add

Россияда амалдорларнинг бойлиги сир сақланадиган бўлди

Bugun 20:381682 daqiqa

Россия Давлат думаси амалдорлар ва депутатлар учун мажбурий йиллик декларация топширишни бекор қилди. Аввал Путиндан тортиб Володингача ҳаммаси мол-мулки миқдорини очиқлашга мажбур эди.

Россияда амалдорларнинг бойлиги сир сақланадиган бўлди

Россия Давлат думаси амалдорлар ва депутатлар учун ҳар йили даромадлари ҳамда мол-мулки ҳақида ҳисобот бериш мажбуриятини бекор қилувчи қонунни қабул қилди. Энди давлат хизматчилари фақат маълум асослар юзага келгандагина ўз молиявий ҳолатлари ҳақида маълумот тақдим этадилар.

Давлат думаси иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилган янги қонунга кўра, мансабдор шахслар, давлат хизматчилари ва парламентарийлар ҳар йили декларация топширишдан озод этилган. Ҳисобот бериш мажбурияти фақат аниқ ҳолатларда, масалан, ишга киришда, бошқа идорага ўтишда ёки оиланинг охирги уч йиллик даромадидан ортиқ бўлган йирик харидларни амалга оширишда сақланиб қолади.

Шунингдек, тақдим этилган маълумотларни очиқ манбаларда эълон қилиш ҳам режалаштирилмаяпти, бу эса давлат бошқарувидаги шаффофликнинг янада камайиши сифатида баҳоланмоқда.

Қонун ташаббускорларидан бири Василий Пискаревнинг таъкидлашича, эски форматдаги декларация топшириш тизими аллақачон эскилик сарқити бўлиб қолган. Ҳозирда амалдорларнинг молиявий аҳволини доимий мониторинг қилиш «Посейдон» рақамли антикоррупция тизими орқали амалга оширилмоқда. Расмийларнинг фикрича, ушбу рақамли назорат амалдорларнинг даромад ва харажатларини автоматик тарзда кузатиш имконини беради ва ортиқча қоғозбозликка чек қўяди.

Парламентдаги мунозаралар давомида «Справедливая Россия» партияси вакиллари қонунга қарши чиқиб, унинг қабул қилиниши коррупция устидан ижтимоий назоратни заифлаштиришини таъкидладилар. Бунга жавобан «Единая Россия» депутати Дмитрий Вяткин агар бирор сиёсатчи ўзини ҳалол кўрсатмоқчи бўлса, ОАВга ўз мулки ҳақида ихтиёрий равишда гапириб бериши мумкинлигини киноя билан билдирди.

Эслатиб ўтамиз, Россияда амалдорларнинг даромадлари ҳақидаги маълумотлар 2023 йилдан буён жамоатчилик учун очиқланмай келаётган эди.

Қонун лойиҳаси 10 декабр куни Давлат думасига киритилган бўлиб, уни барча фракциялардан иборат депутатлар гуруҳи қўллаб-қувватлаган. Якуний овоз бериш жараёнида 311 нафар депутат ҳужжатни ёқлади, 75 нафари эса қарши чиқди ёки бетараф қолди.

Мутахассисларнинг фикрича, мажбурий декларациянинг бекор қилиниши давлат хизматчиларининг иқтисодий фаолиятини жамоатчилик назоратидан тўлиқ чиқариб, фақат идоравий назорат доирасида қолдиради.

Teglar

Mavzuga oid

Россияда амалдорларнинг бойлиги сир сақланадиган бўлди | Vaqt.uz