
Шавкат Мирзиёев Давосда Тинчлик кенгаши низомини имзолади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 22 январ куни Давос шаҳрида АҚШ Президенти Доналд Трамп ташаббуси билан ташкил этилаётган Тинчлик кенгаши низомини имзолаш маросимида иштирок этди.

АҚШ Трамп Ғазода барқарор тинчликни таъминлаш ва ҳудудни қайта тиклашга қаратилган 20 банддан иборат режани илгари сурмоқда. Ушбу режани амалга ошириш учун янги халқаро тузилма — Тинчлик кенгаши ташкил этилмоқда, унга АҚШ президентининг ўзи раислик қилади.
Тинчлик кенгашига доимий аъзо бўлиш учун давлатлардан 1 миллиард доллар миқдорида бадал тўлаш талаб этилади. Трамп танқидчилари ушбу тузилмани Бирлашган Миллатлар Ташкилотига муқобил институт сифатида баҳоламоқда.
«Биз саккизта можарога нуқта қўйдик, ишонаманки, яқин орада яна биттасини тугатамиз. Сизлар у қайси эканини билиб турибсизлар. Уни мен энг осонларидан бири деб ўйлагандим, лекин энг мураккаби бўлиб чиқди», — деди Трамп Низомни имзолаш маросимида чиқиш қила туриб.
Америка етакчиси Украина масаласида томонларда жуда катта муваффақиятга эришганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, учинчи жаҳон уруши бошланиши хавфи ўтиб кетган.
Аввалроқ Доналд Трамп Тинчлик Кенгашига аъзо бўлиш учун 60 та давлатга таклифнома юборгани хабар қилинган эди.

Гарчи Франция бошлиқ Европанинг етакчи давлатлари Кенгашда иштирок этишдан бош тортган бўлса-да, Трампга кўра 35 та давлат Тинчлик Кенгаши Низомини имзолашга тайёр эканликларини билдиришган.
Улар орасида Аргентина, Арманистон, БАА, Беларус, Венгрия, Виетнам, Индонезия, Иордания, Марокаш, Миср, Озарбойжон, Покистон, Саудия Арабистони, Туркия, Ўзбекистон ва Қозоғистон каби давлатлар бор.
Франция АҚШ президенти Доналд Трамп Ғазо бўйича Тинчлик кенгашига аъзо бўлишни рад этган. Бунга нисбатан Трамп агар Париж кенгашга қўшилмаса, француз вино ва шампанларига 200 фоизлик бож жорий этишини маълум қилганди.





