Logo

Сенат Марказий банк мустақиллигини кенгайтирувчи қонунни маъқуллади

Bugun 16:523 daqiqa

Қонун пул-кредит сиёсати, банк назорати ва тўлов тизимларини тартибга солишда Марказий банкнинг мустақил қарор қабул қилиш ваколатларини кенгайтиради. Шунингдек, регуляторнинг айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини соддалаштирилган тартибда 10 иш кунида давлат рўйхатидан ўтказиш белгиланмоқда.

Сенат Марказий банк мустақиллигини кенгайтирувчи қонунни маъқуллади

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 2-октябр куни Марказий банкнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишдаги мустақиллигини кенгайтиришга қаратилган қонунни маъқуллади.

Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Эркин Гадоевга кўра, ўзгартишлар пул-кредит сиёсати, банк назорати ва тўлов тизимларини самарали тартибга солиш ҳамда молия бозоридаги фавқулодда ҳолатларга тезкор жавоб бериш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қонун «Марказий банк тўғрисида», «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида», «Савдо-саноат палатаси тўғрисида» ва «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонунларга ўзгартиш киритади.

Текширув тартиби ўзгаради

Янги тартибга-кўра, Марказий банк, унинг ҳудудий бош бошқармалари ва тасарруфидаги ташкилотлар фаолиятини текшириш Сенат қарори асосида ёки қонунчиликда бевосита назарда тутилган ҳолларда амалга оширилади.

Шу билан бирга, Марказий банк норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказиш жараёнида уларнинг Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларига мувофиқлиги текширилади.

Марказий банк юридик хизматининг ижобий хулосаси мавжуд бўлган айрим ҳужжатлар соддалаштирилган тартибда 10 иш куни ичида давлат рўйхатидан ўтказилади. Бу тартиб пруденсиал нормативлар, корпоратив бошқарув, ички аудит, рискларни бошқариш ва аҳолининг қарз юкига оид талабларга ҳам тааллуқли бўлади.

Бошқа ваколатлар

Қонун Марказий банк норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари лойиҳаларини Савдо-саноат палатаси билан мажбурий келишиш талабини бекор қилади. Сенат муҳокамасида бизнес-омбудсман билан мажбурий келишиш амалиётидан ҳам воз кечилиши айтилди.

Марказий банк раиси ўринбосари Санжар Носиров банклар ва молия ташкилотлари тадбиркорлик субъектлари бўлса-да, улар молиявий ресурсларни қайта тақсимлашда алоҳида ўрин тутишини таъкидлади.

«Бу келишувни бекор қилиш тадбиркорлик фаолиятига аралашувга олиб келмайди ва тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилишга салбий таъсир кўрсатмайди», — деди у.

Янги нормалар айрим Марказий банк ҳужжатларини умумий уч ойлик кечиктиришсиз кучга киритиш имконини ҳам беради.

ХВЖ ва Жаҳон банки тавсиялари

Қонун Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банкининг Молия секторини баҳолаш дастури (FSAP) доирасида берилган тавсиялар инобатга олинган ҳолда ишлаб чиқилган. Баҳолаш 2024 йил охири — 2025 йилда ўтказилган бўлиб, Санжар Носировга кўра, бу Ўзбекистон молия тизимининг илк комплекс баҳолаши ҳисобланади.

Унинг таъкидлашича, халқаро экспертлар мамлакатда амалга оширилаётган молиявий ислоҳотларнинг самарадорлиги ва уларнинг халқаро меъёрларга мувофиқлигини таҳлил қилган. Баҳолаш якунида Ўзбекистонга ҳисобот ва тегишли тавсиялар тақдим этилган.

Марказий банк раиси ўринбосари ушбу тавсияларнинг бажарилишини банк секторининг инвестициявий жозибадорлиги билан ҳам боғлади. Унинг сўзларига кўра, халқаро инвесторлар мамлакат молия бозорини баҳолашда FSAP натижалари ва молия тизимининг халқаро стандартларга мувофиқлигига эътибор қаратади.

«Халқаро даражада фаолият юритадиган бундай инвесторлар учун FSAP баҳолаш натижалари ва тизимимизнинг халқаро меъёрларга қай даражада мос келиши жуда муҳим», — деди у.

Носировнинг қайд этишича, Марказий банк фаолиятини текшириш тартибини аниқлаштириш ва унинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қабул қилиш жараёнини соддалаштириш FSAP тавсияларидан келиб чиққан. Бу ўзгартишлар банк назорати самарадорлигини ошириш ва регуляторнинг ваколатларини аниқ белгилашга қаратилган.

Teglar

Mavzuga oid