Прокурор «Реал Санжик»га 5 йил қамоқ жазоси беришни сўради

Bugun 10:594 daqiqa

«Реал Санжик» ишида суд тергови якунланди. 1-май кунги суд мажлисида прокурор музокара нутқига чиқиб, суддан Санжар Каримовга 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашни сўради.

Прокурор «Реал Санжик»га 5 йил қамоқ жазоси беришни сўради © vaqt.uz

Бугун, 1-май куни Мирзо Улуғбек туман судида ижтимоий тармоқлар орқали «Реал Санжик» тахаллуси билан танилган, «Finans invest» КСБ таъсисчиси Санжар Каримовга оид жиноят ишида суд тергови тугади. Бу ҳақда суд залидан VAQT.UZ мухбири хабар берди.

Давлат айбловчиси музокара нутқига чиқиб, суддан Санжар Каримовга 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашни сўради. У, шунингдек, суддан жазони умумий тартибли колонияда ўтаттиришни белгилашни сўради.

Прокурор судланувчи Санжар Каримов жабрланувчига уйни қайтарганини ҳам ҳисобга олинишини билдирди.

«Реал Санжик» нимада айбланган?

У Жиноят кодексининг 112-моддаси 1-қисми (Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш), 168-модда 4-қисми а-банди (Фирибгарлик), 273-модда 2-қисмида (Гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилофравишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланмоқда. Мазкур жиноят иши судя Баҳром Бердиев раислигида кўриб чиқиляпти. Жиноят ишида 2 нафар жабрланувчи бор.

36 ёшли машҳур автоблогер Санжар Каримов ўтган йили кўплаб муҳокамалар ва жамоатчилик эътирозига сабаб бўлган алданган тошкентлик қиз воқеасига алоқадор. Ушбу ишда у гувоҳ сифатида қатнашган. 2025-йил октябр ойида қиз «Instagram»даги саҳифасида ўзи ва оиласи фирибгарлик қурбони бўлганини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, қизга уйланиши режалаштирилган куёв қизнинг қарийб 70 ёшга кирган ота-онасини улар яшаб турган уйни 12 кунга вақтинча «гаровга қўйишга» кўндирган. Аслида эса йигит уйни олди-сотди сифатида расмийлаштириб, блогер Санжар Каримовга ўтган.

Қизнинг таъкидлашича, битим вақтинчалик гаров сифатида тақдим этилган ва оила пул олмаган. Каримовнинг ўзи эса уйни барча оила аъзоларининг ихтиёрий розилиги билан расман 240 минг долларга сотиб олганини айтган.

Йигитга нисбатан фирибгарликнинг бир нечта эпизодлари бўйича қўзғатилган жиноят иши судга юборилган ва у 21-ноябр куни у 9 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Жабрланувчи оиланинг адвокатлари жиноят иши бўйича кўрсатмаларда иштирок этаётган блогернинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришни талаб қилди. Судя илтимосномани қаноатлантириб, прокурорни хабардор қилишга қарор қилган.

Суднинг 2025-йил 28-ноябрдаги ажрими билан Тошкент шаҳар прокурори биринчи ўринбосарининг илтимосномаси қаноатлантирилиб, блогерга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, қамоққа олиниши ва тергов ҳибсхонасига жойлаштирилиши белгиланди.

Кейинги суд мажлиси

Санжар Каримов 24 апрел куни Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида бўлиб ўтган навбатдаги очиқ суд жараёнида уйидан топилган гиёҳванд моддаларни отаси шифокор тавсияси билан истеъмол қилганини айтди. Унинг сўзларига кўра, отаси деменция касалига чалинган.

«Ўша куни топилган наркотик моддани мен бировдан сотиб олмаганман. Отамнинг палтосидан чиққанди. Терговга отамнинг 2 йиллик касаллик варақасини ҳам тақдим этганман... Жаноб судя бу моддалар марҳум отамга тегишли эди. Отам кексалиги туфайли, оғриқларини қолдириш мақсадида чекиб турарди. Отам вафотидан кейин сиқилганда икки марта чекиб кўрганман, тан оламан, лекин сотиш ёки тарқатиш ниятим бўлмаган, бу отамдан қолган мерос. Мен катта тадбиркорман, бундай ишлар билан шуғулланишга ор қиламан», - деди Санжар Каримов.

Тинтув ноқонуний эдими?

Суд мажлисида адвокатлар тинтув жараёнида йўл қўйилган қатор қонунбузарликлар ҳақида маълумот берди. Унга кўра, Санжар Каримовнинг офисидаги фақат битта хонани тинтув қилишга рухсат олинган бўлса-да, амалда тўртта хона текширилган. Гиёҳванд моддаларнинг бир қисми айнан тинтув учун рухсат олинмаган хоналардан топилгани таъкидланди.

Шунингдек, тинтувда тезкор тадбир баённомасида номи қайд этилмаган ходимлар ҳам иштирок этгани маълум бўлди. Судда сўроқ қилинган ички ишлар органлари ходимлари буни раҳбариятнинг оғзаки топшириғи билан изоҳлади. Ҳимоя томони эса бир вақтнинг ўзида беш нафардан ортиқ ходим тинтув ўтказгани ва бу жараёнда атиги икки нафар холис иштирок этгани жиноят-протсессуал қонунчилигининг қўпол равишда бузилиши эканини билдирди.

Уй машмашаси

Ўша суд мажлисида Олимбоевалар оиласига тегишли уй билан боғлиқ фирибгарлик айблови ҳам кўриб чиқилди. Санжар Каримовнинг таъкидлашича, уйнинг пули олди-сотди шартномаси вақтида тўлиқ берилган, бироқ кейинчалик ушбу маблағлар эгаларининг хоҳишига кўра уларнинг куёвига топширилган. Каримов ҳозирги кунда ушбу уйни эгаларига қайтариб бериш ниятида эканини маълум қилди.

Шу муносабат билан, адвокатлар судядан ҳозирда Каримовнинг акаси номида бўлган уйга қўйилган тақиқни ечишни илтимос қилди. Ҳимоячиларнинг фикрича, агар тақиқ ечилиб, уй Олимбоевалар номига қайтарилса, Каримовга нисбатан қўйилган фирибгарлик айблови (Жиноят кодексининг 168-моддаси) бекор қилинишига асос бўлади.

Олимбоевларга тегишли уй-жой низоли бўлгани туфайли мазкур турар-жойга нисбатан суд томонидан Фуқаролик процессуал кодексининг 248-моддаси (Даъвони таъминлаш чоралари) 3-қисми бўйича тақиқ қўйилган эди. Раислик қилувчи судя Баҳром Бердиев томонларнинг сўзини тинглаб, келгусида юзага келиши мумкин бўлган хавфларнинг олдини олиш мақсадида, кейинги суд мажлисига нотариусни чақирган ҳолда, ушбу уйни собиқ эгаларига қайта расмийлаштириш жараёни амалга оширилиши мумкинлигини билдирди.

Мажлис давомида Санжар Каримовнинг адвокатлари Гейдар Алиевни суд ҳужжатларини ижтимоий тармоқларда нотўғри талқин қилаётганликда айблаб, уни суд залидан чиқариб юбориш бўйича илтимоснома киритди. Судя ушбу илтимосномани қаноатлантирди ва Гейдар Алиев залдан чиқариб юборилди.

Teglar

Mavzuga oid