Logo

Сурхондарёдаги ўрмон хўжалигида ёнғин содир бўлди

Бойсун туманидаги «Хомкон» ўрмон бўлимида юз берган ёнғин қарийб бир сутка давом этди.

Сурхондарёдаги ўрмон хўжалигида ёнғин содир бўлди © dw.com

12 август куни Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги «Бойсун давлат ўрмон хўжалиги»га қарашли «Хомкон» ўрмон бўлими ҳудудида ёнғин содир бўлди. Ҳодиса «Чилонзор» маҳалласи ҳудудида қайд этилган. Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумотига кўра, соат 17:15 да 112 тизими орқали ёнғин ҳақида хабар келиб тушган.

Хабар олингач, воқеа жойига Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда «Бойсун давлат ўрмон хўжалиги»нинг куч ва воситалари йўналтирилган.

Ёнғинни бартараф этиш ишларига жами 309 киши ва 11 та махсус техника жалб қилинган. Улар орасида қутқарувчилар, ўрмон хўжалиги ходимлари ҳамда маҳаллий аҳоли вакиллари бўлган.

Кўнгиллилар ҳам жалб қилинди


Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан 194 нафар шахсий таркиб ва 8 та махсус техника ҳодиса жойига сафарбар қилинган. Ўрмон хўжалигидан эса 60 нафар ходим ва 3 та техника жалб этилган.

Шунингдек, ёнғинни ўчириш ишларида 55 нафар маҳаллий аҳоли вакили кўнгилли сифатида иштирок этган. Орадан бир сутка ўтиб, 13 август куни соат 17:30 да ёнғин тўлиқ бартараф этилган.

Бир гектар майдон зарарланган

Ҳодиса натижасида тахминан 1 гектар майдондаги қуруқ ўт ва шох-шаббалар ёниб кетган. Расмий маълумотга кўра, ёнғин оқибатида фуқароларнинг жароҳат олиш ёки ҳалок бўлиш ҳолатлари қайд этилмаган.

Айни пайтда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари аниқланмоқда.

Teglar

Mavzuga oid