Хитойнинг йирик лоукостери Ўзбекистонга авиапарвозларни йўлга қўйиши мумкин

Bugun 15:552 daqiqa

«Spring Airlines» ва Туризм қўмитаси Ўзбекистон ҳамда Хитой шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўйиш масаласини муҳокама қилди.

Хитойнинг йирик лоукостери Ўзбекистонга авиапарвозларни йўлга қўйиши мумкин © Turizm qo‘mitasi

Хитойнинг энг йирик хусусий арзон авиакомпанияларидан бири ҳисобланган «Spring Airlines» келгусида Ўзбекистонга авиақатновларни йўлга қўйиши мумкин. Бу ҳақда Хитойда ўтаётган ITB China халқаро сайёҳлик кўргазмаси доирасида Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов ва авиакомпания раҳбарияти ўртасида бўлиб ўтган учрашувда муҳокама қилинди.

Туризм қўмитаси маълумотига кўра, музокараларнинг асосий мавзуси Ўзбекистон ва Хитой шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни ташкил этиш ҳамда янги авиайўналишларни ишлаб чиқишдан иборат бўлган.

Томонлар авиақатновлар сонини ошириш орқали икки мамлакат ўртасидаги туристик алоқаларни янада фаоллаштириш имкониятларини кўриб чиққан.

Сайёҳлар оқимини ошириш режаси

Учрашув давомида Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини Хитой бозорида фаол тарғиб қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, хитойлик сайёҳлар орасида мамлакат имкониятларини кенг тарғиб қилишга қаратилган қўшма маркетинг лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, «Spring Travel» платформаси орқали Ўзбекистонни корпоратив мижозлар учун янги ва жозибадор туристик йўналиш сифатида таклиф қилиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди. Бу эса мамлакатга келувчи сайёҳлар сонини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Туризм қўмитаси компания билан ҳамкорлик Ўзбекистоннинг Хитой бозоридаги позицияларини мустаҳкамлаш ва янги туристик оқимларни жалб қилиш учун муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

130 дан ортиқ самолётга эга компания

2004 йилда ташкил этилган «Spring Airlines» Хитойнинг илк хусусий лоукостерларидан бири ҳисобланади. Компания бугунги кунда Airbus A320 оиласига мансуб 130 дан ортиқ самолётдан иборат паркни бошқаради.

Авиаташувчи Хитой ичида 190 дан ортиқ йўналишга хизмат кўрсатади ҳамда 50 дан зиёд халқаро рейсларни амалга оширади. Компаниянинг бизнес модели арзон авиачипталар таклиф қилишга асосланган бўлиб, у онлайн чипта сотуви, меҳмонхона бронь қилиш, трансфер ва виза хизматларини ҳам тақдим этади.

«Spring Airlines»нинг Ўзбекистон бозорига кириши икки мамлакат ўртасидаги ҳаво қатновларини кенгайтириши, рақобатни кучайтириши ва авиачипталар нархининг нисбатан арзонлашишига хизмат қилиши мумкин.

Teglar

Mavzuga oid