
Россияда мигрантларни ишдан бўшатиш учун асослар рўйхати кенгайтирилади
ОАВга кўра, 1 мартдан ҳудудий тақиқлар асосида мигрантларни ишдан бўшатиш қонуний кучга эга бўлади.

Россияда чет эл фуқаролари билан меҳнат шартномаларини бекор қилиш учун асослар кенгайтирилади. Меҳнат қонунчилигига киритилган ўзгартиришлар 2026 йил 1 мартдан кучга киради, дея ёзмоқда 24.kg.
Янги қонунга кўра, иш берувчилар мигрантларни нафақат федерал даражада чекловлар жорий этилганда, балки минтақавий ҳокимият органлари томонидан тегишли қарорлар қабул қилинган тақдирда ҳам қонуний равишда ишдан бўшатишлари мумкин бўлади. Гап алоҳида фаолият соҳаларига чет эл ишчи кучини жалб қилиш тақиқи ҳақида бормоқда.
Илгари бундай чекловлар, масалан, Москва области, Краснодар ўлкаси, Новгород ва Нижний Новгород областларида жорий этилган эди. У ерда минтақавий норматив ҳужжатлар патент асосида ишловчи чет эл фуқароларини қатор соҳаларда ишга жойлаштиришни тақиқлаган.
Миграция сиёсатини қаттиқлаштириш
Шу вақтгача Россия Меҳнат кодексида минтақавий тақиқлар туфайли ишчини бўшатиш механизми аниқ кўрсатилмаган эди. Маҳаллий ҳокимият бирор соҳада (масалан, такси ёки умумий овқатланиш) мигрантларга ишлашни тақиқласа, иш берувчи уни бўшатишга қонуний асос тополмаган. Янги қонун иш берувчиларга шундай асос беради.
Ҳозирда Россиянинг 30 дан ортиқ минтақасида мигрантларнинг муайян соҳаларда ишлашига чекловлар ўрнатилган. Энг кўп тақиқлар транспорт (такси ва автобуслар), чакана савдо, таълим ва тиббиёт соҳаларига тегишли.
Чекловлар асосан патент асосида ишловчи (Визасиз давлатлар, жумладан Ўзбекистон, Тожикистон фуқаролари) мигрантларга тегишли. Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕАЭС) аъзолари (Қирғизистон, Қозоғистон, Арманистон, Беларус) учун одатда истиснолар мавжуд.





