Қозоғистон учун нефт ва газни Европага олиб чиқишнинг янги йўли топилди
Яқин Шарқдаги можаро ва Ҳормуз бўғозининг ёпилиши фонида Европада нефт танқислиги кучайди. Шу сабабли Каспийбўйи давлатларида нефт етказиб беришнинг янги йўллари масаласи яна кун тартибига чиқди. «Ўрта коридор» нефтни ташиш учун барқарор экспорт йўлига айлана оладими? Қозоғистон ўзининг энергия экспорт йўналишларини ўзгартира оладими ва бу иқтисодий ҳамда сиёсий жиҳатдан нималарга олиб келади?
© sun'iy intelektЭкспертларнинг фикрича, Каспийбўйи давлатлари орасида айнан Қозоғистон Каспий орқали углеводородларни ташқи бозорларга етказадиган янги йўлни яратиш жараёнида етакчи бўлиши, бундан иқтисодий фойда кўриши ва сиёсий жиҳатдан мувофиқлаштирувчи ролни бажариши мумкин.
Чиқиш нуқтасини ўзгартириш керак
Каспий денгизининг тубидан нефт қувурини ўтказиб, йилига 50 миллион тоннадан ортиқ нефтни ташқи бозорга чиқариш ғояси 2000-йилларнинг ўзидаёқ пайдо бўлган. Ўша пайтда Транскаспий энергетика йўлаги ҳақида гапирилган: нефтни Ақтау ва Қуриқ портларидан Озарбойжоннинг Боку шаҳрига етказиш, кейин эса Боку–Тбилиси–Жайҳон нефт қувури орқали ташиш режалаштирилган эди. Аммо турли сабабларга кўра лойиҳа амалда бошланмади.
2022-йилда Россия ва Украина ўртасидаги ҳарбий қарама-қаршилик бошланганидан кейин Россия ҳудудини четлаб ўтадиган ушбу йўл ғоясига яна қайтилди. Аммо ўшанда ҳам гап фақат муҳокамалар билан чекланиб қолди.
Эндиликда Ҳормуз бўғозининг ёпилиши ва бунинг оқибатида Европа бозорларида нефт танқислиги юзага келгани сабабли Каспий денгизи тубидан нефт қувури ўтказиш ғояси яна долзарб бўлди.
«Ақтау ва Қуриқ портларидан танкерлар орқали нефтни Озарбойжон томонига олиб ўтиш — сув орқали тахминан 300–400 километр масофани босиб ўтиш дегани. Гарчи бугунги кунда бу йўл жозибадор ва хавфларни камайтирадиган вариант бўлса-да, минтақадаги нефт таъминоти балансини тубдан ўзгартира олмайди. Бунинг сабаби — Каспий денгизи сатҳининг ўзгариб туриши билан боғлиқ техник чекловлар, шунингдек, ҳозирги танкерлар сони ва порт инфратузилмасининг имкониятлари. Агар нефт етказиб бериш учун янада ишончли ва хавфсиз муқобил йўллар яратилиши ҳақида гап кетаётган бўлса, тўлиқ Транскаспий нефт қувурларини кўриб чиқиш керак», — дейди бошқарув консалтингига ихтисослашган халқаро «Boston Consulting Group» (BCG) компанияси ҳамкори, эксперт Александр Тишков.
Тишковнинг фикрича, нефтни танкерлар орқали ташиш энг яхши вариант эмас. Чунки унинг имкониятлари бир қатор омиллар билан чекланган.
Ҳатто Қозоғистон ва Озарбойжон портларни чуқурлаштириш лойиҳаларини амалга оширса ҳам, танкерлар сонини кўпайтирса ҳам, об-ҳаво шароити ва мавжуд инфратузилмадаги чекловлар экспорт ҳажмини чеклаб туради.
Бундан ташқари, Каспий денгизи ҳозир фаол равишда саёзлашиб бормоқда ва бу жараён охир-оқибат қандай оқибатларга олиб келиши ҳозирча номаълум. Унинг фикрича, энг яхши вариант — Каспий денгизи тубидан нефт қувури ўтказиш.
«Бу масала кўп марта муҳокама қилинган. Яъни, бу янги ғоя эмас, балки экспортни диверсификация қилишнинг анчадан бери муҳокама қилинаётган вариантидир», — дейди эксперт.
Гап Транскаспий нефть қувурини қуриш ҳақида кетмоқда.
Аввалроқ Қуриқ портидан Каспий денгизининг чуқур қисми орқали Озарбойжон портларига нефт етказиш варианти кўриб чиқилган эди. Бундай йўл эса лойиҳани анча қимматлаштиради.
«Агар Қозоғистондан чиқиш нуқтасини жануброққа кўчириш мумкин бўлса, бу инвестиция харажатларини сезиларли даражада камайтиради, қувурни қуришни осонлаштиради ва уни Абшерон яриморолининг шимолий қисмига яқинлаштиради», — дейди эксперт.
Имкониятлар, муҳим жиҳатлар ва тўсиқлар
Бу ерда муҳим бир жиҳат бор. Айнан шу сабабли Қозоғистон нефт қувури лойиҳасини амалга оширишда етакчи ролни ўз зиммасига олиши мумкин. Каспий денгизида Озарбойжон ва Туркманистон ўртасидаги денгиз чегараси ҳозиргача тўлиқ аниқланмаган. Бу эса денгиз тубининг баҳсли ҳудудларида нефт-газ лойиҳаларини амалга оширишни қийинлаштиради. Гап фақат нефт ва газни ташиш ҳақида эмас, балки конларни ўзлаштириш ҳақида ҳам кетмоқда. Бунга энг машҳур мисоллардан бири — углеводородларга бой бўлган кон атрофидаги кўп йиллик баҳс. Озарбойжон бу конни «Кяпаз», Туркманистон эса «Сердар» деб атаган.
2021-йилнинг январ ойида Озарбойжон ва Туркманистон меморандум имзолаб, оролга расман «Дўстлик» номини берди. Аммо давлатлар ҳанузгача улушлар ва даромадларни қандай тақсимлаш, шунингдек, нефт ва газни қайси йўналиш орқали ташиш масаласида тўлиқ келиша олмаган. Бу жараёнда иштирок этмаётган Қозоғистон учун эса барча томонлар билан келишиш нисбатан осонроқ бўлиши мумкин.
«Қувур инфратузилмасини яратиш ва Туркманистон томонидан Қозоғистон томонига уланадиган қувур қуриш Транскаспий нефт қувурининг инвестицион жозибадорлигини янада ошириши ва бундай лойиҳа учун катта ўзгариш олиб келиши мумкин», — деб ҳисоблайди Александр Тишков.
Ҳозир эса, унинг сўзларига кўра, Туркманистон газини Ғарбга экспорт қилиш жисмоний инфратузилма йўқлиги сабабли қийин. Бундан ташқари, Каспий денгизи тубининг чегараларини аниқ белгилаш бўйича сиёсий ва ҳуқуқий масала ҳам ҳали ҳал қилинмаган.
«Мумкин бўлган вариантлардан бири — нефт ва газ учун иккита параллел қувур қуриш», — дейди Тишков.
Унинг қўшимча қилишича, масалан, Туркманистонни ҳам ушбу лойиҳага қўшиш орқали олинадиган қўшимча иқтисодий фойдани ҳисоблаш Каспийбўйи давлатларининг янада яқинлашишига хизмат қилиши мумкин.
Бошқа давлатларнинг манфаатларини ҳам эътиборсиз қолдириб бўлмайди
Александр Тишковнинг таъкидлашича, Транскаспий лойиҳаларини амалга ошириш Каспийбўйи давлатларининг барчаси иштирокидаги кўп томонлама музокараларни талаб қилиши мумкин.
«Бундай лойиҳаларга иқтисодий нуқтаи назардан ёндашиш ва аниқ режа керак. Агар Каспий минтақасини умумий ҳолда кўриб чиқадиган бўлсак, музокаралар давомида ҳар бир томон олиши мумкин бўлган фойда мувозанатли бўлиши керак. Менимча, шундай мувозанатли ечим лойиҳанинг амалга ошишига олиб келиши мумкин», — дейди эксперт.
«Мувозанатли ва ҳар томонлама манфаатлар» ҳақида гапирар экан, «Nightingale Int» тадқиқотлар бўйича директор ўринбосари Аллен Алекеев Каспий минтақаси орқали «Ўрта коридор»ни ривожлантиришдан манфаатдор бўлган Ғарб давлатларининг манфаатларини ҳам ҳисобга олиш муҳимлигини таъкидлайди.
«1990-йиллардан бери минтақада йирик Ғарб инвесторлари ва компаниялари, биринчи навбатда АҚШ ва Буюк Британия, шунингдек, Европа Иттифоқи давлатлари компаниялари фаолият юритиб келмоқда. Бундай коридорнинг ривожланиши Жанубий Кавказ ва Озарбойжоннинг мавқеини кучайтириши, шунингдек, Марказий Осиё давлатларига нефт, газ ва бошқа ресурсларни янги бозорларга олиб чиқиш ҳамда экспорт ҳажмини ошириш имконини бериши мумкин», — дея таъкидлади Аллен Алекеев.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Ўрта коридор»га инвестициялар 2040-йилга бориб савдо ҳажмини уч баравардан зиёд ошириши мумкинлиги ҳақида ёзган эдик.





