Саида Мирзиёева Сержио Гор билан АҚШ авиаташувчи кемасига чиқди
Дунёнинг энг йирик ядровий ҳарбий кемаларидан бири бўлган «USS George Washington» бортидаги мазкур ташриф Ҳиндистон соҳиллари яқинида бўлиб ўтди.
© Saida Mirziyoyeva Telegram kanaliПрезидент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор билан бирга Ҳиндистон соҳиллари яқинида дунёнинг энг йирик авиаташувчи кемаларидан бири – «USS George Washington»га чиқди. Бу ҳақда Саида Мирзиёева ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди.
«Бу улкан кема тузилиши, ноёб технологиялари билан танишиш ва экипаж аъзоларининг фаолиятини кузатиш ўзгача таассурот қолдирди», - дейди Саида Мирзиёева.
Маълумот учун, «USS George Washington» (CVN-73) — АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларининг «Нимиц» тоифасидаги ядровий авиаташувчи кемаси. 1992 йилда фойдаланишга топширилган ушбу кема «сузувчи шаҳар» деб аталади: унинг узунлиги 333 метрни ташкил этади, бортига 90 тагача самолёт ва вертолётни сиғдира олади ҳамда 5 500 дан ортиқ экипаж аъзоси хизмат қилади.
У иккита ядро реактори ёрдамида ҳаракатланади ва ёқилғи қуймасдан 20–25 йил давомида сузиши мумкин.
Ҳозирда ушбу кема Ҳинд-Тинч океани минтақасида хавфсизликни таъминлаш ва халқаро ҳамкорлик миссияларини бажармоқда.





