Logo

Онлайн микроқарзлар учун суғурта: Марказий банк банкларга янги талаблар қўйди

Регулятор банклардан онлайн микроқарз ажратиш жараёнида суғурта шартлари ҳақида мижозларга очиқ ва тушунарли маълумот тақдим этиш, суғурта мукофотини қайтариш механизмини эса шаффоф йўлга қўйишни талаб қилди.

Онлайн микроқарзлар учун суғурта: Марказий банк банкларга янги талаблар қўйди © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Марказий банк Ўзбекистондаги тижорат банкларига онлайн микроқарзлар ажратилишида суғурта полислари бўйича мижозларга тўлиқ ва тушунарли ахборот етказилиши, шунингдек, суғурта мукофотининг қайтарилиш тартибини содда ва шаффоф ташкил этиш вазифасини юклаб, хат юборди.

Маълум қилинишича, Марказий банк ижтимоий тармоқларда эълон қилинган онлайн микроқарзлар ажратилиши жараёнида суғурта полиси учун суғурта мукофоти мижоз ҳисобидан ёки ажратилаётган микроқарз ҳисобидан ушлаб қолиниши, бироқ кредит муддатидан олдин тўлиқ сўндирилган тақдирда суғурта шартномасининг фойдаланилмаган даври учун суғурта мукофотининг тегишли қисми мижозларга қайтарилмаслиги ёки қайтариш тартиби етарли даражада содда ва тушунарли ташкил этилмаганлиги ҳақидаги хабарларни ўрганиб чиқмоқда.

Шу муносабат билан Марказий банк онлайн микроқарзлар ва бошқа чакана кредит маҳсулотлари билан боғлиқ ҳолда суғурта маҳсулотларини таклиф этаётган тижорат банклари ўз расмий коммуникация каналларида мазкур масала бўйича позициясини эълон қилиши зарурлигини билдирди.

Банклар ўз расмий веб-сайтлари, мобил иловалари ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали мижозларга аниқ ва тушунарли маълумот тақдим этиши лозим.

Банклар мижозларга нималарни тушунтириши керак?

Марказий банк талабига кўра, тижорат банклари аввало онлайн микроқарз расмийлаштиришда суғурта маҳсулоти таклиф қилиниши ёки қилинмаслигини очиқ баён қилиши шарт.

Агар суғурта таклиф этилса, у мижоз учун ихтиёрий хизматми ёки кредит олишнинг мажбурий шарти экани, суғурта мукофоти қайси манба ҳисобидан тўланиши, суғурталовчи ташкилот кимлиги ҳамда банк бу жараёнда кредитор, суғурта агенти ёки техник воситачи сифатида иштирок этаётгани ҳақида маълумот берилиши лозим.

Шунингдек, кредит муддатидан олдин тўлиқ ёпилганда суғурта мукофотининг фойдаланилмаган қисми қайтарилиши ёки қайтарилмаслиги, қайтариш тартиби, зарур ҳужжатлар ва мурожаат қилиш усуллари ҳам тушунтирилиши керак.

Марказий банк банкларга суғурта мукофотини қайтариш жараёнида мавжуд муаммоларни яширмасликни тавсия қилди.

Агар амалиётда техник чекловлар ёки мижозлар учун ноқулайликлар мавжуд бўлса, банклар уларни бартараф этиш бўйича қандай чоралар кўрилаётгани ва бу ишлар қайси муддатда якунланиши ҳақида очиқ ахборот бериши лозим.

Аксинча, агар ижтимоий тармоқлардаги ҳолатлар муайян банк амалиётига тааллуқли бўлмаса, банк буни асосланган тарзда рад этиб, амалдаги тартибни содда ва тушунарли тилда изоҳлаши керак.

Марказий банк тижорат банкларидан мазкур топшириқ ижроси, эълон қилинган маълумотлар ва мижозларга берилган тушунтиришлар ҳақидаги ҳисоботни 2026-йил 16-июлга қадар тақдим этишни сўради.

Teglar

Mavzuga oid