Logo

Ташқи савдода 57 млрд доллар: Ўзбекистонга нималар кўпроқ импорт қилинди?

Bugun 15:273 daqiqa

Саккиз ойда импорт ҳажми экспортдан анча юқори ўсиб, улар  ўртасидаги фарқ 11,7 фоизга ошди. Ташқи савдонинг қарийб ярми Хитой, Россия ва Қозоғистон ҳисобига тўғри келмоқда.

Ташқи савдода 57 млрд доллар: Ўзбекистонга нималар кўпроқ импорт қилинди? © AP

Йилнинг январ-август ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 57,4 млрд долларни ташкил этди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.

Кўрсаткич 2025-йилнинг шу даврига нисбатан 4 млрд долларга, 2024-йилга нисбатан эса 14,5 млрд долларга кўп. Бунда импорт ҳажми экспортга қараганда тезроқ кўпайган. Натижада экспорт ва импорт ўртасидаги фарқ 11,7 млрд долларга етган.

Энг кўп саноат товарлари экспорт қилинди

2026 йилнинг январ-август ойларида Ўзбекистон экспорти 22,9 млрд долларни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,4 фоизга кам. Олтинни ҳисобга олмаганда, товарлар экспорти 11,5 млрд долларга етиб, бир йил ичида 28,7 фоизга ошган.

Экспорт таркибида товарлар улуши 62,6 фоизни ташкил қилган. Уларнинг ичида саноат товарлари энг катта йўналиш бўлиб, 3,4 млрд долларлик маҳсулот хорижга сотилган. Бу жами экспортнинг 14,7 фоизига тенг.

1

Жадвал Миллий статистика қўмитаси маълумотлари асосида тайёрланди


Кейинги ўринни 2,1 млрд долларлик қиймат (жами экспортнинг 9,1 фоизи) билан турли тайёр маҳсулотлари экспорти эгаллаган. Озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар ҳамда кимёвий маҳсулотлар экспорти ҳам қарийб 1,8 млрд доллар бўлган.

Импорт 35,7 фоизга ошди

Импорт ҳажми эса, аксинча, тезроқ ўсган. Август ҳолатида Ўзбекистон 34,5 млрд долларлик маҳсулот ва хизматларни импорт қилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 16,3 фоизга, 2024 йилнинг мос даврига нисбатан эса 35,7 фоизга ошган.

2

Жадвал Миллий статистика қўмитаси маълумотлари асосида тайёрланди

Импортдаги асосий маблағлар машина ва транспорт воситаларига йўналтирилган. Бу йўналишда 11,3 млрд долларлик маҳсулот олиб кирилган бўлиб, жами импортнинг қарийб учдан бир қисмини эгаллаган.

Саноат товарлари импорти 5,1 млрд доллар, кимёвий маҳсулотлар импорти эса 4,2 млрд доллар бўлган. Уларнинг улуши мос равишда 14,7 ва 12,1 фоизга тенг.

Озиқ-овқат маҳсулотлари импорти 3,7 млрд долларни, минерал ёқилғи ва мойлаш материаллари импорти эса 2,8 млрд долларни ташкил қилган.

Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкори

Ўзбекистон январь-август ойларида 200 дан ортиқ давлат билан савдо қилган. Аммо умумий 57,4 млрд долларлик ташқи савдонинг катта қисми бир нечта йирик мамлакатлар ҳисобига тўғри келмоқда.

Савдо ҳажми бўйича Хитой етакчилик қилмоқда. Хусусан, икки давлат ўртасидаги савдо баланси 13,2 млрд долларга етган. Бу Ўзбекистоннинг жами ташқи савдосининг қарийб чорак қисми, яъни 23 фоизи дегани. Ўтган ой билан таққослаганда, Хитой билан савдо ҳажми қарийб 1,9 млрд долларга ошган. Август ойида Хитойга экспорт 90 фоизга, импорт эса 10 фоизга кўпайган.

Россия билан савдо эса 9,2 млрд долларни ташкил этиб, умумий ҳажмнинг 16 фоизини эгаллаган.

Қозоғистон билан савдо ҳам 3,7 млрд долларга етган. Натижада фақат Хитой, Россия ва Қозоғистоннинг ўзи Ўзбекистон ташқи савдосининг 45,5 фоизини шакллантирган. Яъни ҳар 100 долларлик ташқи савдонинг қарийб 46 доллари шу уч давлат ҳисобига тўғри келади.

Экспорт ва импорт кўрсаткичлари қолган давлатлар кесимида қуйидагича тақсимланган:

3

Жадвал Миллий статистика қўмитаси маълумотлари асосида тайёрланди

Аввалроқ Марказий банк 2026-йилнинг ярмида амалга оширилган экспорт/импорт кўрсаткичларини эълон қилганди. Хусусан, экспорт 15,4 млрд долларни ташкил этиб, бир йилга нисбатан 8,6 фоизга камайган. Бунда олтинсиз товарлар экспорти 27 фоизга, хизматлар экспорти эса 45 фоизга ошган. Импорт эса 28,8 млрд долларга етиб, 24 фоизга кўпайган. Натижада ташқи савдо тақчиллиги 13,4 млрд долларга етган.

Teglar

Mavzuga oid