Logo

Тошкентда автобусда йўл ҳақини тўламаганларга 147 мингга яқин баённома тузилди

Bugun 13:052 daqiqa

Пойтахт автобусларида ҳар куни ўртача 800 дан ортиқ йўловчи йўл ҳақини тўламаган. Уларнинг қарийб 90 фоизи 30 ёшгача бўлган йўловчиларга тўғри келади.

Тошкентда автобусда йўл ҳақини тўламаганларга 147 мингга яқин баённома тузилди © Ijtimoiy tarmoqlar

Тошкент шаҳрида жамоат транспортида йўл ҳақини тўламаслик ҳолатларининг олдини олиш учун назорат-рейд тадбирлари кучайтирилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги маълум қилди.

2026-йилнинг 1-январидан 9-ноябрига қадар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 144-моддаси бўйича жами 146 минг 537 та маъмурий баённома расмийлаштирилган. Шундан 138 минг 780 таси январ-октябр ойларига, 7 минг 757 таси эса ноябр ойининг дастлабки тўққиз кунига тўғри келади.

Пойтахт транспорт бош бошқармаси маълумотларига кўра, биргина октябр ойида йўл ҳақини тўламаслик билан боғлиқ 25 минг 596 та ҳолат қайд этилган. Бу январ-октябр ойларидаги жами баённомаларнинг 18,4 фоизига тенг. Ноябр ойининг дастлабки тўққиз кунида эса кунлик ўртача қоидабузарликлар сони 862 тани ташкил қилган.

Ҳозирда Тошкент шаҳар йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш давлат муассасаси инспекторлари автобусларда йўл ҳақи тўланганини текширмоқда. Тўлов қилмаган йўловчилар аниқланса, уларга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилади.

Қоидабузарларнинг аксарияти ёшлар

Расмийлаштирилган баённомаларнинг 97 минг 747 таси ёки 70,4 фоизи 18–30 ёшдаги йўловчиларга нисбатан тузилган. Яна 30 минг 533 та баённома 16–17 ёшдаги шахсларга тўғри келади.

Шу тариқа, 16–30 ёшдаги йўловчиларга нисбатан тузилган баённомалар жами ҳолатларнинг 92,4 фоизини ташкил этган.

Жинслар кесимида эса маъмурий баённомаларнинг 105 минг 272 таси ёки 75,9 фоизи эркакларга, 33 минг 508 таси ёки 24,1 фоизи аёлларга нисбатан расмийлаштирилган.

Транспорт вазирлиги йўловчиларни жамоат транспортида юриш қоидаларига амал қилишга ва йўл ҳақини белгиланган тартибда тўлашга чақирди.

Эслатиб ўтамиз, 2026-йил 1-сентябрдан брутто-шартнома асосида ишлаётган барча шаҳар автобусларида йўл ҳақини автобусга чиқиш биланоқ тўлаш тартиби жорий этилганди. Шундан сўнг пойтахтда тўлов интизомини назорат қилиш бўйича рейдлар кучайтирилган. Сентябр ойининг дастлабки саккиз кунида 4 минг 696 йўловчига нисбатан баённома расмийлаштирилган.

Teglar

Mavzuga oid