Сукук бозори Ўзбекистонга қандай имкониятлар очади — MUOMALAT TIME #6

Bugun 19:554 daqiqa

Ўзбекистонда исломий банк хизматларини жорий этиш жараёни тезлашар экан, сукук мавзуси ҳам долзарблашмоқда. «Muomalat Time» подкастининг навбатдаги сонида экспертлар сукукнинг моҳияти, унинг облигациялардан фарқи ва мамлакат иқтисодиёти учун аҳамияти ҳақида батафсил сўз юритди.

Ўзбекистонда исломий молия тизимини жорий этиш бўйича муҳим қадамлар ташланаётган бир пайтда «сукук» атамаси ҳам тобора кўпроқ тилга олинмоқда. Мутахассислар фикрича, келгуси йилларда сукук нафақат исломий банклар фаолияти, балки мамлакат капитал бозори ва йирик инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиришда ҳам муҳим воситага айланиши мумкин.

Исломий банклар тайёргарликни бошлади

Исломий молия бўйича мутахассислар маълум қилишича, жорий йил 27 март куни қабул қилинган қонун 1 июлдан кучга киради. Шу муносабат билан Марказий банк томонидан қонун ости ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда.

Ҳозирда Марказий банк мутахассислари Малайзия, Покистон, Қозоғистон ва Қирғизистон каби давлатлар тажрибасини ўрганиб, исломий банк дарчалари фаолиятини тартибга солувчи низомлар устида иш олиб бормоқда. Шу билан бирга, тижорат банклари ҳам лицензия олиш учун зарур бўлган ички тартиб-қоидалар ва ҳужжатларни тайёрлашни бошлаган.

Экспертлар баҳосига кўра, бугунги кунда 15 дан ортиқ банк исломий банк хизматларини йўлга қўйиш учун тайёргарлик ишларини олиб бормоқда.

Капитал бозори нима учун муҳим?

Мутахассислар капитал бозорини иқтисодиётнинг «қон томирлари» деб таърифлайди. Оддий фуқаро ҳар куни капитал бозори билан тўғридан-тўғри ишламаслиги мумкин, аммо иқтисодиётга сармоя кириши, корхоналарнинг маблағ жалб қилиши ва давлат лойиҳаларининг молиялаштирилиши айнан шу тизим орқали амалга ошади.

Капитал бозорининг асосий инструментлари қаторига акциялар, облигациялар ва бошқа қимматли қоғозлар киради. Исломий молияда эса ушбу вазифани сукук бажаради.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда капитал бозорини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мамлакатда муомаладаги қимматли қоғозлар ҳажми 300 триллион сўмга яқинлашган. Шунингдек, 700 дан ортиқ эмитент ва юзга яқин фаол иштирокчи капитал бозорида фаолият юритмоқда.

Сукук аслида нима?

«Сукук» сўзи арабчадаги «сакк» сўзидан келиб чиққан бўлиб, «сертификат» деган маънони англатади.

Замонавий исломий молияда сукук инвесторнинг муайян актив, хизмат ёки иқтисодий манфаатдаги улушини тасдиқловчи қимматли қоғоз ҳисобланади. Бошқача айтганда, сукук сотиб олган шахс кимгадир пул қарз бермайди. У маълум бир актив ёки лойиҳада улушдорга айланади.

Масалан, авиакомпания янги самолётлар харид қилиш учун маблағ жалб қилмоқчи. Бунинг учун у сукук чиқаради. Инвесторлар ушбу сукукларни сотиб олади ва йиғилган маблағ эвазига самолётлар харид қилинади.

Кейинчалик авиакомпания самолётлардан фойдаланиб даромад топади ва ижара тўловлари ёки бошқа тушумлардан шаклланган даромад сукук эгаларига уларнинг улушига мутаносиб тақсимланади.

Яъни инвестор фақат пул эмас, балки активнинг ўзи билан боғланган иқтисодий манфаатга ҳам эгалик қилади.

Экспертлар сукукни оддий мисол орқали ҳам изоҳлайди. Тасаввур қилинг, уч киши биргаликда битта автомобил сотиб олди. Ҳар бири автомобил қийматининг учдан бир қисмини тўлади.

Улар автомобилнинг маълум бир қисмига эмас, балки умумий мулкдаги улушга эгалик қилади. Кейин ушбу автомобил ижарага берилса, ижарадан тушган даромад ҳам улушларига қараб тақсимланади. Агар шу улушни тасдиқловчи ҳужжат чиқарилса, уни сукукка ўхшатиш мумкин.

Сукук ва облигация ўртасидаги асосий фарқ

Мутахассисларнинг таъкидлашича, сукук ва облигация ташқи кўринишидан ўхшаш бўлса-да, уларнинг иқтисодий моҳияти кескин фарқ қилади.

Облигацияда инвестор эмитентга қарз беради ва олдиндан белгиланган фоиз ставкасини олади. Сукукда эса инвестор муайян актив ёки лойиҳада улушдор бўлади. Унинг даромади реал иқтисодий фаолият натижалари билан боғлиқ бўлади. Яна бир муҳим жиҳат — сукук ортида албатта реал актив, хизмат ёки иқтисодий манфаат бўлиши шарт. Облигацияларда эса бундай талаб ҳар доим ҳам мавжуд эмас.

Бундан ташқари, сукук шариат талабларига мувофиқ бўлиши керак. Шу сабабли алкоголь, тамаки ёки бошқа тақиқланган фаолият турлари билан боғлиқ лойиҳалар учун сукук чиқариш мумкин эмас.

Сукукни кимлар чиқариши мумкин?

Экспертлар таъкидлашича, сукук чиқариш ҳуқуқи фақат банкларга тегишли эмас.

Уни давлат, давлат иштирокидаги компаниялар, хусусий корпорациялар ва йирик молиявий ташкилотлар ҳам чиқариши мумкин.

Бугунги кунда жаҳон сукук бозорининг катта қисми давлатлар томонидан чиқарилаётган суверен сукукларга тўғри келади.

Бу маблағлар йўллар, кўприклар, энергетика объектлари, саноат корхоналари ва бошқа инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш учун жалб қилинади.

Нега давлатлар сукукка қизиқмоқда?

Мутахассислар фикрича, иқтисодиёти тез ўсиб бораётган мамлакатларда инвестицияларга бўлган талаб жуда юқори бўлади.

Давлатлар ташқи қарз жалб қилиш ўрнига аҳоли ва инвесторлар маблағларини сукук орқали йиғиши мумкин. Бу эса давлат қарз юкини қисман камайтириш ва молиялаштириш манбаларини диверсификация қилиш имконини беради.

Ҳозирги кунда жаҳон сукук бозори ҳажми 1 триллион доллардан ошган. Фақат 2025 йилнинг ўзида дунё бўйлаб 300 миллиард долларлик сукук чиқарилган.

Ўзбекистон олдида қандай вазифалар турибди?

Мутахассислар фикрича, сукук бозорини шакллантириш учун фақат қонун қабул қилишнинг ўзи етарли эмас.

Бундан ташқари, халқаро депозитарий тизимлари билан интеграция қилиш, ҳисоб-китоб инфратузилмасини модернизация қилиш ва глобал инвесторлар учун қулай механизмлар яратиш талаб этилади.

Шу мақсадда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан капитал бозори тўғрисидаги янги қонун устида иш олиб борилмоқда.

Экспертлар фикрича, мазкур ислоҳотлар амалга оширилса, Ўзбекистон нафақат исломий банк хизматларини, балки сукук бозорини ҳам ривожлантириб, маҳаллий ва халқаро инвесторлар учун янги имкониятлар ярата олади.

Teglar

Mahliyo Hamidova

Mahliyo HamidovaMaqolalar soni: 137

Barchasi

Mavzuga oid