Қозоғистон Россия ғалласига тақиқ қўйди

Bugun 19:542 daqiqa

Мазкур чора Россияда ҳайвонлар ўртасидаги эпидемиологик вазият ёмонлашгани фонида қабул қилинган.

Қозоғистон Россия ғалласига тақиқ қўйди

Қозоғистон Россиядан бир қатор дон экинлари ва улар билан боғлиқ маҳсулотларни импорт қилишга вақтинчалик тақиқ жорий қилди. Бу ҳақда Қозоғистон Ғалла иттифоқи таҳлил қўмитаси раҳбари Евгений Карабанов маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, чекловлар ветеринария хавфсизлигини таъминлаш ва эпидемиологик хавфларни камайтириш мақсадида жорий этилган.

Шунингдек, Қозоғистон темир йўллари Россиядан келаётган ғалла ортилган вагонларни ортга қайтаришни бошлайди.

Қайси маҳсулотлар чекланди?

Жорий этилган чекловлар буғдой, жавдар, арпа, сули, маккажўхори ва соя каби асосий дон ҳамда дуккакли экинларни қамраб олади. Шунингдек, озиқ-овқат саноатининг турли иккиламчи қолдиқлари (кепак, крахмал ва лавлаги чиқиндилари), чорва учун озуқа хомашёлари, кунжара ҳамда тайёр ем маҳсулотлари импорти ҳам тақиқланди.

Эпидемия

Мазкур қарор Россияда ҳайвонлар орасида эпидемиологик вазият ёмонлашгани фонида қабул қилинган.

Аввалроқ Қозоғистон Россиядан тирик ҳайвонлар ва гўшт маҳсулотлари импортига ҳам чеклов жорий этган эди.

Куни кеча «Россельхознадзор» раҳбари Сергей Данкверт Новосибирск вилоятидаги пастереллёз ўчоқлари ва унинг тарқалиш хавфи мавжуд бўлган ҳудудлар тўлиқ бартараф этилганини маълум қилди. Новосибирск вилояти Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, минтақада пастереллёз касаллигининг 50 дан ортиқ ўчоғи аниқланган. Бироқ кўрилган бу чоралар маҳаллий фермерларнинг кескин норозилигига сабаб бўлди. Уларнинг таъкидлашича, касалликка қарши кураш баҳонасида соғлом ҳайвонлар ҳам ёппасига йўқ қилинган.

Teglar

Mavzuga oid