақида гапирди — Сирожиддин Одилов судидан репортаж

Bugun 16:101 daqiqa

Кеча, 24 сентябрь куни Жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман судида блогер Сирожиддин Одилов устидан суд мажлиси давом эттирилди. Судья Абдуманнон Шайдоев раислигида ўтаётган жараённинг кечаги кунида давлат айбловчиси Маъруф Худойбердиев ҳамда судланувчи Одиловнинг ҳимоячилари ўз музокара нутқларини сўзладилар.

Музокарани бошлаган прокурор Одиловга қўйилган айбловлар суд тергови ва томонларни юзлаштириш давомида тўлиқ ўз тасдиғини топганини таъкидлаб, унга нисбатан жазоларни узил-кесил қўшиш йўли билан 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашни сўради ва нутқидан сўнг зални тарк этди.

Ўз навбатида, Одиловнинг адвокатлари ва жамоат ҳимоячилари судланувчининг мутлақо айбсиз эканини билдириб, иш ортида аниқ сиёсий мотивлар турганини таъкидлашди. Хусусан, жамоат ҳимоячиси Абдураҳмон Ташанов блогернинг қўлга олиниши Фарғоналик ўқитувчи «Гулираъно Қосимова иши» бўйича судларни фаол ёритгани билан боғлиқлиги ва бу ҳақда аввалдан огоҳлантириш бўлганини маълум қилди.

Ҳимоя томони, шунингдек, тергов жараёнида йўл қўйилган қатор жиддий қонунбузарликлар — тинтувнинг ноқонуний ўтказилгани, адвокатлар ҳуқуқи чеклангани ва гувоҳларнинг ишга топшириқ асосида жалб этилганига эътибор қаратиб, судьядан Одиловни тўлиқ оқлаш ҳамда реабилитация қилишни сўради.

Томонлар музокараси якунлангач, судья ишда номаълум муддатга танаффус эълон қилди. Навбатдаги мажлисда Одиловнинг музокара сўзи тингланиб, ҳукм чиқариш учун суд маслаҳатхонага кириши кутилмоқда.

Teglar

Ilyos Safarov

Ilyos SafarovMaqolalar soni: 141

Barchasi

Mavzuga oid