Logo

Қисқа муддатли ижара бизнес учун таҳликага айланмоқда — Зафар Ҳошимов

Bugun 17:173 daqiqa

Korzinka асосчиси Зафар Ҳошимов тадбиркорлар билан учрашувда президентга тижорат биноларини ижарага олиш муносабатларини ҳуқуқий жиҳатдан қайта кўриб чиқишни таклиф қилди. Унинг айтишича, қисқа муддатли шартномалар, ижара ҳақининг асоссиз оширилиши ва тадбиркор киритган инвестицияларнинг ҳимоя қилинмагани бизнес учун жиддий хатар туғдирмоқда.

Қисқа муддатли ижара бизнес учун таҳликага айланмоқда — Зафар Ҳошимов © Foto: “O‘zbekiston 24”

Korzinka асосчиси Зафар Ҳошимов 18 август куни Хоразм вилоятида президент Шавкат Мирзиёев билан ўтказилган очиқ мулоқотда тижорат ижараси муносабатларини тартибга солиш учун алоҳида ҳуқуқий механизм жорий этишни таклиф қилди.

Тадбиркорнинг таъкидлашича, айниқса кичик бизнес учун ижара муносабатлари фаолиятни бошлаш ва кенгайтиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бироқ амалдаги тизимда ижара шартномаларининг қисқа муддатга тузилиши ва муносабатларнинг барқарор эмаслиги тадбиркорлар учун жиддий таваккалчилик туғдирмоқда.

Тадбиркор жойга сармоя қилади, аммо шартнома барқарор бўлмаслиги мумкин

Зафар Ҳошимовнинг сўзларига кўра, бизнес бошлаётган ёки фаолиятини кенгайтираётган тадбиркор ижарага олган жойига қўшимча маблағ сарфлайди.

У биноларни таъмирлайди, реклама қилади, мижозларни шакллантиради ва ўз бизнесини айнан шу жой билан боғлайди. Аммо ижара муносабатлари барқарор бўлмаса, бу сармоялар хавф остида қолиши мумкин.

“Ижарага олган тадбиркор ўша жойни таъмирлайди, ўша ерга пул тикади, ўша ерда реклама қилади, ўша ерга харидорларни ўргатади. Агар ўша муносабатлар барқарор бўлмаса, бу тадбиркор учун катта таҳликадир”, — деди Зафар Ҳошимов.

Унинг қайд этишича, ҳозирги кунда айрим ҳолатларда ижарага берувчилар таъсирида шартномалар қисқа муддатга тузилмоқда.

“Бизнес режа ва бизнес истиқбол узоқ муддатли, шартнома эса қисқа муддатли бўлади. Кейин, агар унинг бизнеси яхши юриб кетса, мулкни ижарага берувчи келиб, нархини асоссиз ва ҳаддан ташқари кўтариш ҳоллари бўлади”, — деди тадбиркор.

“Конверт”даги ижара пуллари

Зафар Ҳошимов яна бир муаммо сифатида ижара ҳақининг расмий ва норасмий қисмларга ажратилишини тилга олди.

Унинг сўзларига кўра, айрим тадбиркорлар ижара ҳақининг бир қисмини расмий тартибда, бошқа қисмини эса нақд пулда, яъни “конвертда” тўлаш амалиётини давом эттирмоқда.

Ҳошимовнинг таъкидлашича, ижара учун тўланган маблағларни расмий равишда харажат сифатида кўрсатиш тадбиркорнинг солиқ базасини қисқартириши мумкин. Шу боис тўловларни тўлиқ расмийлаштириш нафақат давлат учун, балки ижарага олувчи ва ижарага берувчи учун ҳам манфаатли эканини таъкидлади.

Унинг фикрича, кўпчилик тадбиркорлар ҳали ҳам эски амалиётдан воз кечмаган ва бу борада тушунтириш ишларини кучайтириш зарур.

Тадбиркор киритган инвестиция қандай ҳимоя қилинади?

Korzinka асосчиси алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлган яна бир масала — тадбиркор ижарага олинган объектга киритган инвестицияларни ҳимоя қилиш эканини айтди.

Унинг сўзларига кўра, агар ижара шартномаси асоссиз равишда бекор қилинса, тадбиркор бинога таъмирлаш, жиҳозлаш ва бошқа мақсадларда сарфлаган маблағларининг тақдири очиқ қолмоқда.

“Тадбиркор ўша жойга инвестиция киргизганда, инвестицияларни муҳофаза қилиш, яъни асоссиз ижара шартномалари бузилганда, тадбиркорнинг ўша киргизган инвестицияларини ҳимоя қилиш ҳам катта савол”, — деди Зафар Ҳошимов.

Шу муносабат билан у “тижорат ижараси” учун алоҳида ҳуқуқий режим жорий этиш таклифини билдирди.

Таклифга кўра, тижорат мақсадида биноларни ижарага олаётган тадбиркорлар учун узоқ муддатли муносабатларни шакллантириш, шартномаларнинг барқарорлигини таъминлаш ҳамда тадбиркорлар учун кафолатларни кучайтириш масаласи кўриб чиқилиши мумкин.

“Биз шундай бир ҳуқуқий режим киргизишимиз керакки — тижорат ижараси деган. Тижоратга кираётган одамлар узоқ муддатга киради ва бу режим доирасида муддатларни чўзиш ва тадбиркорлар гарантиясини ошириш”, — деди у.

Шу билан бирга, тадбиркор бу масалани мулкдорлар ва ижарачилар ўртасидаги қарама-қаршилик сифатида кўрмаётганини таъкидлади.

“Мен мулкдорлар ва тадбиркорлар орасида қарама-қаршилик демаяпман. Бу ёқда мувозанатни таъминлаш пайти келди, деб ўйлайман”, — деди Зафар Ҳошимов.

Президент икки ой ичида аниқ таклифлар ишлаб чиқишни топширди

Зафар Ҳошимовнинг таклифига жавобан президент Шавкат Мирзиёев тижорат ва кўчмас мулк ижараси муносабатларини такомиллаштириш масаласи кўриб чиқилишини билдирди.

Давлат раҳбари Адлия вазирлиги, мутасадди идоралар ва жамоатчилик кенгаши билан биргаликда ушбу масала бўйича тадбиркорларнинг фикрларини ўрганиш ва икки ой ичида аниқ таклифлар киритиш зарурлигини айтди.

Teglar

Mavzuga oid