Талабалар маошининг 50 фоизини давлат қоплаб бериши мумкин
Талабага тўланган иш ҳақининг 50 фоизини субсидия сифатида қоплаш, божхона ва амортизация имтиёзлари бериш таклиф қилинмоқда.
© Ijtimoiy tarmoqlarЎзбекистонда талабаларни амалиётга олиб, уларга маош тўлаган корхоналар харажатининг 50 фоизи давлат томонидан қоплаб берилади. Шунингдек, бизнес вакилларига божхона ва амортизация бўйича имтиёзлар тақдим этилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевга олийгоҳлар ва корхоналар ҳамкорлигида дуал таълимни ташкил қилиш юзасидан қилинган тақдимотда маълум қилинди.
Тақдимотда айтилишича, иқтисодиёт тармоқларига иш жараёнини биладиган, замонавий кўникмаларга эга мутахассислар зарур бўлиб, бунинг учун назария ва амалиётни боғлашнинг янги иқтисодий механизмлари кўриб чиқилди.
Қайд этилишича, янги моделда талабаларни амалиётга қабул қилган, улар учун ўқиш шароитини яратган ва кейинчалик ишга жойлаган корхоналар иқтисодий рағбатлантирилади. Хусусан, талабага тўланган иш ҳақининг 50 фоизини субсидия сифатида қоплаш, божхона ва амортизация имтиёзлари бериш, шунингдек, 25 нафардан ортиқ талабани амалиётга олган корхоналарга давлат харидларида преференциялар (устунлик) қўллаш таклиф қилинмоқда.
Таъкидланишича, бундан уч ой аввал 10 нафар ректор Германияга дуал таълим тизимини ўрганиш учун юборилган эди (ушбу давлатда битирувчиларнинг 70-75 фоизи амалиёт ўтаган жойида ишлаб қолади).
Эндиликда ушбу ректорлар ҳудудлар ҳокимларига бириктирилиб, дуал таълим бўйича аниқ стратегия ишлаб чиқади. Асосий мақсад – 3 ва 4-босқич талабаларининг камида 80 фоизини, яъни 185 минг нафар ёшни дуал таълим билан қамраб олиш. Бу жараёнлар инсон омилини камайтирган ҳолда фақат рақамли платформа орқали амалга оширилади.