
Тобутда қайтаётган ўзбеклар
Хорижда ишлаётган миллионлаб ўзбекистонлик мигрантлар иқтисодиётга миллиардлаб доллар олиб кираётган бир пайтда, уларнинг ҳаёти ва хавфсизлиги жиддий муаммога айланмоқда. АҚШ, Россия ва Туркияда кузатилаётган фожиали ўлим ҳолатлари меҳнат миграцияси масаласи фақат иқтисодий эмас, балки ижтимоий ва миллий хавфсизликка дахлдор эканини кўрсатмоқда.
Расмий маълумотларга кўра, хорижда ишлаётган ўзбекистонлик қоракўз мигрантлар сони 2 миллионга яқинлашмоқда. Норасмий манбалар эса бу рақам аллақачон 3 миллиондан ошганини таъкидлайди. Хориждаги меҳнат мигрантларимиз бир йилда ватанга қарийб 19 миллиард доллар маблағ юборган. Натижада, 2025 йилда пул ўтказмалари ҳажми аввалги йилларга нисбатан 27 фоизга ошган.
Минглаб ўзбекистонликлар тирикчилик илинжида чет давлатларга йўл олади. Аммо сўнгги йилларда уларнинг пули ўрнига жасадининг келиши жуда ачинарли ҳолат.
Уларнинг айримлари бахтсиз ҳодисалар қурбони бўлса, бошқалари зўравонлик ёки оғир меҳнат шароити сабаб ҳаётдан кўз юммоқда. Куни кеча яна бир фожиали ҳолат жамоатчилик эътиборини мигрантлар хавфсизлиги масаласига қаратди.
11 ёшли қизалоқни мактаб автобуси уриб юборди
АҚШда оиласи билан яшаб келаётган ўзбекистонлик 11 ёшли Амира Аминова мактаб автобуси уриб кетиши оқибатида ҳалок бўлди. Ҳодиса тахминан соат 15:00 ларда, ўқувчилар мактабдан уйга қайтиб кетаётган пайтда содир бўлган.
Полиция маълумотларига кўра, Амира пиёдалар йўлаги орқали йўлни кесиб ўтаётган вақтда мактаб автобуси бурилиб, уни уриб юборган. Ҳодисага гувоҳ бўлган маҳалла аҳолиси тез ёрдам етиб келгунча қизалоқнинг ҳаётини сақлаб қолишга уринган, аммо бу уринишлар самара бермаган.
Қизалоқ боши ва танасидан оғир жароҳат олган ва тиббиёт муассасасига олиб борилганида вафот этган.
Автобус ҳайдовчиси — 62 ёшли Вава Аурелус пиёдаларга йўл бермаслик ва зарур эҳтиёткорликни кўрсатмасликда айбланмоқда. Қўшнилар Амира ҳақида илиқ сўзлар айтиб, унинг ўлими барчани чуқур қайғуга солганини таъкидлашмоқда. Маълум қилинишича, мазкур ҳолат бўйича 24 февраль куни суд мажлиси бўлиб ўтади.
Ўзбекистоннинг Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхонаси Бруклинда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 11 ёшли Амира Аминованинг вафот этганини тасдиқлади. Консулхона марҳуманинг онаси ва оиласи билан доимий алоқада экани ва зарур ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирган.
Браундаги отишманинг ўзбекистонлик қурбони
Бу каби фожиалар биринчи марта содир бўлаётгани йўқ. Сўнгги йилларда чет элда таҳсил олаётган ўзбекистонликлар хавфсизлиги ҳам долзарб муаммога айланмоқда.
2025 йил 13 декабрь куни АҚШдаги Браун университетида отишма содир бўлиб, икки нафар талаба ҳалок бўлган, етти киши жароҳат олган. Қурбонлар орасида Ўзбекистон фуқароси Муҳаммадазиз Умурзоқов ҳам бор эди. Фожиа пайтида унинг ота-онаси Умра зиёрати билан Саудия Арабистонида бўлган.
18 декабрь куни полиция асосий гумонланувчини ўлик ҳолда топди. Экспертиза хулосасига кўра, у ўз жонига қасд қилган.
Браун университети ва MITдаги отишмалар ортидан АҚШ президенти Дональд Трамп «грин карта» лотерея дастурини вақтинча тўхтатган эди.
Россиядаги мигрантлар: хавф тобора ортиб бормоқда
Россиядаги мигрантлар билан боғлиқ вазият бошқа давлатларга нисбатан анча жиддий. Бу ерда фақат иш топиш эмас, балки мамлакатга кириш, ўқиш ва яшаш масалалари ҳам кескин муҳокама қилинмоқда.
2024–2025 йилларда Россияда хорижликлар, жумладан мигрантлар иштирокида содир этилган жиноятлар сони ошгани қайд этилмоқда. Бу эса меҳнат муҳожирларини ижтимоий босим ва ксенофобия хавфи остида қолдирмоқда.
2025 йил 12 декабрь куни Россиянинг Хабаровск шаҳрида ОМОН ходимлари томонидан Ўзбекистон фуқаролари калтаклангани, улардан икки нафари комага тушиб, бири вафот этгани ҳақида маълумот тарқалди. Ўзбекистон ТИВ мазкур ҳолатни тасдиқлаб, Россия томонига нота юборилганини маълум қилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, «Миллий тикланиш» демократик партияси раиси Алишер Қодиров бу ҳолатга муносабат билдириб, қуйидагиларни айтган эди:
«Ишонинг, вазият ой сайин фақат ёмонлашади. Рус махсус хизматлари марказий осиёликларни Россияда кутилаётган нотинчликларнинг фаол иштирокчиси сифатида тахмин қилмоқда, шу сабабли улардан келадиган фойдадан аллақачон кечиб бўлинган. Ақлингизни ишлатинг, Россиядан тезроқ кетинг! Ҳеч қандай даромад ота-оналар ва фарзандларингизнинг кўз ёшига арзимайди».
2025 йил 28 февраль куни Санкт-Петербургдаги метро қурилишида яна бир 34 ёшли ўзбекистонлик мигрант экскаваторни таъмирлаш пайтида ҳалок бўлган.
Шунингдек, 2025 йил давомида Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград вилоятида камида олти нафар ўзбекистонлик ишчи турли баландликдан қулаб вафот этган. Бу — фақат очиқ манбаларда эълон қилинган ҳолатлар, холос.
Маълумотларга кўра, Россиядаги мигрантлар сони сўнгги бир йил ичида 10 фоизга қисқарган. 2026 йил бошига келиб мамлакатда 5,7 миллион нафар хорижий фуқаро бўлган, 2025 йил бошида эса бу кўрсаткич 6,3 миллион нафарни ташкил этган.
Туркиядаги ваҳший қотилликлар
Туркияга ишлаш ва яшаш мақсадида кетган ўзбекистонликлар орасида, айниқса аёллар билан боғлиқ ўлим ҳолатлари кўпаймоқда.
24 январь куни Истанбул шаҳрининг Шишли туманида чиқинди контейнеридан бошсиз аёл жасади топилди. Марҳума 37 ёшли Ўзбекистон фуқароси Ҳакимова Дурдона экани аниқланди. Тергов маълумотларига кўра, у бошқа ўзбекистонлик танишлари томонидан ўлдирилган. Жасад бўлаклаб, чамадонга солинган ҳолда чиқиндихонага ташланган. Гумонланувчилар қўлга олинган.
Марҳума сўнгги 7 йил давомида Истанбулда қонуний ишлаб келган, икки нафар фарзанди бўлган.
Бу воқеа мигрантлар муаммосининг энг даҳшатли қирраларидан бири бўлиб, фақат меҳнат хавфсизлиги эмас, балки шахслараро низолар ҳам оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигини кўрсатади.
2025 йил сентябрь ойида ҳам Истанбулнинг Фотиҳ туманида 36 ёшли Ўзбекистон фуқароси Зулайхо исмли аёл пичоқлаб ўлдирилган эди.
Хулоса
Бу каби фожеалар чет элга кетиш масаласи фақат иқтисодий эмас, балки ижтимоий ва миллий хавфсизлик даражасидаги муаммога айланганини кўрсатади. Меҳнат мигрантлари мамлакат иқтисодиётига миллиардлаб доллар маблағ олиб кираётган бир пайтда, уларнинг ҳуқуқий ҳимояси, хавфсизлиги ва ҳаётини асраш масаласи ҳам биринчи ўринда туриши керак.
Мутахассислар фикрича, асосий ечимлардан бири — мигрантлар кетишидан олдин мажбурий ҳуқуқий ва хавфсизлик тайёрлов дастурларини кучайтириш, дипломатик ваколатхоналар орқали тезкор ёрдам механизмларини кенгайтиришдир.
Чет элга ишлаш ёки ўқиш учун кетган ҳар бир фуқаро учун хавфсизлик масаласи даромад масаласидан кам бўлмаслиги шарт. Акс ҳолда, иқтисодий фойда ортида инсон ҳаёти билан боғлиқ йўқотишлар статистикаси ошиб боради.
Teglar






