Катта иқтисодиёт — бой аҳоли дегани эмас: Аҳоли жон бошига даромад бўйича рейтингни кичик давлатлар бошқармоқда
2026 йилда жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 42 фоизи атиги икки давлат ҳиссасига тўғри келмоқда. Аммо гап мамлакат бойлигини аҳоли сонига тақсимлашга келганда, глобал рейтинг бутунлай бошқача тус олади.
© Ijtimoiy tarmoqlarДунёнинг энг йирик иқтисодиётига эга бўлиш ҳар доим ҳам аҳоли жон бошига энг юқори кўрсаткични англатмайди. Халқаро валюта жамғармасининг (ХВЖ) 2026 йилги баҳоларига кўра, АҚШ умумий ЯИМ бўйича биринчи, Лихтенштейн эса аҳоли жон бошига ЯИМ ҳисобида етакчи ўринни эгаллаб турибди.
«Visual Capitalist» нашри эълон қилган инфографикада дунёнинг энг йирик 25 иқтисодиёти аҳоли жон бошига ЯИМ энг юқори бўлган 25 мамлакат билан таққосланган. Таҳлил натижаларига кўра, ҳар икки рўйхатга бор-йўғи тўққизта давлат кирган. Бу эса мамлакат иқтисодиётининг умумий кўлами билан аҳоли турмуш даражасини баҳоловчи кўрсаткичлар ўртасидаги сезиларли фарқни яққол намоён этади.
АҚШ ва Хитой жаҳон иқтисодиётидаги етакчилигини сақлаб қолмоқда
ХВЖнинг 2026 йил октябр ойидаги «World Economic Outlook» ҳисоботига кўра, АҚШнинг номинал ялпи ички маҳсулоти 32,64 трлн долларга баҳоланган. Бу кўрсаткич билан мамлакат дунёнинг энг йирик иқтисодиёти мақомини сақлаб турибди.
Иккинчи ўринни 21,55 трлн долларлик ЯИМ билан Хитой эгаллаган. Икки давлат ўртасидаги тафовут 11,09 трлн долларни ташкил этади.
Германия 5,47 трлн доллар билан учинчи ўринда бормоқда. Кейинги поғоналардан Япония (4,34 трлн доллар), Буюк Британия (4,27 трлн доллар) ва Ҳиндистон (4,06 трлн доллар) жой олган. Кучли ўнликни Франция, Россия, Италия ва Бразилия якунлаб беради.
2026 йилда номинал ЯИМ ҳажми бўйича етакчи 10 та иқтисодиёт:
Ўрин | Мамлакат | ЯИМ ҳажми |
1 | АҚШ | 32,64 трлн доллар |
2 | Хитой | 21,55 трлн доллар |
3 | Германия | 5,47 трлн доллар |
4 | Япония | 4,34 трлн доллар |
5 | Буюк Британия | 4,27 трлн доллар |
6 | Ҳиндистон | 4,06 трлн доллар |
7 | Франция | 3,55 трлн доллар |
8 | Россия | 2,86 трлн доллар |
9 | Италия | 2,70 трлн доллар |
10 | Бразилия | 2,65 трлн доллар |
АҚШ ва Хитойнинг биргаликдаги ЯИМ ҳажми қарийб 54,2 трлн долларга етади. Бу ХВЖ томонидан 2026 йил учун ҳисобланган 128 трлн долларлик жаҳон ЯИМининг тахминан 42 фоизини ташкил этади.
Аҳоли жон бошига ҳисобда Лихтенштейн пешқадам
ЯИМ аҳоли сонига тақсимланганда, рейтинг манзараси бутунлай ўзгаради. Бу борада АҚШ ёки Хитой эмас, балки аҳолиси нисбатан кам бўлган Европа давлатлари юқори натижа қайд этмоқда.
2026 йилда Лихтенштейн аҳоли жон бошига 230 417 долларлик ЯИМ билан биринчи ўринда турибди. Люксембургда бу кўрсаткич 155 733 долларни, Ирландияда эса 127 837 долларни ташкил этади. Швейцария ва Норвегия ҳам аҳоли жон бошига 115 минг доллардан юқори натижа билан кучли бешликдан жой олган.
Аҳоли жон бошига ЯИМ бўйича дунёнинг етакчи 10 та иқтисодиёти:
Ўрин | Мамлакат | Аҳоли жон бошига ЯИМ |
1 | Лихтенштейн | 230 417 доллар |
2 | Люксембург | 155 733 доллар |
3 | Ирландия | 127 837 доллар |
4 | Швейцария | 124 минг доллар |
5 | Норвегия | 115 минг доллар |
6 | Сингапур | 109 минг доллар |
7 | Исландия | 107 минг доллар |
8 | АҚШ | 95 212 доллар |
9 | Дания | 83 минг доллар |
10 | Нидерландия | 79 минг доллар |
Бу рейтингда АҚШнинг ўрни алоҳида эътиборга молик: умумий иқтисодий ҳажм бўйича мутлақ етакчи бўлган мамлакат аҳоли жон бошига ҳисобда саккизинчи поғонада турибди. Дунёнинг иккинчи йирик иқтисодиёти саналган Хитой эса аҳоли жон бошига 15 371 долларлик кўрсаткич билан кучли 25 таликка ҳам кира олмаган.
Ҳиндистонда бу тафовут янада яққолроқ сезилади. Мамлакат умумий ЯИМ ҳажми бўйича олтинчи ўринда борса-да, аҳоли жон бошига 2 750 долларлик натижа билан 157-поғонани эгаллаган.
Нега кичик мамлакатлар йирик иқтисодиётлардан олдинда?
Аҳоли жон бошига ЯИМ рейтингида кичик давлатларнинг пешқадамлик қилиши бир қатор иқтисодий омилларга боғлиқ. Бунда аҳоли сони, ишлаб чиқариш таркиби, молиявий хизматлар, халқаро компаниялар фаолияти ва меҳнат бозорининг ўзига хосликлари ҳал қилувчи рол ўйнайди.
Масалан, Лихтенштейндаги 230 минг доллардан ортиқ кўрсаткични фақат маҳаллий аҳолининг шахсий даромадлари билан изоҳлаб бўлмайди. Халқаро валюта жамғармасининг 2025 йилги махсус тадқиқотида Лихтенштейнда ЯИМ ва ялпи миллий даромад ўртасида катта тафовут борлиги қайд этилган. Бунинг асосий сабабларидан бири — қўшни давлатлардан қатнаб ишловчи ходимлар улушининг юқорилигидир.
Лихтенштейннинг 2025 йил якунларига оид расмий статистикасига кўра, мамлакатда банд бўлган 43 275 нафар ходимнинг 57 фоизи қўшни давлатлардан — асосан Швейцария ва Австриядан — келиб ишлайди. Улар мамлакат ҳудудида маҳсулот ва хизматлар яратишга ҳисса қўшади, шу боис уларнинг меҳнати натижаси Лихтенштейн ЯИМида акс этади. Бироқ бу ходимлар доимий аҳоли саналмагани учун аҳоли жон бошига ЯИМни ҳисоблашда инобатга олинмайди. Айнан шу омил мамлакат кўрсаткичининг бу қадар юқори чиқишига сабаб бўлади.
Люксембургда ҳам шунга ўхшаш манзара кузатилади. Евростатнинг 2025 йилги маълумотларига кўра, мамлакатнинг аҳоли жон бошига ЯИМи харид қобилияти паритети бўйича Европа Иттифоқи ўртача кўрсаткичининг 239 фоизини ташкил этган. Евростат бу натижани Белгия, Франция ва Германиядан келиб ишловчилар сони кўплиги билан изоҳлайди.
Икки рейтингда фақат тўққизта иқтисодиёт бор
«Visual Capitalist» таққослаган 25 талик рўйхатлар орасида бор-йўғи тўққизта мамлакат ҳар икки рейтингга кирган: АҚШ, Германия, Буюк Британия, Канада, Австралия, Нидерландия, Швейцария, Белгия ва Исроил.
Бу натижа йирик иқтисодиётга эга бўлиш билан аҳоли жон бошига юқори кўрсаткичга эришиш бошқа-бошқа жараён эканини яна бир бор тасдиқлайди. Масалан, Германия умумий ЯИМ бўйича учинчи, аҳоли жон бошига ЯИМ бўйича эса 17-ўринда бормоқда. Канада бу рўйхатларда мос равишда 11 ва 23-поғоналарни эгаллаган. Швейцария эса умумий иқтисодий ҳажм бўйича 20-ўринда бўлса-да, аҳоли жон бошига кўрсаткичда тўртинчи поғонага кўтарилган.





