Ўзбекистон ва Ўмон мунтазам авиақатновлар сонини оширмоқчи
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон – Ўмон бизнес форумида иштирок этди. Тадбирда 5 миллиард долларлик инвестиция портфели шакллантирилиб, ўзаро савдо ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш мақсадлари ҳақида сўз борди.
© Foto: jetphotos.comЎзбекистон ва Ўмон Султонлиги умумий қиймати 5 миллиард долларга тенг бўлган аниқ инвестиция лойиҳалари портфелини шакллантирди. Шунингдек, яқин истиқболда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш мақсад қилиб олинди. Бу ҳақда 17 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон – Ўмон бизнес форумининг очилиш маросимида маълум қилди.
Тадбирда Ўмон Султонлиги Бош вазири ўринбосари Зеязин бин Ҳайсам Ол Саид, ҳукумат аъзолари, етакчи компаниялар ҳамда молия институтлари вакиллари иштирок этди. Давлат раҳбари ўз нутқида асосий эътибор келишувларнинг сонига эмас, балки уларнинг аниқ амалий натижасига қаратилишини алоҳида таъкидлади.
Форум давомида иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришнинг бешта асосий йўналиши белгилаб берилди. Улар саноат кооперацияси, транспорт ва логистика, замонавий шаҳарсозлик ва туризм, минерал ресурсларни ўзлаштириш ҳамда молия ва рақамли технологиялар соҳаларидан иборат.
Хусусан, саноат тармоғида Ўмон компаниялари билан ҳамкорликда кабель ва трансформатор маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда уларни қўшни давлатларга экспорт қилиш бўйича келишувларга эришилган. Бундан ташқари, кимё саноати, геология-қидирув ишлари ва минерал ресурсларни чуқур қайта ишлаш соҳаларида ҳам қўшма инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилган.
Замонавий шаҳарсозлик йўналишида Ўмон инвесторлари «Янги Тошкент» лойиҳасида иштирок этади. Ушбу янги шаҳар ҳудудида икки халқ дўстлиги рамзи сифатида «Масқат» мавзесини барпо этиш режалаштирилган.
Молия ва рақамли технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик доирасида эса сунъий йўлдошларни учириш бўйича қўшма корхона ташкил этиш устида иш олиб борилмоқда.
Тадбирда Ўмоннинг денгиз портлари ва Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги стратегик имкониятларини ўзаро бирлаштириш зарурлиги қайд этилди.
Шу мақсадда Ўмоннинг Соҳар шаҳрида логистика инфратузилмасини барпо этиш, ягона савдо-логистика платформасини шакллантириш, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги авиақатновларни кўпайтириб, юк ташиш рейсларини йўлга қўйиш таклиф қилинди.
Президент Шавкат Мирзиёев ўмонлик ишбилармонларни Ўзбекистондаги лойиҳаларда фаол иштирок этишга чақириб, улар учун қулай ва ишончли муҳит яратилишини, қўшма ташаббусларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. Ўз навбатида, ўзбекистонлик тадбиркорлар ҳам кенг имкониятлар яратилган Ўмон бозорига фаол кириб боришга даъват этилди.





