Солиқчиларнинг сохта рейтинглари орқали 82 млрд сўм ҚҚС ноқонуний қайтарилган

26.05.2025 | 10:002 daqiqa

Солиқ идораси ходимларининг айримлари «Барқарорлик рейтинги» дастурини сохталаштириб, катта миқдорда ҚҚСни ноқонуний қайтаришга ёрдам бергани аниқланди. Давлат хавфсизлик хизмати ўтказган тадбирлар натижасида жиноий схема фош этилди ва жиноят иши қўзғатилди.

Солиқчиларнинг сохта рейтинглари орқали 82 млрд сўм ҚҚС ноқонуний қайтарилган
Тергов маълумотларига кўра, мансабдорлар 18 та хўжалик юритувчи субъектнинг хавф даражасини сунъий тарзда тушириб, 82 млрд сўм қўшилган қиймат солиғини бюджетдан қайтариш имконини яратган. Жумладан, ёғоч импорти билан шуғулланувчи МЧЖ ҳисобига 5,5 млрд сўм ҚҚС ноқонуний қайтарилган. Солиқ қўмитасининг 2 ходими, МЧЖ директори ва ҳисобчиси ҳамда 2 норасмий раҳбар гумонланувчи сифатида терговга жалб қилинди. Барча шахсларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов давомида жами 16 та объектда тинтув ўтказилиб, 79 минг АҚШ доллари, 161 млн сўм пул, 3 та LI 9 электромобили, 2 та «Gentra», 1 та «Nexia 3», юзлаб электрон сигаретлар, муҳрлар, компьютер ва телефонлар процессуал расмийлаштирилди. Солиқ қўмитаси бундай ҳолатлар қўмита ички хавфсизлик хизмати томонидан аниқланганини маълум қилди. Расмий баёнотда «фақат ҳалоллик ва шаффофлик» тамойили устувор экани, коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб борилиши таъкидланган.

Teglar

Mavzuga oid