Logo

Роналдунинг сурати 50 евролик банкнотга туширилиши мумкин

Bugun 10:252 daqiqa

Ушбу норасмий ташаббус футболчининг мамлакат халқаро нуфузини оширишдаги хизматларини эътироф этишга қаратилган, бироқ Европа Марказий банкининг қатъий қоидалари бу ғояни амалга оширишни қийинлаштириши мумкин.

Роналдунинг сурати 50 евролик банкнотга туширилиши мумкин © Ijtimoiy tarmoqlar

Португалиялик бир қатор сиёсатчилар беш карра «Олтин тўп» соҳиби Криштиану Роналдунинг суратини 50 евро номиналдаги миллий банкнотга жойлаштириш ташаббуси билан чиқди. Мазкур таклиф футболчининг мамлакат халқаро нуфузини оширишга қўшган улкан ҳиссасини эътироф этиш мақсадида илгари сурилган.

Ҳозирча ушбу ғоя норасмий мақомга эга. Хабарларда таклифни илгари сурган муаллифларнинг исмлари аниқ кўрсатилмаган, шунингдек, Португалия давлат идоралари ва Европа Марказий банки («ЕЦБ») хотира купюрасини чиқариш режаларини ҳозирча тасдиқламаган.

Евроҳудуднинг қатъий регламенти мазкур ғояни амалга оширишдаги асосий тўсиқ ҳисобланади. Қоидаларга кўра, алоҳида давлатлар евро дизайнини мустақил равишда ўзгартириш ҳуқуқига эга эмас, барча қарорлар «ЕЦБ» томонидан марказлаштирилган ҳолда қабул қилинади. Ҳозирги вақтда регулятор Европа маданияти ва табиатига оид янги банкнотлар дизайни концепцияларини кўриб чиқмоқда. Янги дизайнларнинг якуний тасдиғи 2026 йил охирида қабул қилиниши кутилмоқда.

Олдинги миш-мишлар ва футболчининг рекордлари

Аввалроқ, 2025 йилнинг декабрь ойида Португалия банки ҳужумчи шарафига гипотетик 7 евролик банкнот чиқарилиши ҳақида тарқалган вирусли миш-мишларни расман рад этган эди.
Бюрократик қоидалар сабабли банкнот чиқариш эҳтимоли паст бўлса-да, мазкур ташаббус Роналдунинг Португалия маданияти ва тарихидаги миллий мақомини кўрсатади.

Ҳужумчи 23 йиллик халқаро фаолияти давомида терма жамоа сафида ўтказилган ўйинлар (234 та) ва урилган голлар (146 та) сони бўйича жаҳон рекордини ўрнатган.

Шунингдек, у терма жамоани «Евро-2016» мусобақасидаги тарихий ғалабага етаклаган эди.

Teglar

Mavzuga oid