Logo

Тожикистон Роғун ва Норак ГЭСлари оралиғида яна бир ГЭС қурмоқчи

Bugun 11:353 daqiqa

Унинг қуввати 800 МВт бўлади. Лойиҳанинг дастлабки қиймати 2 млрд 247 млн доллар.

Тожикистон Роғун ва Норак ГЭСлари оралиғида яна бир ГЭС қурмоқчи © Tojikiston Energetika vazirligi

Вахш дарёсида, Роғун ва Норак ГЭСлари оралиғида янги гидроэлектростанция — «Хуталон» қурилади. Тожикистон энергетика ва сув ресурслари вазири Далер Жума 4-октябр куни «Хуталон» («Шуроб») ГЭСи қурилиши режалаштирилаётган ҳудудга борди. Бу ҳақда Тожикистон Энергетика ва сув ресурслари вазирлиги хабар берди.

Вазир бўлажак ГЭС тўғони, машина зали ва станциянинг бошқа асосий иншоотлари қурилиши режалаштирилаётган жойлар билан танишди. «Хуталон» ГЭСини Вахш дарёсида, Роғун ГЭСи (юқори оқимда) ва Норак ГЭСи (қуйи оқимда) оралиғида қуриш режалаштирилмоқда.

Дастлабки техник-иқтисодий асосларга кўра, станциянинг лойиҳавий қуввати 800 МВтни, ўртача йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми эса 2,5 миллиард kWhдан ортиқни ташкил этади.

Тожикистон Энергетика ва сув ресурслари вазирлиги маълумотларига кўра, «Хуталон» ГЭСида 6 та гидроагрегат ўрнатилади. Станция йилига ўртача 2,684 миллиард kWh электр энергия ишлаб чиқаради. Тўғоннинг баландлиги 76 метр, эни 234 метр бўлади. Машина зали узунлиги 225 метр, эни 45 метр ва баландлиги 60 метр бўлиши режалаштирилган. Сувнинг фойдали ҳажми 4 миллион куб метрни ташкил этади.
ГЭС қурилиши дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 72 ой давом этади. Лойиҳанинг қиймати эса 2 млрд 247 млн долларга баҳоланмоқда.

«Хуталон» лойиҳаси Тожикистондаги истиқболли гидроэнергетика лойиҳаларидан бири бўлиб, Вахш дарёсида қурилиши режалаштирилаётган ГЭСлар каскадининг бир қисми ҳисобланади.

Роғун ГЭС қурилишига бир пайтлар Каримов қарши чиққан

Тожикистон – Ўзбекистоннинг қўшниси. Марказий Осиёда жойлашган тоғли давлат. Илгари Ўзбекистон каби СССР таркибида бўлган бу мамлакат денгизга чиқиш имкониятига эга эмас. Ҳудудининг 93 фоизи тоғли бўлиб, фойдали қазилмалар захиралари мавжуд бўлса-да, уларни қазиб олиш ва ташиш катта харажат ва машаққат талаб қилади. Тожикистонда Марказий Осиёдаги барча сув ресурсларининг қарийб 60 фоизи ҳосил бўлишига қарамай, қишда бу ерда электр танқислиги кучаяди. Чекка ҳудудлар том маънода зулмат ичида қолади. Ана шу энергетик муаммоларни ҳал қилиш учун Тожикистон ҳукумати Роғун ГЭСини барпо этишга киришган.

Лойиҳа Тожикистон учун катта иқтисодий аҳамиятга эга, аммо бу улкан иншоот минтақадаги бошқа давлатлар, жумладан, ўзбекистонликлар учун хавфли саналади. Оролнинг қуриши, касалликлар, Ўзбекистоннинг Тожикистон билан чегара ҳудудида юзага келадиган улкан сув тошқинлари — буларнинг ҳаммасини биргина Тожикистоннинг Роғун ГЭСи келтириб чиқариши мумкин.

1991-йилдан кейин Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов Роғун ГЭС қурилишига қарши чиққан. У сейсмик жиҳатдан хавфли ҳудудда дунёдаги энг баланд тўғон пайдо бўлишидан хавотир билдирган.

2012-йил Қозоғистонга ташриф буюрган Ислом Каримов президент Нурсултон Назарбоев билан учрашувидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Тожикистондаги Роғун ва Қирғизистондаги Қамбарота ГЭСлари қурилиши борасида алоҳида тўхталган.

Қозоғистон матбуотининг ёзишича, Ислом Каримов Роғун ва Қамбарота гидростанциялари лойиҳалари устида халқаро текширув ўтказилиши зарурлигини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ молиялаштириш бўйича шубҳалардан сўнг Роғун ГЭС қурилиши яна тезлашгани ҳақида ёзган эдик.

Teglar

Mavzuga oid