Туркманистон Эрон самолётига ўз ҳудудидан учиб ўтишга рухсат бермади
Теҳрон–Душанбе рейси Туркманистон ҳаво ҳудудидан ўтишга рухсат берилмагани сабабли орқага қайтди.

Эроннинг Теҳрондан Душанбе шаҳрига йўл олган йўловчи самолёти Туркманистон ҳаво ҳудудидан учиб ўтишга рухсат берилмагани сабабли Теҳронга қайтди. Бу ҳақда Эрон Фуқаро авиацияси ташкилоти маълум қилди.
Унга кўра, Туркманистон Эрон авиакомпанияларига ўз ҳаво ҳудудидан транзит парвозни амалга ошириш учун рухсат бермаган. Шу сабабли Теҳрон–Душанбе рейси белгиланган манзилга етиб бормасдан, Имом Ҳумайний халқаро аэропортига қайтган.
Эрон Фуқаро авиацияси ташкилоти матбуот котиби Мажид Ахавоннинг билдиришича, Туркманистон томонидан рухсат берилмагани сабабли самолёт ўз йўналишини давом эттира олмаган.
Ҳодиса 24 сентябр куни содир бўлган. Рейс Эроннинг Varesh Airlines авиакомпанияси томонидан амалга оширилгани хабар қилинди.
Кейинчалик Душанбе йўналишидаги парвозлар Туркманистон ҳаво ҳудудини четлаб ўтиш имконияти билан боғлиқ вариантлар орқали амалга оширилиши айтилган.
Туркманистон томонидан ушбу ҳолат бўйича ҳозирча алоҳида расмий изоҳ эълон қилинмаган.
Воқеа Эрон авиакомпанияларининг минтақадаги парвозлари бўйича чекловлар кучайган даврга тўғри келмоқда. 24 сентябрдан Бирлашган Араб Амирликлари Эрон авиакомпаниялари томонидан амалга ошириладиган барча парвозларни мамлакатга кириш ва чиқиш бўйича тўхтатган. Бунга АҚШнинг Эрон авиация соҳасига нисбатан санкциялари асос қилиб кўрсатилган.
Эрон томонининг маълум қилишича, айрим давлатлар билан парвозларга қўйилган чекловларни бекор қилиш бўйича дипломатик ва авиация соҳасида музокаралар олиб борилмоқда.


