Тадбиркорларга енгиллик: солиқ чегараси 5 бараварга оширилади

Bugun 19:112 daqiqa

Ўзбекистонда кичик бизнес учун умумий солиқ режимига ўтиш чегараси 5 млрд сўмга оширилади. ҚҚС соддалаштирилади ва солиқ текширувлари камайтирилади. Президент янги таклифларни маъқуллади.

Тадбиркорларга енгиллик: солиқ чегараси 5 бараварга оширилади © prezident.uz

Тошкентда кичик бизнес субъектлари ўсиши учун янада қулай иқтисодий ва маъмурий шароитлар яратишга қаратилган таклифлар кўриб чиқилди. Президент Шавкат Мирзиёев ушбу таклифлар тақдимоти билан танишди ва уларни маъқуллади. Бу ҳақда 2026 йил 26 май куни бўлиб ўтган тақдимотда маълум қилинди. Янги чора-тадбирлар 600 мингдан ортиқ кичик бизнес субъекти учун қонуний ўсиш имкониятини ошириши кутилмоқда. Шунингдек, солиқ базаси шаффофлашиши ҳисобига бюджетга йилига камида 2 триллион сўм қўшимча тушум тушиши прогноз қилинмоқда.

Тақдимотда билдирилган таклифга кўра, 2026 йил 1 июндан бошлаб кичик бизнес учун умумий солиқ режимига ўтишдаги чегаравий миқдор амалдаги 1 миллиард сўмдан 5 миллиард сўмга оширилади. Амалдаги 1 миллиард сўмлик чегара 2019 йилда белгиланган бўлиб, ўтган даврда нархлар сезиларли равишда ошгани сабабли, айрим тадбиркорлар ушбу чегарага яқинлашганда айланмани яшириш, чек бермаслик ёки бизнесни бир нечта субъектга бўлиш амалиётига ўтаётгани кузатилган.
Шунингдек, умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳалари учун қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) тўлашнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилиши ташаббуси илгари сурилди.

Унга кўра, тадбиркорлар ихтиёрий равишда 6 фоиз ставкада ҚҚС тўлаб, фойда солиғидан озод этилиши ёки амалдаги умумий тартибда ишлашни давом эттириши мумкин бўлади. Бу орқали кичик бизнес учун солиқ ҳисоблаш ва тўлаш жараёни соддалашиши, маъмурий юк камайиши ҳамда айланмаларни яшириш ва бизнесни сунъий бўлишга рағбат пасайиши кўзда тутилган.

Тадбирда ҚҚС маъмуриятчилигидаги мураккабликлар ҳам таҳлил қилинди. ҚҚСга ўтган тадбиркорларда ҳисоботлар сони 2 бараварга ошмоқда ва 2025 йилда ҳисоботларда хато аниқланган солиқ тўловчиларнинг 77 фоизи ҚҚС тўловчиларининг ҳиссасига тўғри келган.
Шу боис, қуйидаги тартибларни жорий этиш таклиф қилинди:

• Паст хавф даражасига эга тадбиркорлар учун ҚҚСнинг салбий фарқини автоматик қайтариш;
• ҚҚС тўловчиси гувоҳномасини вақтинча тўхтатиб туриш тартибини бекор қилиш;
• Импорт бўйича мажбурий ҚҚСга ўтиш амалиётини қайта кўриб чиқиш;
• Банк ҳисобрақамларини очиш жараёнини автоматлаштириш.

Маъмурий босимни камайтириш мақсадида тадбиркорга хатоларни мустақил тузатиш имкониятини бериш, солиқ хавфи 500 миллион сўмгача бўлган ҳолатларда солиқ аудити, 100 миллион сўмгача бўлганда эса сайёр солиқ текширувини ўтказмаслик тартибини жорий этиш таклиф этилди.

Умумий овқатланиш ва меҳмонхона хизматлари соҳасида ҳам бир қатор енгилликлар назарда тутилган. Жумладан, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини нақд шаклда реализация қилишга рухсат бериш, ҚҚСнинг бир қисмини қайтаришда нақд пулсиз тушум улушига доир талабни бекор қилиш ҳамда айрим ходимларни соддалаштирилган тарзда расмийлаштириш таклиф қилинди.

Давлат раҳбари ушбу таклифларни маъқуллаб, кичик бизнесга қулай ва адолатли шароит яратиш, солиқ маъмуриятчилигини соддалаштириш ҳамда рақамлаштириш орқали тадбиркорлар фаолиятини кенгайтиришга рағбатлантириш ва ишончини мустаҳкамлаш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

Teglar

Mavzuga oid