
Россия иқтидорли мигрантлар учун махсус виза жорий этмоқчи
Бу орқали Россия фойдали бўлган малакали ходимларни жалб қилиш ва миграция сифатини оширишни кўзламоқда.

Россия Федерацияси 2026 йил апрелидан бошлаб хорижликлар учун «истеъдод визаси»ни жорий этади. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров маълум қилди.
ТИВ раҳбари таъкидлашича, Россияда сифатли миграция жараёнларини соддалаштиришга қаратилган 883-сонли президент фармони аллақачон қабул қилинган. Ҳужжат Россия Федерацияси учун манфаатли ҳисобланган «истеъдодли хорижликлар»нинг кўчиб келиши ва фаолиятини қўллаб-қувватлашни назарда тутади. Виза жорий этиш ғояси эса 2026 йил январь ойи ўрталарида Давлат думасининг иқтисодий сиёсат қўмитаси раиси ўринбосари Михаил Делягин томонидан илгари сурилган.
«Илмий ва технологик ривожланиш, ишлаб чиқариш, спорт, ижодий соҳаларда ютуқларга эришган, маданий-гуманитар соҳаларда ва таълимда муваффақиятларга эришган, жамият, иқтисодиёт, Россия Федерациясининг мудофааси ва хавфсизлигини ривожлантиришга ҳисса қўшган ёки айниқса талаб юқори бўлган касб (мутахассислик), малака ёки кўникмаларга эга бўлган чет элликлар Россия манфаатларини ифодаловчи сифатида тан олиниши учун ариза беришлари мумкин», — деган Лавров.
Фармонга кўра, илмий-технологик ривожланиш, ишлаб чиқариш, спорт ва креатив саноатлар соҳасида ютуқларга эришган хорижликлар ушбу визага даъвогар бўлиши мумкин. Шунингдек, маданий-гуманитар йўналишдаги муваффақиятлар, таълим соҳасидаги ютуқлар ҳам асос сифатида кўрилади. Россия иқтисодиёти, жамияти, мудофаа қобилияти ва хавфсизлигига қўшилган ҳисса ҳам муҳим мезонлардан ҳисобланади.
Алоҳида талаб юқори бўлган касб, мутахассислик, малака ёки кўникмаларга эга фуқаролар ҳам «истеъдод визаси»га даъвогар бўлиши мумкин. Бироқ ҳозирча бундай касблар рўйхати аниқ белгиланмаган бўлиб, қарорлар индивидуал тарзда қабул қилинади.
«Истеъдод визаси» доирасида хорижликларга бир йилгача муддатга кўп марталик ишбилармонлик визалари берилади. Ушбу визаларни расмийлаштириш бўйича ишлар 2026 йил 15 апрелгача Россия элчихоналари ва консуллик муассасаларида тўлиқ йўлга қўйилиши керак.





