Logo

«Ўзбекистон ўз танловини амалга оширди — бу очиқлик». Саида Мирзиёева БМТ Бош Ассамблеясида нутқ сўзлади

Bugun 09:324 daqiqa

Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева БМТ минбаридан туриб, Ўзбекистон 2035–2036 йилларда Хавфсизлик кенгашининг доимий бўлмаган аъзолигига ўз номзодини илгари сураётганини эълон қилди.

«Ўзбекистон ўз танловини амалга оширди — бу очиқлик». Саида Мирзиёева БМТ Бош Ассамблеясида нутқ сўзлади © BMT

АҚШнинг Ню-Йорк шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 81-сессияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева БМТ минбаридан нутқ сўзлади. Маъруза давомида Ўзбекистоннинг 2035–2036 йилларда БМТ Хавфсизлик кенгашига доимий бўлмаган аъзоликка номзоди илгари сурилиши эълон қилинди ҳамда ташкилотни замонавий талабларга мослаштириш зарурлиги таъкидланди.

«Бизнинг танловимиз — очиқлик ва инсон қадри»

Глобал кескинлик ва урушлар фонида давлатлар муайян танлов қаршисида қолаётганини таъкидлаган Саида Мирзиёева, Ўзбекистоннинг позициясига ҳам тўхталиб ўтди.

«Бугун инсоният осон бўлмаган даврни бошидан кечирмоқда. Бутун дунёда урушлар давом этяпти. Сиёсий кескинликлар кучайиб, ўзаро ишонч йўқолмоқда. Тенгсизлик ортиб боряпти. Шундай бир вақтда мамлакатлар танлов қаршисида турибди. Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистон ўз танловини амалга оширди — бу очиқлик. Қўшнилар билан яхши муносабатлар. Дунё билан самарали мулоқот. Очиқлик эса ҳеч қачон заифлик дегани эмас», — деди Мирзиёева.

Унинг таъкидлашича, давлатларнинг ҳақиқий кучи унинг ҳарбий ёки иқтисодий салоҳияти билан ўлчанмайди.

 «Биз таълим олишга, касб эгаллашга ва ўз келажагини ўзи белгилашга қарор қилган ёшларни танлаймиз. Чунки давлатнинг ҳақиқий кучи унинг ҳарбий ёки иқтисодий салоҳияти билан ўлчанмайди. Мамлакатнинг қудрати, энг аввало, инсон қадр-қиммати, ҳуқуқ ва манфаатларини қанчалик ҳимоя қила олиши билан белгиланади», — дея таъкидлади Администрация раҳбари.

БМТ ислоҳотлари ва Хавфсизлик кенгашига номзодлик

Шунингдек, Мирзиёеванинг нутқида бугунги кунда ҳеч бир давлат, қанчалик қудратли бўлмасин, глобал муаммоларни ёлғиз ўзи ҳал қила олмаслиги маълум қилинди.

«Шунинг учун бизга Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ керак. Бизга қарорларни шунчаки қабул қиладиган эмас, балки уларни ижро эта оладиган БМТ керак. Бизга ҳар бир мамлакатнинг овози эшитиладиган БМТ керак», — дейилади нутқда.

Ўзбекистон БМТ Хавфсизлик кенгаши таркибини замонавий воқеликлар асосида кенгайтиришни қўллаб-қувватлаши билдирилди. Қайд этилишича, келаси йили мамлакат Қўшилмаслик ҳаракатига раислик қилади. Шунингдек, Ўзбекистон 2035 ва 2036 йиллар учун БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий бўлмаган аъзолигига ўз номзодини илгари сургани айтилди.

«Шу руҳда Ўзбекистон 2035–2036 йиллар учун Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзолигига ўз номзодини илгари сурди. Биз сизнинг қўллаб-қувватлашингизга ишонамиз», — деди Саида Мирзиёева.

Иқтисодий ўсиш ва ижтимоий статистика

Нутқ давомида мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мезони — одамларнинг ҳаёти яхшиланаётгани билан ўлчаниши таъкидланиб, сўнгги 10 йилликдаги статистик кўрсаткичлар келтирилди.

Қайд этилишича, ўтган давр мобайнида Ўзбекистон аҳолисининг харид қобилияти икки баробарга ошган, иқтисодиёт 50 миллиард доллардан 147 миллиард долларгача ўсган ва 150 миллиард доллардан ортиқ хорижий сармоя жалб қилинган.

«Экспорт ҳажми қарийб уч баробарга ошди. Камбағаллик даражаси 4 фоизга тушди ва қарийб 10 миллион киши камбағалликдан чиқарилди. Мактабгача таълим қамрови 27 фоиздан 78 фоизга, олий таълим қамрови эса 9 фоиздан қарийб 45 фоизга ўсди. Ўртача умр кўриш 66 ёшдан 75 ёшдан ошди. Оналик ва болалар ўлими тўрт баробарга камайди», — дея рақамларни келтирди ПА раҳбари.

Шунингдек, октябр ойида Самарқанд шаҳрида болалар фаровонлиги масалалари бўйича халқаро ҳамжамият иштирокида йирик тадбир ўтказилиши маълум қилинди.

Марказий Осиё ва Афғонистон масаласи

Яқин вақтларгача Марказий Осиё ҳал этилмаган чегара баҳслари, сув ресурсларини бошқариш муаммолари ва бошқа кўплаб низолар фонида тилга олингани, бироқ бугунги кунда минтақадаги муҳит тўлиқ ўзгаргани эътироф этилди.

«Биз бир-биримизга хавф манбаи эмас, балки ҳамкор сифатида қарай бошладик. Афғонистон масаласига ҳам ёндашув шундай. Афғонистонни фақат хавф манбаи сифатида кўриш муаммони ҳал қилмайди. Кўп миллатли афғон халқини ўз муаммолари билан ёлғиз қолдириш ҳам ечим эмас», — деди Саида Мирзиёева.

Орол фожиаси ва сунъий интеллект

Маърузада экология ва технологиялар мавзусига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Орол денгизининг қуриши табиий офат эмаслиги, балки ўнлаб йиллар давомида қабул қилинган нотўғри қарорлар ва табиатга нисбатан адолатсиз муносабат натижаси экани айтилди.

«Янги Ўзбекистон ушбу муаммо кўламини камайтириш учун денгизнинг қуриган тубида яшил ҳудудлар барпо этмоқда. Биз замонавий сув тежовчи технологияларни жорий қиляпмиз. 2030 йилга бориб қайта тикланувчи энергия улушини 54 фоизга етказишни мақсад қилганмиз. Биз Орол денгизи шунчаки экологик фожиа рамзи бўлиб қолишини истамаймиз. У экологик ечимлар майдонига айланиши керак. Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси 2027–2036 йилларни дарахтларни кўпайтириш ва ўрмонларни қайта тиклаш бўйича ҳаракатлар ўн йиллиги деб эълон қилди. Ушбу резолюцияни амалий натижалар билан мустаҳкамлаш вақти келди», — деди Администрация раҳбари.

Саида Мирзиёева ўз нутқида сунъий интеллект масаласига ҳам тўхталди.

Унинг таъкидлашича, сунъий интеллект инсон ҳуқуқлари, хавфсизлик, тенг имкониятлар ва жавобгарликдан айро бўлмаслиги лозим. Технологик тараққиёт одамларни ўзгаришга мажбур қилмаслиги, аксинча, инсон ҳаётини яхшилашга хизмат қилиши керак. Ўзбекистон бу борада халқаро мулоқотни кучайтириш тарафдори.

Шунингдек, мамлакатда мажбурий ва болалар меҳнати тўлиқ барҳам топгани, оилавий зўравонлик учун жавобгарлик кучайтирилгани ҳамда бугунги кунда Ўзбекистон парламентининг 39 фоизини аёллар ташкил этиши қайд этилди. Тошкент халқаро молия марказида инглиз ҳуқуқи тамойилларига асосланган алоҳида халқаро тижорат суди ташкил этилаётгани ҳам маълум қилинди.

Саида Мирзиёева нутқининг сўнгида Ўзбекистон халқи ва Президенти тинчлик, ишонч ва инсон қадри устувор бўлган дунёни барпо этишга ўз ҳиссасини қўшишга тайёр эканини эълон қилди.

Teglar

Mavzuga oid