Logo

СССРда туғилган миллиардер солиққа қарши кураш учун 102 млн доллар сарфлади

Bugun 11:253 daqiqa

Унинг ҳозирги бойлиги қарийб 260 млрд долларни ташкил қилади. Агар янги солиқ унга ҳам татбиқ этилса, у тахминан 13 млрд доллар солиқ тўлашига тўғри келиши мумкин.

СССРда туғилган миллиардер солиққа қарши кураш учун 102 млн доллар сарфлади © Reuters

Google асосчиларидан бири Сергей Брин Калифорнияда миллиардерларнинг бойлигига бир марталик солиқ жорий этилишига қарши чиқаётган «Building a Better California» ташкилотига жами 102 млн доллар хайрия қилди. Бу ҳақда «Fortune» ёзди.

Нашр ҳисоб-китобига кўра, Бриннинг ҳозирги бойлиги қарийб 260 млрд долларни ташкил қилади. Агар янги солиқ унга ҳам татбиқ этилса, у тахминан 13 млрд доллар солиқ тўлаши керак бўлиши мумкин. Бироқ Брин бу солиқдан қочиш учун Калифорнияни ундан олдинроқ тарк этган бўлиши мумкин. АҚШ ОАВларига кўра, у 2026-йил 1-январгача Невада штатига кўчиб ўтган.

Сабаби, Калифорнияда таклиф қилинаётган 40-сонли Proposition’га кўра, янги солиқ фақат 2026-йил 1-январ куни Калифорния резиденти бўлган миллиардерларга тегишли бўлади.

photo_2026-10-07_11-34-25


Шу сабабли нашр келтирган 13 млрд доллар — Бриннинг ҳозирги бойлиги асосида қилинган ҳисоб-китоб. Яъни, агар унинг бойлиги 260 млрд доллар деб олинса ва унга 5 фоизлик солиқ қўлланса, сумма тахминан 13 млрд долларни ташкил қилади.

Аммо штатдан кўчиб кетган миллиардерлар ҳам солиқдан бутунлай қутулиб қолмаслиги мумкин. «Financial Times»нинг ёзишича, Калифорния солиқ идоралари одамнинг штат билан амалдаги алоқаларини ҳам текшириши мумкин. Масалан, у штатда қанча вақт бўлиши, у ерда уйи ёки бошқа манфаатлари бор-йўқлиги ҳисобга олинади.

Агар Брин барибир 13 млрд доллар солиқ тўлаши керак бўлиб қолса, унинг солиққа қарши сиёсий кампанияга берган 102 млн доллари бу сумманинг 0,8 фоизидан ҳам кам бўлади.

Калифорнияда миллиардерлар учун 5 фоизлик солиқ жорий қилиниши мумкин

40-сонли Proposition 2026-йил 3-ноябр куни Калифорнияда овозга қўйилади. Таклифга кўра, бойлиги 1 млрд доллардан ортиқ бўлган шахсларга тегишли активларнинг айрим турларига бир марталик, 5 фоизгача бўлган солиқ жорий қилинади. Бунда кўчмас мулк ва айрим пенсия маблағлари солиқ ҳисоб-китобига киритилмайди.

Йиғилган маблағнинг 90 фоизи соғлиқни сақлаш тизимига, қолган 10 фоизи эса озиқ-овқат ёрдами, таълим ва солиқни бошқариш харажатларига йўналтирилиши режалаштирилган. Калифорния қонунчилик органининг таҳлилига кўра, бу солиқ штат бюджетига бир неча йил давомида ўнлаб миллиард доллар даромад келтириши мумкин. Бироқ солиқни жорий этишга қарши бўлганлар кампанияга тарафдорлардан анча кўп маблағ йиғган.

«Fortune» маълумотига кўра, солиққа қарши кампанияга 187 млн доллардан ортиқ, уни қўллаб-қувватловчилар эса тахминан 32 млн доллар маблағ тўплаган.

Сергей Брин солиққа қарши энг катта шахсий донор бўлган. Калифорниянинг сиёсий кампанияларни молиялаштириш бўйича расмий маълумотлар базасига кўра, Бриннинг 2026-йилдаги жами сиёсий хайриялари 106 млн долларга яқинлашган.

Брин таклиф қилинаётган солиқни Совет Иттифоқидаги тизим билан таққослаган:

«1979-йилда оилам билан социализмдан қочиб келганман ва Совет Иттифоқида унинг қандай вайронкор ва репрессив жамият яратганини биламан», — деган у.

Сергей Брин Москвада туғилган. У олти ёшида оиласи билан АҚШга кўчиб кетган. Калифорния қонунчилик органининг таҳлилида яна бир эҳтимол ҳам келтирилган: агар миллиардерларнинг бир қисми штатни тарк этса, Калифорния ҳар йили тахминан 1 млрд долларгача даромад солиғи тушумидан айрилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ миллиардерлар Британиядан чиқиб кетаётгани, Лондон нега бойларни йўқотаётгани ҳақида ёзган эдик. Кетганларнинг бойлиги 160 млрд долларга баҳоланмоқда.

Teglar

Mavzuga oid