Трамп криптовалютадан миллиардлаб доллар даромад олмоқда. Қандай қилиб?
АҚШ президенти ва унинг оиласи иккинчи президентлик муддати давомида криптовалюта лойиҳаларидан 2 млрд доллардан ортиқ даромад топди. Бироқ хорижий инвесторлар, давлат қарорлари ва шахсий бизнес ўртасидаги боғлиқлик коррупция ҳамда манфаатлар тўқнашуви ҳақидаги баҳсларни кучайтирмоқда.
© Foto: Getty ImagesАҚШ президенти Доналд Трампнинг иккинчи президентлик муддатидаги даромадларининг асосий қисми криптовалюта бизнеси ҳиссасига тўғри келмоқда. Center for American Progress (CAP) таҳлил маркази тадқиқотчилари ҳисоб-китобига кўра, Трамп ва унинг оиласи иккинчи президентлик муддати бошланганидан буён қарийб 3 млрд доллар ишлаб топган. Ушбу маблағнинг 2 млрд доллардан ортиғи айнан криптолойиҳалар орқали келган.
NPR нашри таҳлилига кўра, бу даромадларнинг катта қисми икки йирик лойиҳа — $TRUMP мемкоини ва World Liberty Financial ҳисобига шаклланган. Биринчиси Трампнинг шахсий бренди асосида чиқарилган рақамли токен бўлса, иккинчиси оиласи иштирокида ташкил этилган криптога боғлиқ молия компаниясидир.
Трампнинг криптобизнесдан олаётган даромадлари нафақат молиявий кўлами, балки АҚШ давлат сиёсати билан бир вақтда ривожланаётгани боис ҳам қизғин баҳсларга сабаб бўлмоқда. Хусусан, хорижий сармоядорларнинг Трамп оиласи компанияларига йирик маблағ киритиши ва кейинчалик АҚШ ҳукумати томонидан уларнинг манфаатларига дахлдор қарорлар қабул қилиниши сиёсий назорат ҳамда манфаатлар тўқнашуви масаласини кун тартибига олиб чиқди.
$TRUMP: президент мемкоинидан 635 млн доллар даромад
Трампнинг криптовалюта соҳасидаги илк йирик лойиҳаларидан бири $TRUMP мемкоини бўлди. У 2025 йил 17 январда — Трампнинг президентликка киришиш маросимидан уч кун аввал савдога чиқарилди.
Мемкоин интернет мемлари, машҳур шахслар ёки оммавий маданият образлари асосида яратиладиган криптоактив тури ҳисобланади. Бундай токенлар акциялар каби мулк ҳуқуқини бермайди; уларнинг қиймати фақат бозордаги талаб, таклиф ва инвесторлар қизиқишига боғлиқ бўлади.
$TRUMP токенининг умумий эмиссияси 1 млрд дона этиб белгиланган. Дастлаб унинг 20 фоизи (200 млн донаси) оммавий савдога чиқарилган, қолган 80 фоизи эса Трампга алоқадор CIC Digital LLC ва Fight Fight Fight LLC компаниялари ихтиёрида қолдирилган. Ушбу токенларни бозорга чиқариш уч йиллик босқичма-босқич тақсимлаш жадвалига боғланган. АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссиясига (SEC) тақдим этилган инвестицион ҳужжатда токен эгаларига компанияда мулк ҳуқуқи, фойда тақсимоти ёки бошқарувда иштирок этиш ҳуқуқи берилмаслиги аниқ қайд этилган.
Трампнинг 2025 йилги молиявий декларациясида $TRUMP лойиҳаси орқали CIC Digital LLC билан боғлиқ 635 млн доллар даромад олингани кўрсатилган.
Президент билан кечки овқат: токен эгаларига қандай имтиёз берилди?
$TRUMP мемкоини атрофидаги энг баҳсли ташаббуслардан бири — токеннинг йирик эгалари учун Трамп билан учрашув ва кечки овқат ташкил этилиши бўлди.
2025 йил май ойида Трамп Виржиния штатидаги голф-клубида мемкоиннинг энг йирик 220 нафар эгаси учун махсус кечки овқат уюштирди. Тадбирда қатнашиш ҳуқуқи харидорларнинг криптоҳамёнидаги токенлар миқдорига қараб белгиланди, энг кўп токен сақлаган 25 нафар иштирокчига эса алоҳида VIP қабул ваъда қилинди. Bloomberg таҳлилига кўра, рўйхатдан ўтган 220 та криптоҳамённинг камида 56 фоизи АҚШ резидентларига хизмат кўрсатмайдиган хорижий криптобиржалар орқали операциялар ўтказган. Бу иштирокчиларнинг катта қисми хорижлик бўлиши мумкинлигидан дарак беради.
Бундай тадбирлар 2026 йилда ҳам давом этди. Трампнинг учинчи крипто-кечки овқати 22 ноябр куни унинг Виржиниядаги голф-клубида ўтказилиши режалаштирилган. Reuters маълумотларига кўра, бу сафар 185 нафар токен эгаси рўйхатдан ўтиши мумкин бўлса-да, 16 ноябрда якунланган рейтингда атиги 130 та криптоҳамён қайд этилган. Уларнинг умумий қиймати 8,6 млн долларни ташкил этиб, биринчи тадбирдаги кўрсаткичдан 94 фоиз кам бўлган.
Токен нархи ҳам кескин қулаган: Reuters маълумотларига кўра, 2025 йилда 74 доллардан юқорига чиққан бир дона $TRUMP 2026 йил 16 ноябрга келиб тахминан 0,92 доллар атрофида савдо қилинган. Натижада токенни юқори нархларда сотиб олган кўплаб инвесторлар жиддий молиявий зарар кўрди, Трамп оиласи эса декларацияда қайд этилган 635 млн долларлик даромадга эга бўлди. Reuters ҳисоб-китобига кўра, Трампнинг криптовалюта билан боғлиқ бешта асосий лойиҳасига сармоя киритган ташқи инвесторлар умумий ҳисобда 5 млрд доллардан ортиқ бозор қийматини йўқотган.
World Liberty Financial: Трамп оиласининг асосий криптобизнеси
Трамп оиласининг криптовалюта даромадларининг энг катта қисми World Liberty Financial компанияси билан боғлиқ. Лойиҳа 2024 йил охирида — Трамп президентлик сайловида ғалаба қозонишидан олдин — унинг ўғиллари ҳамда кейинчалик АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили этиб тайинланган Стив Виткофф ва унинг ўғли Зак Виткофф иштирокида йўлга қўйилган. Ҳозирда Зак Виткофф компания бош директори лавозимида ишлайди.
World Liberty Financial асосан марказлашмаган молиявий хизматлар ва стейблкоинлар билан шуғулланади. Стейблкоин — қийматини муайян активга, масалан, АҚШ долларига боғлаб турадиган криптовалюта. Компаниянинг USD1 токени бир доллар қийматини сақлашга мўлжалланган бўлиб, унинг захиралари АҚШ доллари, давлат облигациялари ва бошқа пул эквивалентлари билан таъминланиши эълон қилинган.
Расмий очиқ маълумотларга кўра, Трамп ва унинг айрим оила аъзоларига алоқадор DT Marks DEFI LLC тузилмаси World Liberty Financial'га эгалик қилувчи WLF Holdco LLC компаниясининг тахминан 38 фоиз улушига эга. Шунингдек, у 22,5 млрд дона WLFI бошқарув токенига эгалик қилади ва токенлар сотувидан тушадиган маблағнинг белгиланган харажатлар ҳамда захиралар чиқариб ташланганидан кейинги 75 фоизигача бўлган қисмини хизмат ҳақи сифатида олиш ҳуқуқига эга. Бундан ташқари, Трамп оиласига алоқадор тузилма USD1 стейблкоини захиралари — масалан, АҚШ давлат облигациялари — ҳисобидан олинадиган фоиз даромадларида ҳам билвосита иқтисодий манфаатдорликка эга.
АҚШ Ҳукумат этикаси идорасига 2025 йил учун топширилган молиявий декларацияда World Liberty Financial билан боғлиқ компаниялар қарийб 800 млн доллар даромад олгани қайд этилган: шундан 520 млн доллардан ортиғи токенлар сотувидан, 250 млн доллардан зиёди эса бизнесдаги улушларни сотишдан тушган. NPR билан суҳбатлашган CAP тадқиқотчилари эса кейинги даврдаги операциялар ва USD1 захираларидан келадиган фоизларни ҳам инобатга олган ҳолда умумий даромадни 1,7 млрд доллардан юқори деб баҳолаган.
БААдан 500 млн долларлик сармоя ва АҚШнинг AI чиплари бўйича қарори
World Liberty Financial атрофидаги энг жиддий сиёсий саволлар Бирлашган Араб Амирликлари билан боғлиқ йирик инвестициядан сўнг юзага келди.
The Wall Street Journal нашрининг 2026 йил 31 январдаги суриштирувига кўра, Доналд Трампнинг президентликка киришиш маросимидан тўрт кун аввал БАА миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси ва ҳукмрон сулола вакили шайх Таҳнун бин Зоид Ол Наҳён билан боғлиқ Aryam Investment 1 компанияси World Liberty Financial'нинг 49 фоиз улушини 500 млн долларга сотиб олиш бўйича келишув имзолаган.
NPR мақоласида қайд этишича, ушбу инвестициядан бир неча ой ўтгач, АҚШ ҳукумати БААга қарийб 500 минг дона илғор сунъий интеллект чипларини етказиб беришга йўл очувчи экспорт чекловларини юмшатган. Бу чиплар БААнинг йирик маълумотлар марказларини ривожлантириш ва сунъий интеллект соҳасидаги режалари учун стратегик аҳамиятга эга.
АҚШ Сенати Банк ишлари қўмитасининг демократ аъзолари 2026 йил июн ойида эълон қилган ҳисоботда БАА сармояларидан кейин Трамп маъмурияти ушбу давлат манфаатларига мос келувчи камида ўнта сиёсий қарор қабул қилгани таъкидланган.
2 млрд долларлик Binance битими ва стейблкоиндан фойдаланиш
World Liberty Financial'нинг халқаро криптобозордаги иштироки фақат БАА инвестицияси билан чекланмади. 2025 йил май ойида компаниянинг USD1 стейблкоини Абу-Дабида жойлашган MGX инвестиция компаниясининг Binance криптобиржасига киритган 2 млрд долларлик сармоя битимини якунлаш учун танланди. Бу ҳақда Зак Виткофф Дубайдаги криптовалюта конференциясида маълум қилди. Reuters хабарига кўра, MGX шайх Таҳнун раҳбарлигидаги инвестиция тузилмаси ҳисобланади.
Ушбу йирик институционал битим USD1 стейблкоинининг бозордаги мавқеини сезиларли даражада мустаҳкамлади. Шу билан бирга, бозордаги яна бир шов-шувли воқеа Binance асосчиси Чанпэн Чжао билан боғлиқ бўлди: у 2023 йилда пул ювишга қарши қонун талабларини бузганини тан олиб, компания раҳбарлигидан кетган ва АҚШда қамоқ жазосини ўтаган, 2025 йилда эса Трамп уни афв этган эди.
Воқеаларнинг бундай кетма-кетлиги World Liberty, Binance, MGX ва Трамп маъмурияти ўртасидаги алоқалар юзасидан муҳокамаларни янада кучайтирди. Бироқ 2 млрд долларлик битим айнан Чжаонинг афв этилиши эвазига тузилганини тасдиқловчи суд қарори ёки расмий далил мавжуд эмас. Binance вакили NPRга стейблкоиннинг қабул қилиниши сиёсий таъсир ёки юридик қарорга эришиш мақсадида амалга оширилгани ҳақидаги даъволарни рад этди.
Трамп маъмурияти криптовалюта бозорини қандай ўзгартирди?
Трамп биринчи президентлик даврида ва 2024 йилги сайлов кампаниясининг бошида криптовалюталарга шубҳа билан қараган бўлса-да, кейинчалик ўзини ушбу соҳанинг фаол тарафдори сифатида намоён эта бошлади.
2025 йил январ ойида у рақамли активлар соҳасида АҚШ етакчилигини мустаҳкамлашга қаратилган фармонни, шу йил 18 июлда эса стейблкоинлар учун федерал тартибга солиш тизимини жорий этган GENIUS Act қонунини имзолади. Қонун стейблкоин чиқарувчилар зиммасига захираларни таъминлаш, очиқ ҳисобот бериш ва пул ювишга қарши талабларга риоя қилиш мажбуриятини юклайди.
Гарчи GENIUS Act бутун АҚШ тўлов стейблкоинлари бозори учун умумий қоидаларни белгиласа-да, президент оиласининг айнан шу соҳада йирик бизнес манфаатларига эгалиги сиёсий қарорлар атрофида манфаатлар тўқнашуви ҳақидаги саволларни келтириб чиқармоқда. Reuters маълумотларига кўра, Трамп маъмурияти крипто соҳасидаги айрим давлат назорати ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш чораларини ҳам юмшатиб, рақамли активлар компаниялари учун қулайроқ муҳит яратган.
Коррупция ва манфаатлар тўқнашуви ҳақидаги саволлар
Трамп оиласининг криптобизнеси юзасидан асосий баҳс давлат раҳбари ваколатлари билан шахсий молиявий манфаатларнинг бир вақтда уйғунлашиб қолганига бориб тақалади.
АҚШнинг аввалги президентлари бизнес манфаатларидан узоқлашиш мақсадида активларини мустақил бошқарувдаги трастларга топширган. Трампнинг бизнеслари эса фарзандлари бошқарадиган траст орқали юритилади. Reuters таъкидлашича, президент ушбу активлардан тушадиган даромаднинг бенефициари бўлиб қолмоқда ва бу ҳолат унинг оиласига алоқадор компаниялар давлат қарорларидан фойда кўриши мумкинлиги ҳақидаги мунозараларни кучайтирмоқда.
Трамп CBS телеканалининг «60 Minutes» дастурига берган интервюсида World Liberty Financial ва бошқа бизнеслари билан фарзандлари шуғулланишини, ўзи эса шахсий бойлиги масаласига деярли вақт сарфламаслигини айтди. Оқ уй ҳам манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилмаганини билдириб, криптосоҳани қўллаб-қувватлаш мамлакат иқтисодиёти ва рақамли технологиялар етакчилигига хизмат қилишини таъкидламоқда.
Шунга қарамай, АҚШ Конгрессидаги демократлар ушбу бизнеслар юзасидан текширув бошлашга ҳозирланмоқда. 2026 йилги оралиқ сайловлардан сўнг Конгресснинг ҳар икки палатасида назорат ваколатларини қўлга киритган демократлар 2027 йил январидан Трамп оиласининг бизнес алоқаларини ўрганишни режалаштирган.
Инвесторлар зарар кўраётган бир пайтда Трамп оиласининг даромади ўсмоқда
Трампнинг криптобизнесидаги энг эътиборли жиҳат — лойиҳаларга сармоя киритган оддий инвесторлар ва компанияларга алоқадор шахсларнинг молиявий натижалари ўртасидаги кескин тафовутдир.
АҚШ Ҳукумат этикаси идорасига топширилган 2025 йиллик декларацияда Трамп криптобизнеслардан 1,4 млрд доллардан ортиқ даромад олганини кўрсатган. Reuters ҳисоб-китобига кўра, оила 2025 йилдан 2026 йил апрелигача криптолойиҳалардан камида 2,3 млрд доллар ишлаб топган. Center for American Progress'нинг 2026 йил ноябр ойидаги ҳисоб-китобида эса Трамп ва унинг оиласига тегишли жами тушум ва совғалар қарийб 2,94 млрд долларга етиб, шундан 2,42 млрд доллари криптовалюта лойиҳалари ҳиссасига тўғри келган.
Шу тариқа, Трамп оиласининг криптовалюта бизнеси бир томондан миллиардлаб долларлик даромад манбаига айланган бўлса, бошқа томондан инвесторлар учун жиддий бозор хатарларини юзага келтирди. Хорижий сармоядорлар иштироки, давлат қарорлари билан вақт жиҳатидан мос келган битимлар ва президентнинг ўз бизнесидаги иқтисодий манфаатлари эса АҚШда сиёсий ва ҳуқуқий назорат масаласини янада долзарблаштирмоқда.





