Қорақалпоғистонда метан «заправка»лар вақтинча ёпилди
Ҳудудда ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши натижасида газ таъминоти биринчи навбатда аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларига йўналтирилмоқда.

Қорақалпоғистонда автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолияти вақтинча чекланди. Бу ҳақда «Ҳудудгаз Қорақалпоғистон» газ таъминоти филиали матбуот хизмати маълум қилди.
Маълумотга кўра, ҳудудда ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши натижасида магистрал газ тармоқларида босим тушиб кетган. Шу боис газ таъминоти биринчи навбатда аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларига йўналтирилмоқда.
Корхона изоҳида таъкидланишича, метан «заправка»ларга босқичма-босқич вақтинчалик чекловлар жорий этилган. Бу чоралар маиший истеъмолчиларни узлуксиз газ билан таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда.
Расмийларга кўра, мавжуд вазият узоғи билан 3–4 кун ичида барқарорлашиши кутилмоқда. Газ босими тикланиши билан шохобчалар фаолияти ҳам босқичма-босқич қайта йўлга қўйилади.
Қорақалпоғистонда қандай об-ҳаво кузатилмоқда
«Ўзгидромет» прогнозларига кўра, 26 февралдан 1 мартгача Қорақалпоғистонда ҳаво ўзгарувчан бўлади. Асосан ёғингарчилик кутилмайди, фақат 28 феврал куни айрим ҳудудларда ёмғир ёки қор ёғиши мумкин.
Ҳарорат кечаси 26–27 февралда -2...-7 даража, 28 феврал – 1 мартда эса 0...-5 даража совуқ бўлиши кутилмоқда. Кундузи 26–28 февралда 0...+5 даража, 1 март куни +2...+7 даража илиқ об-ҳаво кузатилиши прогноз қилинган.





