add

Россияда «Электрон кишан»: Энди ҳар бир мигрантнинг қадами «Амина» орқали кузатилади

Bugun 21:004422 daqiqa

Аввал Москвада тажриба тариқасида қўлланган «Амина» иловаси энди бутун Россия бўйлаб мигрантларни кузатади.

Россияда «Электрон кишан»: Энди ҳар бир мигрантнинг қадами «Амина» орқали кузатилади

Россия ҳукумати меҳнат мигрантлари ҳаракатини назорат қилиш мақсадида ишлаб чиқилган «Амина» мобил иловасини мамлакатнинг барча ҳудудларида қўллаш бўйича қарор қабул қилди. Бу ҳақдаги хабарни Москва мэри Сергей Собянин эълон қилди.

Қайд этилишича, илгари фақат Москва шаҳри ва вилоятида тажриба тариқасида ишлатилган ушбу тизим энди бутун Россия бўйлаб ким кириб келаётгани ва қаерда яшаётганини реал вақт режимида кузатиш имконини беради.

Москва мэри Сергей Собяниннинг маълум қилишича, «Амина» иловасини бошқа ҳудудларга ёйиш бўйича якуний қарор қабул қилинган.

«Кеча Хавфсизлик кенгашининг биринчи ўринбосари Медведев раҳбарлигидаги комиссия бу масалаларни кўриб чиқди ва тажрибани муваффақиятли деб баҳолади. Мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларига ва ўтиш дастурларига уни жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу орқали мамлакатимизнинг бутун чегараси бўйлаб кимлар кираётгани, кимлар чиқаётгани ва улар қандай одамлар эканини кўриб туришимиз мумкин бўлади», - деди у.

Белгиланган тартибга кўра, 2025 йилнинг 1 сентабридан бошлаб Москва шаҳри ва вилоятида ишлаётган меҳнат мигрантлари ушбу иловани телефонига ўрнатишлари шарт қилинган эди. Тизим геолокация маълумотларини тўғридан-тўғри Россия Ички ишлар вазирлигига юбориб туради.

Янги талаблар Марказий Осиё давлатлари, жумладан Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон фуқаролари билан бир қаторда Арманистон, Озарбойжон ва бошқа МДҲ давлатларидан келган ишчилар учун ҳам мажбурий ҳисобланади. Ҳозирча илованинг қолган ҳудудларда тўлиқ ишга тушиш муддатлари бўйича аниқ сана очиқланмаган.

Teglar

Mavzuga oid