add

Расмий Қирғизистон Соловёв масаласида нега жим экани айтилди

Bugun 21:182 daqiqa

Президент матбуот котиби россиялик телебошловчининг гапларини «пуч ва жиддий бўлмаган» дея атаб, расмийлар нега бу мавзуда сукут сақлаганини айтди.

Расмий Қирғизистон Соловёв масаласида нега жим экани айтилди

Қирғизистон президенти матбуот котиби Аскат Алагозов россиялик телебошловчи Владимир Соловёвнинг Марказий Осиё ҳақидаги баёнотларига нисбатан расмий муносабат билдирилмаётганига изоҳ берди. Бу ҳақда у ўзининг Facebook саҳифасида пост қолдирди.

Расмийнинг фикрича, телебошловчининг баёнотларини турли мавзулардаги кўп соатлик эфирлар давомида янграган «пуч ва жиддий бўлмаган» гаплар сифатида қабул қилиш лозим.

«Эҳтимолий реакцияга келсак, Соловёв журналист ва телебошловчи эканини ҳисобга олиб, унинг сўзларига жавоблар тегишли даражада — журналистлар ёки бошқа шахслар томонидан берилмоқда. Агар бундай баёнотлар депутат ёки вазир томонидан янграганида эди, вазият бошқача бўларди. Унда жавоб бизнинг депутатларимиз ёки ҳукумат аъзоларимиз томонидан берилган бўларди», — дея ёзди у.

Жапаров матбуот котибининг таъкидлашича, Қирғизистон ва Россия ўртасидаги муносабатлар «энг юқори даражада» йўлга қўйилган.

Шу билан бирга, Қирғизистон томони Россия давлат телеканали раҳбариятидан ушбу вазият юзасидан тегишли муносабат кутаётгани айтилди. Бишкекнинг баҳосига кўра, бу каби тушунарсиз баёнотлар халқлар ўртасида асоссиз кескинликни келтириб чиқаради.

Алагозов қирғизистонлик депутатлар томонидан Владимир Соловёвни мамлакатда «персона нон грата» (исталмаган шахс) деб эълон қилиш ҳақидаги ташаббуслардан хабардор эканини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, бундай қарорларни қабул қилишнинг ўрнатилган қонуний тартиби мавжуд. «Бу масала қандай кўриб чиқилишини кузатамиз», — дея қўшимча қилди у.

Эслатиб ўтамиз, пропагандачи бир неча кун аввалги эфирларидан бирида Россия, худди АҚШ Венесуэлада қилганидек, «халқаро ҳуқуққа тупуриши» ва Арманистон ҳамда Марказий Осиё республикаларининг Россия «таъсир доираси»дан чиқиб кетишига йўл қўймаслик учун уларнинг ички ишларига куч билан аралашиш имкониятини кўриб чиқиши кераклиги ҳақида аҳмоқона фикр билдирганди.

«Арманистондан айрилиш — бу биз учун стратегик инқироздир. «Бизнинг Осиё», яъни улар Марказий Осиё деб атайдиган минтақадаги муаммолар эса Россия учун ҳалокатли хавф туғдириши мумкин. Биз ниҳоят мақсад ва вазифаларимизни кескин ва аниқ белгилаб олишимиз шарт. Шуни очиқ айтиш керакки: ўйинлар тугади. Халқаро ҳуқуқ ва сохта тартиб-қоидаларга қарашнинг ҳожати йўқ. Агар миллий хавфсизлигимизни ҳимоя қилиш учун Украинада махсус ҳарбий операция бошлашга мажбур бўлган бўлсак, нима учун айнан шу мантиқ билан таъсир доирамизнинг бошқа стратегик нуқталарида ҳам худди шундай ҳаракатларни амалга ошира олмаймиз?» — деганди у.

Марказий Осиё давлатларида ҳам жамоатчилик орасида бу фикрлар кескин норозиликни келтириб чиқарди. Хусусан, ўзбекистонликлар расмийлардан қатъий муносабат билдиришни сўраб, МО давлатлари биргаликда нота бериши кераклигини таъкидламоқда.

Teglar

Mavzuga oid