add

Россия нефтни зарарга сотмоқда: Хитой ва Ҳиндистон учун рекорд чегирмалар

Bugun 08:302 daqiqa

Россия нефт компаниялари Хитой ва Ҳиндистонга катта чегирмалар бериш ортидан айрим конларда нефт қазиб олишни зарар билан амалга ошира бошлади.

Россия нефтни зарарга сотмоқда: Хитой ва Ҳиндистон учун рекорд чегирмалар

Россия нефт саноати санкциялар ва бозор босими шароитида тобора қийин ҳолатга тушмоқда. Хитой ва Ҳиндистонга берилган рекорд чегирмалар туфайли айрим компаниялар нефтьни амалда зарар билан сотишга мажбур бўляпти, деб ёзади Reuters манбалар ва соҳадаги таҳлилчиларга таяниб.

Argus маълумотларига кўра, ўтган ҳафтада Россиянинг Urals навли нефти Болтиқ ва Қора денгиз портларида 33–34 доллар атрофида сотилган. Бу пандемия давридан бери энг паст кўрсаткич ҳисобланади. Ушбу нарх Brent маркасига нисбатан 27 доллар чегирмани англатади. Айрим партиялар Хитой НПЗларига ҳатто 35 доллар чегирма билан, деярли ярим нархда етказиб берилган.

Натижада нефт қазиб олиш соҳасида рентабеллик масаласи ўта кескинлашди. БКС таҳлилчиси Кирилл Бахтинга кўра, айрим нефт лойиҳалари, айниқса қазиб олиш шароити мураккаб бўлган конлар, аллақачон «минус»га кириб бўлган.

Фойда билан ишлаётган асосий сегмент — фойдали қазилмалар қозиб олиш учун солиқ (НДПИ) бўйича имтиёзли ставка қўлланиладиган конлардир. Reuters ҳисоб-китобларига кўра, нефть ишлаб чиқарувчиларнинг тахминан 20 фоизи ноллик НДПИ тўлайди ва ҳозирги Urals нархларида ҳам ҳар баррелдан 20 доллар атрофида савдо фойдасини сақлаб қоляпти. Яна 30 фоиз компания имтиёзли ставка ҳисобига плюста қолмоқда.

Энергетика ва молия институти эксперти Максим Шевиренковнинг таъкидлашича, асосан Волгабўйи ва Ғарбий Сибирдаги эски, инфратузилмага яқин конлар ўзини нисбатан яхши ҳис қиляпти. Аксинча, тўлиқ НДПИ тўлайдиган, географик жиҳатдан узоқ ва қазиб олиш қийин бўлган конлар ҳар баррелдан тахминан 5 доллар зарар кўряпти.

Бахтиннинг ҳисоб-китобларига кўра, Urals нархи 40 доллар атрофида бўлган шароитда ҳар баррелнинг тахминан 65 фоизи (26 доллар) солиқларга кетади. Яна 4 доллар қазиб олиш харажатлари, 7 доллар транспорт сарфларига тўғри келади. Компания ихтиёрида эса бор-йўғи 3 доллар қолади, бу маблағ эса инвестиция, бурғулаш ва келгуси ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш учун етарли эмас.

Санкциялар туфайли Ғарб технологияларидан маҳрум бўлган нефть соҳаси секин-аста тизимли инқирозга яқинлашаётганини Ҳарвард университети қошидаги Давиc маркази эксперти Крейг Кеннеди ҳам қайд этади.

2025 йил биринчи ярмида «Rosneft» фойдаси уч бараварга, «Lukoil» — икки бараварга, «Gazpromneft» — 54 фоизга камайди. «Сургутнефтегаз» эса 6 ойда 454 млрд рубл йўқотиб, умуман зарар кўрди. Нефт-газ бюджет даромадлари январ–ноябр ойларида 21 фоизга қисқарди, декабрда эса 2020 йил августидан бери энг паст даражага тушиши кутилмоқда.

Ҳукумат 2026 йил бюджети ҳисоб-китобларини Urals нархи 56 доллар бўлади деган сценарий асосида тахлаган. Аммо амалдаги нархлар бу даражадан қарийб учдан бирга паст. Иқтисодчи Егор Сусиннинг фикрича, бу ҳолат нефт-газ даромадларида катта камомад хавфини кучайтиради ва январ ойида бу жараён янада тезлашиши мумкин.

Teglar

Mavzuga oid