Logo

Марказий банк янги энергия тарифларини бир неча йил олдин эълон қилишни таклиф этди

Kecha 18:302 daqiqa

Регуляторга кўра, тарифлар ўзгаришини олдиндан эълон қилиш аҳоли ва корхоналарга келгуси харажатларини режалаштириш имконини беради.

Марказий банк янги энергия тарифларини бир неча йил олдин эълон қилишни таклиф этди © Ijtimoiy tarmoqlar

Ўзбекистонда коммунал хизматлар учун тарифларнинг келгуси бир неча йилга мўлжалланган ўзгариш жадвали ва параметрларини олдиндан эълон қилиш таклиф этилди. Бу ҳақда Марказий банкнинг 2027-йил ва 2028−2029-йилларга мўлжалланган пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишлари концептуал лойиҳасида маълум қилинди.

Мазкур чора аҳоли ва корхоналарга ўз харажатларини ўрта муддатга режалаштириш ҳамда инфляцион кутилмаларни барқарорлаштиришга ёрдам бериши мумкинлиги қайд этилган.

Ҳужжатга кўра, энергетика соҳасида тарифларни иқтисодий асосланган даражага яқинлаштириш тизимни модернизация қилиш учун молиявий замин яратади.

Бироқ таъкидланишича, тарифларнинг ўзгариши қисқа муддатда истеъмол нархлари ва ишлаб чиқариш харажатларига қўшимча босим кўрсатади. Ислоҳотларнинг барқарор самараси эса хизматлар сифати, бошқарув самарадорлиги ва таъминот ишончлилигини оширишга, шунингдек, технологик йўқотишларни камайтиришга боғлиқ бўлади.

Электр тармоқларини янгилаш зарурати


Марказий банк энергияга талаб ортиб бораётган шароитда фақат ишлаб чиқариш қувватларини эмас, балки электр тармоқларини ҳам янгилаш ва таъминот узлуксизлигини ошириш зарурлигини билдирмоқда.

Янги энергетика қувватларининг ишга туширилиши ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кенгайиши таъминот имкониятларини оширмоқда. Аммо электр тармоқларининг эскириши, энергия йўқотишлари ва айрим ҳудудлардаги узилишлар мавжуд қувватлардан тўлиқ фойдаланишни чеклаши мумкинлиги айтиб ўтилган.

Эслатиб ўтамиз, 1-июндан Ўзбекистонда электр энергияси ва табиий газ тарифлари яна оширилган эди. Бунда маиший истеъмолчилар учун истеъмол ҳажмига қараб табақалаштирилган тарифлар сақлаб қолиниб, электр энергияси учун ойига 201 дан 500 кВт⋅соатгача бўлган янги босқич жорий этилди.

Шунингдек, 2026-йил бошидан бошлаб аҳоли учун электр энергияси ва газ тарифларини йиллик инфляцияни ҳисобга олган ҳолда, 10 фоиздан ошмаган миқдорда ҳар йили индексация қилиш механизми амал қилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid