
Сиддиқов ўрнига Сангинов: «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси ўзгарди
«Ўзбекнефтгаз» АЖни икки йилдан ортиқ вақт мобайнида бошқариб келаётган Баҳодиржон Сиддиқов ўрнига Абдуғани Сангинов тайинлангани айтилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган ва ҳозирча расман тасдиқланмаган хабарларга кўра «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Баҳодиржон Сиддиқов лавозимидан озод этилди. У 2023 йил 12 мартдан буён компания раҳбари сифатида фаолият юритиб келаётган эди.
Б.Сиддиқов ўрнига «Ўзбекгидроэнерго» компаниясини бошқаруви раиси лавозимида ишлаб келган Абдуғани Сангинов тайинлангани айтилмоқда.
Маълумот ўрнида, Баҳодиржон Сиддиқов фаолияти давомида турли масъул лавозимларда ишлаган. Хусусан, 2009–2010 йилларда «Нефтегазинвест» шўъба корхонаси директори лавозимида фаолият олиб борган. 2010–2016 йилларда у «Uzbekistan GTL» қўшма корхонасида директор ўринбосари, директор ва молиявий директор вазифаларини бажарган. 2016–2017 йилларда эса «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компаниясида прогнозлаш, ресурслар ва инвестиция дастурлари бўйича бош бошқарма бошлиғи ҳамда «Нефтгазинвест» МЧЖ директори сифатида ишлаган.
Шунингдек, 2017–2019 йилларда «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раисининг истиқболли ривожлантириш ва инвестициялар бўйича ўринбосари бўлган Баҳодиржон Сиддиқов 2019–2020 йилларда жамият бошқаруви раиси лавозимини ҳам эгаллаган. Кейинчалик у Энергетика вазирлиги ҳузуридаги нефт-газ тармоғини ислоҳ қилиш лойиҳа офисида раҳбарлик лавозимларида ишлаган.
2021–2023 йилларда эса «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖда «Ёшлик I» конини ўзлаштириш инвестиция лойиҳаси офиси директори сифатида фаолият юритган.
Баҳодиржон Сиддиқовнинг «Ўзбекнефтгаз»даги кейинги фаолияти ва унинг ўрнига ким тайинланиши ҳозирча расман маълум қилинмаган.





