
Талабаларга иш топишда кўмаклашувчи «Карера» платформаси ишга туширилади
Янги электрон платформа сунъий интеллект орқали талабалар қобилиятини таҳлил қилиб, уларни мос иш ўринлари билан боғлаши режалаштирилган.

Ўзбекистонда 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб олий ва касбий таълим ташкилотлари талабалари ҳамда битирувчилари учун мўлжалланган «Карера» электрон платформаси ишга туширилади. Бу ҳақда президент фармони лойиҳасида белгиланган.
Платформа меҳнат бозорида талабалар, битирувчилар ва иш берувчилар ўртасидаги алоқани кучайтиришга қаратилган ягона онлайн майдон сифатида фаолият юритади.
Фармон лойиҳасига кўра, платформа таълим ва меҳнат бозори ўртасидаги узилишларни қисқартириш, ёшлар бандлигини ошириш ҳамда кадрлар тайёрлаш сифатини бозор талабларига яқинлаштиришга хизмат қилади.
Ақлли танлов тизими
«Карера» электрон платформасида сунъий интеллект технологиялари жорий этилади. Улар орқали талабалар ва битирувчиларнинг қобилияти, ўзлаштириш даражаси ва қизиқишлари таҳлил қилиниб, уларга энг мақбул вакант иш ўринлари таклиф қилинади.
Шу билан бирга, иш берувчиларга ҳам талаб ва эҳтиёжларига мос номзодлар автоматик тарзда тавсия этилади. Бу кадр танлаш жараёнини тезлаштириш ва инсон омили таъсирини камайтиришни кўзда тутади.
Платформа доирасида талабалар ва битирувчиларни иш берувчилар билан суҳбатга онлайн тайёрлаш, интервью жараёнларини рақамлаштириш ҳамда ишга жойлашиш босқичларини масофадан туриб бошқариш имкониятлари яратилади.
Кенг қамровли имконият
Фармон лойиҳасида қайд этилишича, «Карера» платформаси орқали 1,6 миллион нафар талаба ва битирувчи учун муносиб касб ва иш ўрни танлаш имконияти яратилади. Шунингдек, 50 мингдан ортиқ иш берувчи платформага интеграция қилиниши режалаштирилган.
Бу орқали мамлакатда меҳнат бозорининг очиқлиги оширилиб, иш берувчилар учун малакали кадрларни топиш, ёшлар учун эса барқарор ишга жойлашиш шароитлари яхшиланиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ талабалар ўртасида маҳалла бош режасини ишлаб чиқиш бўйича танлов эълон қилиниши ҳақида хабар берган эдик.





