Logo

«Реал Санжик» 5 йил қамоқда қолади: апелляция суди ҳукм чиқарди

Bugun 18:113 daqiqa

«Реал Санжик» номи билан танилган Санжар Каримовнинг апелляция шикояти бўйича суд қарори ўқилди: унга тайинланган 5 йиллик қамоқ жазоси ўзгаришсиз қолдирилди.

«Реал Санжик» 5 йил қамоқда қолади: апелляция суди ҳукм чиқарди

«Реал Санжик» номи билан танилган тадбиркор Санжар Каримовга нисбатан 8 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда «Daryo» нашри хабар берди.

Суд ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 168-моддаси учинчи қисми «а» банди билан тайинланган 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси аслича қолдирилган.

Жиноят кодексининг 59–61-моддаларига асосан тайинланган ҳар хил турдаги жазоларни тўлиқ қўшиш йўли билан узил-кесил 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 баравари миқдорида, яъни 136 миллион сўм жарима жазоси тайинланган.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 61-моддасига асосан тайинланган жазолар алоҳида-алоҳида ижро этилиши белгиланган. Ҳукмнинг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилди ва апелляция шикоятлари қисман қаноатлантирилган.

Маълумот учун, Санжар Каримов ижтимоий тармоқларда «Реал Санжик» номи билан танилган тадбиркор ва автоблогер ҳисобланади. У «Finans Invest» КСБ раҳбари сифатида ҳам тилга олинган. Унга оид жиноят иши Тошкентдаги бир неча воқеалар ортидан прокуратурага юборилган материаллар асосида тергов қилинган.

Ишга «Реал Санжик»нинг бўлажак келин-куёв ўртасидаги можаро билан боғлиқ ишда тилга олиниши ҳам сабаб бўлган. Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди ушбу иш бўйича Шаҳзод Рисқиевни 9 йилга озодликдан маҳрум қилганидан сўнг, Санжар Каримовнинг мазкур ҳолатдаги иштирокига ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратурага хабарнома юборган. Кейинчалик Каримовга нисбатан алоҳида жиноят иши тергов қилинган.

Судга оширилган ишда Санжар Каримовга Жиноят кодексининг 112-моддаси 1-қисми — ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш, 168-моддаси 4-қисми «а» банди — фирибгарлик ҳамда 273-моддаси 2-қисми — гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан боғлиқ ноқонуний ҳаракатларни содир этганлик айбловлари қўйилган. Ишда икки нафар жабрланувчи — Феруза Раҳматуллаева ва Шаҳло Олимбоева борлиги маълум қилинган.

Жиноят иши бўйича суд жараёни 2026 йил 10 апрель куни Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида бошланган. 1 май куни суд тергови якунланиб, давлат айбловчиси Санжар Каримовга 5 йил озодликдан маҳрум қилиш ва БҲМнинг 525 баравари миқдорида жарима тайинлашни сўраган.

Музокараларда ҳимоя томони эса айбловларни рад этиб, айрим далиллар, жумладан, уйда ўтказилган тинтув қонунийлигига эътироз билдирган.
8 май куни Мирзо Улуғбек туман суди Санжар Каримовни юқоридаги учта модда бўйича айбдор деб топиб, унга 5 йил озодликдан маҳрум қилиш ва БҲМнинг 410 баравари миқдорида жарима тайинлади. Ўша вақтда 410 БҲМ 168 миллион 920 минг сўмга тенг эди. Жазоларни алоҳида-алоҳида ижро этиш белгиланди.

Суд, шунингдек, жабрланувчи Ш.А.га етказилган моддий зарар қопланганини қайд этди.
Каримов биринчи инстанция суди ҳукмидан норози бўлиб, апелляция шикояти берди. Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида иш қайта кўриб чиқила бошлади. Апелляция жараёнида ҳимоя томони қатор қўшимча далилларни тақдим этди ва айбловларнинг асослилигига эътироз билдирди.

Август ойида судлов ҳайъати қўшимча далилларга ҳуқуқий баҳо бериш зарурати туфайли суд терговини қайта бошлади. Жумладан, ҳимоя томони АҚШдан олинган аудио ёзув стенограммасини тақдим этган ва унда Санжар Каримов билан жабрланувчи мақомидаги Феруза Раҳматуллаева ўртасидаги суҳбат акс этгани айтилган.

Сентябрь ойида ижтимоий тармоқларда Каримов суд залидан озод қилингани ҳақида хабарлар тарқалди. Тошкент шаҳар судлари бу маълумотни рад этиб, иш апелляция инстанциясида ҳали якунига етмаганини билдирган.

7 октябрь куни Санжар Каримов апелляция судида сўнгги сўзини айтди. У суддан ишни нафақат қонун, балки виждон нуқтаи назаридан ҳам баҳолашни сўраб, оиласи бағрига қайтишни исташини билдирди. Шундан сўнг суд ҳайъати ҳукм чиқариш учун ишни кўриб чиқишни давом эттирди.

Teglar

Mavzuga oid

«Реал Санжик» 5 йил қамоқда қолади: апелляция суди ҳукм чиқарди | Vaqt.uz