Тошкент аэропортининг ёнилғи қуйиш мажмуасини хусусийлаштиришга 5 та инвестор қизиқиш билдирди
Мажмуани хусусийлаштириш бўйича очиқ савдоларнинг дастлабки босқичи якунланди.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaДавлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент шаҳри, Сирғали туманида жойлашган ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш учун замонавий ёнилғи қўйиш мажмуасининг очиқ савдо жараёнлари юзасидан маълумот берди.
Қайд этилишича, мажмуани хусусийлаштириш жараёнининг дастлабки босқичида бешта инвестор харидга қизиқиш билдирган.
Мажмуани сотиш бўйича дастлабки қизиқиш билдириш (Express of Interest — EoI) босқичи жорий йилнинг 22-сентябрида бошланиб, 23-октябрга қадар давом этди.
Ушбу йирик хусусийлаштириш жараёнини шаффоф ва халқаро стандартлар асосида ташкил этиш мақсадида «Ernst and Young» (EY) халқаро компанияси консалтинг хизматларини кўрсатувчи расмий маслаҳатчи сифатида жалб қилинган.
Дастлабки босқич доирасида консултант томонидан кенг қамровли маркетинг ва тарғибот ишлари олиб борилиб, инвестиция таклифлари салоҳиятли инвесторларга юборилди. Белгиланган муддат якунига келиб, жараёнда қатнашиш истагини билдирган бешта талабгордан тегишли аризалар қабул қилиб олинди.
Инвесторларга қўйиладиган талаблар ва санксиялар назорати
Энди «Ernst and Young» компанияси келиб тушган аризаларни қатор қатъий мезонлар асосида чуқур ўрганиб чиқади.
Бунда талабгорларнинг нафақат молиявий имкониятлари ва барқарорлиги, балки уларнинг жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш қонунчилиги талабларига қанчалик риоя қилиши текширилади.
Жараённинг энг муҳим шартларидан бири — инвесторлар Европа Иттифоқи, АҚШ ва бошқа халқаро молия институтларининг санкциялар рўйхатига киритилмаган бўлиши шарт.
Ушбу ўрганиш мезонларига тўлиқ жавоб берадиган талабгорларгина хусусийлаштириш жараёнининг кейинги — мажбуриятга эга таклифларни тақдим этиш (Binding Offer — BO) босқичига ўтказилади ва савдоларда иштирок этишни давом эттиради.
Давлат активларини бошқариш агентлиги консултант билан ҳамкорликда савдонинг ҳар бир босқичи бўйича жамоатчиликни очиқ ва мунтазам равишда хабардор қилиб боришини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Humo Air давлатга қайтарилиб, яна хусусийлаштирилиши ҳақида хабар берилганди.





